Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:29

Жаҳон уруши қурбонлари хотирланди


Гданскда бўлиб ўтган хотира маросимида Европанинг аксар ҳукумат бошлиқлари иштирок этди.
Гданскда бўлиб ўтган хотира маросимида Европанинг аксар ҳукумат бошлиқлари иштирок этди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганининг 70 йиллигига бағишлаб Полшанинг Гданск шаҳрида эрта тонгда бошланган хотира тадбирида Полша ҳукумати аъзолари ва хориждан келган юқори мартабали расмийлар иштирок этдилар.

Бундан роппа-росса 70 йил муқаддам немис қўшинлари эрта тонгда Гданск шаҳри яқинидаги ҳарбий постларни ўққа тутган эди.

Хотира тадбирида иштирок этган Полша Бош вазири Доналд Туск 2- жаҳон урушида қурбон бўлган аскарлар руҳига ҳурмат бажо келтирди:

- Бугун биз бу ерга мазкур урушни бошлаганлар ва жаллодликни амалга оширганларни эслаш ва ушбу агрессия қурбони бўлганларни хотирлаш мақсадида тўпландик, деди Полша Бош вазири.

Ўшанда Германия қўшинлари Вестерплайт портини ҳимоя қилаётган полшалик 182 нафар ҳарбийнинг бир неча соат ичида таслим бўлишини кутган эди. Бироқ полшалик ҳарбийлар етти кун давомида 3000 кишилик немис қўшинларига шиддатли қаршилик кўрсатган. Шу куннинг ўзида немис қўшинлари шарқ, ғарб ва жанубдан Полша ҳудудига бостириб кирган эди.

2- жаҳон уруши бошланганининг 70 йиллигини нишонлашга тараддуд кўрилаётган бир паллада Совет иттифоқининг мазкур урушда тутган роли атрофида қизғин баҳс бормоқда.

Ғарб тарихчиларнинг таъкидича, нацистлар Германияси ва Совет иттифоқи томонидан имзоланган махфий шартнома немис қўшинларига Полша ҳудудига бостириб киришга йўл очиб берган.

Германия қўшинлари Полшага ҳужум қилганидан икки ҳафта ўтиб¸ ўша пайтда имзоланган Молотов-Риббентроп пактига мувофиқ¸ Совет қўшинлари Полшанинг шарқий қисмини босиб олган эди.

Сешанба кунги хотира тадбирида чиқиш қилган Полша президенти Лех Качинский пакт имзоланишини “орқадан урилган пичоқ”, дея атади:

- Молотов-Риббентроп пактига мувофиқ бу зарба болшевиклар Россияси томонидан берилган, деди Лех Качинский.

Полша ва айрим Ғарб давлатларининг Молотов-Риббентроп пактига бундай ёндашуви Россия ғазабига сабаб бўлаётир.

Душанба куни Россия нашрларига интервью берган Бош вазир Владимир Путин Молотов-Риббентроп пактини “ахлоққа зид” пакт дея атади. Путин фикрича, Ғарб давлатлари Германия билан алоҳида шартнома имзолагандан сўнг урушнинг олдини олиш учун Москва ихтиëрида ушбу пактни имзолашдан бошқа чора қолмаган.

-1938 йилги Мюнхен пакти фашизмга қарши бирлашган фронт яратиш умидларини пучга чиқарган эди, дея қўшимча қилди Владимир Путин.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса нацистлар Германияси ва Сталин СССРининг 2-жаҳон уруши бошланишида тутган ролини тенглаштиришга оид ЕХҲТ Парламентлараро ассамблеяси резолюциясини кескин танқид қилди.

- Совуқ уруш даврида ҳам ҳеч ким нацистлар режими ва Сталин диктаторлигини тенглаштирмаган. Миллатларни қул қилиш ва уларнинг йўқ қилинишни назарда тутган нацистлар таҳдиди ва Гитлер Германиясининг ҳарбий машинасига қарши чиққан ва уни мағлуб этган Совет иттифоқи сиёсатини тенглаштириш шу вақтгача ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди, деди Сергей Лавров.

Якшанба куни чиқиш қилган Россия президенти Дмитрий Медведев ўз навбатида 2-жаҳон уруши чоғида биргина Совет иттифоқи Европани қутқариб қолганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG