Линклар

Ичаëтган дорингиз аслми¸ қалбаки?


Исталган дорини рецептсиз сотиб олиш мумкин Ўзбекистон аптекаларидаги қайси дорининг асл¸ қайсисининг эса қалбакилигини аниқлаш анча мушкул ишга айланган.

Исталган дорини рецептсиз сотиб олиш мумкин Ўзбекистон аптекаларидаги қайси дорининг асл¸ қайсисининг эса қалбакилигини аниқлаш анча мушкул ишга айланган.

Ўзбекистонда қалбаки дори ишлаб чиқарган¸уни сотган ва сақлаганларга нисбатан жазо кескинлашди. Аммо мутахассислар бундай чоранинг муаммога ечим топа олишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Қалбаки дорилар муаммоси Ўзбекистонда долзарб бўлиб қолаётгани ҳақида аввал ҳам гаплашган эдик. Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олий мажлис сенати қалбаки дориларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартишларни маъқуллади ва айни воқеа мавзуга қайтишимизга туртки бўлди.

Сенат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ва маъмурий жавобгарлик кодексига киритган ўзгартишларга кўра, қалбаки дориларни сотиш мақсадида ишлаб чиқарган, сотиб олган, сақлаганларга нисбатан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси қўлланиши ва шунингдек¸ энг кам иш ҳаққининг 300 миқдоригача бўлган жарима солиниши мумкин.

Қозоғистонлик фармокология фанлари доктори, профессор Талгат Нургожинга кўра, қалбаки дорилар муаммоси нафақат Ўзбекистон учун, балки собиқ иттифоқнинг аксар давлатлари учун ҳамон кўндаланг қолаётган масаладир.

Ўзбекистон қабул қилган янги қонунлар эса, бу мамлакатда мазкур муаммонинг қанчалик жиддий эканини кўрсатади.

- Албатта, бу муаммо нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Масалан, Россияда ўтган йили қалбаки дори воситаларидан беморларнинг нобуд бўлиш ҳоллари рўй берди. Жорий йилда қўлбола доридан икки беморнинг вафот этгани катта жанжалга сабаб бўлди ва фармацевтика ширкатлари судга тортилди.

Ўзбекистонда бундай жиноятлар учун жавобгарликнинг кучаяётгани у ерда вазият жиддийлашаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин бундай чоралар, яъни узоқ муддатли қамоқ жазосининг жорий этилиши билан, менимча, вазиятни тубдан ўзгартириб бўлмайди. Бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимидаги фармокология соҳасини назорат қилувчи идораларни ислоҳ қилиш керак. Чунки бугун собиқ иттифоқ давлатларида сотиладиган дори воситаларининг 30-40 фоизи қалбаки дорилардан иборатдир, дейди Ўзбекистон фармокология соҳасини тадқиқ қилган профессор.

Ўзбекистонда фармокология бозоридаги тартиб-қоидалар “Дори воситалари ва фармацевтик фаолият” тўғрисидаги қонунга кўра белгиланади.

Мазкур қонун 1997 йилда қабул қилинган, лекин унинг амалда тадбиқ этилишидаги камчиликлар қалбаки дорилар, дори воситаларининг бозорларда сотилиши каби муаммолар ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда, дейди профессор Нургожин.

- Давлат дори воситалари бозорини яхшироқ назорат қилиши лозим. Масалан, Ғарб давлатларида бундай ҳоллар бугун умуман учрамайди. Нега? Чунки, у ерда фармацевтик ширкатми, ё оддий дорихонами ҳар қандай қонунбузарлик учун лицензиясидан маҳрум этилиши муқаррардир.

Биздачи? Бизда қонунлар ишламаслиги ва дори воситалари сифатини назорат қилувчи механизмларнинг йўқлиги боис шунча йиллардан бери бу муаммонинг ечими ҳам топилгани йўқ, дейди фармоколог олим.

Ўзбекистонда қалбаки дорилар бозори¸ айниқса¸ кейинги йилларда ривожланди, дейди исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик шифокорлардан бири. Вазият шундай тус олдики, беморларга ёзиб берилган дорилар умуман кор қилмаяпти, дейди суҳбатдошимиз.

- Масалан¸ йўталга қарши чиқарилган бир нечта дориларни биламиз. Тавсия этамиз¸ лекин бирор бир эффект кўрмаймиз. Беморларга тавсия этамиз¸ аммо бири бўлмаса иккинчисининг таъсири йўқ¸ дейди ўз исми ошкор қилинишини истамаган ўзбекистонлик шифокор.

Шифокорнинг айтишича, бугун хусусий дорихоналарнинг кўпайгани ва уларнинг асосий мақсади беморларга ёрдам бериш эмас, мўмай даромад топиш бўлиб қолгани¸ қўлбола дорилар билан боғлиқ вазиятни янада кескинлаштирмоқда.

- Ҳозир аптекачиларнинг асосий мақсади пул ишлаш. Дори беморга ëрдам берадими ëки йўқми бу уларни қизиқтирмайди. Любой одам кириб "Фалон дорини беринг" деса¸ бераверади. Аптекачилар ҳозир фақат пулга ишлайдиган бўлиб қолган. Улар доктор тавсия қилмаган дорини ҳам тавсия қилаверади. "Йўталим бор¸ иситмам чиқаяпти" деса¸ "фалон дорини олинг¸ мана бу антибиотикни олинг" деб бераверади. Аптекачиларда касалнинг кейинги аҳволи учун жавобгарлик деган нарса йўқ. Хусусий аптекалар кўп бўлгани учун текширувчи битта-иккитасини текшириши мумкин. Қолганини текшира олмайдида. Улар эса қалбаки дориларни сотишаверади, дейди ўзбекистонлик шифокор.

Фарғоналик суҳбатдошимиз Абдулазиз бетоб бўлиб қолган ўғлига дори сотиб олиб, чув тушганлардан бири. Аптекадан қиммат антибиотикни сотиб олиб, ҳозирча унинг самарасини кўрганимиз йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

- "От кашля" деган дори бўларди. Ўшандан олиб келгин дейишди. Антибиотик олдим. Лекин унинг самарасини ҳали сезганимиз йўқ, дейди Абдулазиз.

Тошкентдаги аптекалардан бирининг ўзини Артур деб таништирган ходимига кўра, қалбаки дорилар муаммосига бугунги кунда дори воситаларининг қимматлашиши ҳам ҳисса қўшмоқда. Шамоллаш ёки шунга ўхшаш оддий касалликларни даволаш учун ишлатиладиган дориларнинг нархи шу даражага етганки, кўп ҳолларда дори олишга қурби етмаган беморлар, дорилар одатда арзонроқ сотиладиган бозорга югуради, дорининг қалбаки экани эса, бемор учун иккинчи масала, дейди аптекачи.

- Улар нархи арзонроқ, деб бозордан дори олишни маъқул кўради. У ерда эса, аксар ҳолларда уларга қалбаки дорини тутқазиб қўйишади. Бу дориларни кўринишидан аслидан ажратиш қийин. Масалан, мен бу соҳада кўп йиллардан бери ишлаётганим учун дори аслми ё қалбакими ажрата олишим мумкин. Ҳозир қўлбола дори чиқарадиганлар ҳам уста бўлиб кетган. Улар қимматбаҳо дорининг қутисига арзон дорини ёки бўрдан ясалган таблеткаларни солиб сотишади. Бу дорилар зарар қилмаслиги мумкин, албатта, лекин уларнинг даво бўлмаслиги ҳам аниқ, дейди ўзини Артур деб таништирган Тошкентдаги аптекалардан бирининг ходими.

Лекин, дейди аптекачи суҳбатдошимиз, лицензияси бўлган дорихоналарда ҳам ҳар доим қалбаки дори сотиб ололмайсиз. Шу сабабдан, деб масалаҳт беради мутахассис...

- Агар аптекадан дори олганингизда сизга чекини беришса, ҳаммаси жойида, демак, асл дорини сотиб олганингизга ишонсангиз бўлади. Агар сотувчи сизга чекини бермаса, демак бу ерда шубҳага ўрин бор ва бу дорини сотиб олишни маслаҳат бермаган бўлардим, дейди аптекачи.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги фармокология қўмитаси ходимларидан бирининг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, ўтган йили мамлакатдаги аптекалар фаолияти текширилганда, уларнинг учдан бир қисмида қалбаки ва сифатсиз дорилар сотилгани аниқланган.

Артур ҳам, қалбаки дориларни сотгани фош бўлган дорихоналар тез-тез учраб туриши, лекин кўп ҳолларда улар жарима билан қутилишини айтади.

- Бунақа воқеалар бўлиб туради. Қамашмайдию, лекин катта жарималар солинади. Жиддий ҳолларда қамаши мумкин. Масалан, бир неча йил аввал бир аптекачи ўзи тайёрлаган қандайдир дорини сотганда¸ уни ичган беморлардан бири нобуд бўлган эди. Ўшанда у икки йил ўтириб чиққан эди, дейди Артур.

Сенат ўзгартиш киритган Ўзбекистон жиноят кодексининг 187 моддаси истеъмолчиларни алдаш билан боғлиқ жиноятларга нисбатан жазони кўзда тутади.

Айтиб ўтганимиздек, янги ўзгартишлар қалбаки дориларни ишлаб чиқарганларни 7 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ муддатига жазолашни кўзда тутади.

Қонун ўзгаргунга қадар, бу жиноятлар беш йилгача бўлган қамоқ билан жазоланган.

Тошкентлик аптекачи Артур қалбаки дорилар бозори жуда сердаромад бизнесдир ва унинг учун жазо кучайгани билан вазиятнинг ўзгаришига ишониш қийин, дейди.

- Йўқ, вазият ўзгаради, деб ўйламайман. Чунки қалбаки дориларни сотишдан жуда кўпчилик даромад кўради. Бу бизнесга жуда кўпчилик аралашган, у олиб сотарлардан тортиб, аптека хўжайинларига катта фойда келтиради, дейди аптекачи Артур.

Қозоғистонлик фармоколог профессор Талгат Нургожин ҳам жазони кучайтириш билан вазиятни ўзгартириш қийин дейди. Бунинг учун биринчидан, Ғарб давлатларида самараси синалган тажрибадан ўрганиб, фармокология соҳасини назорат қилиш тизимини ислоҳ қилиш, иккинчидан¸ одамларнинг ўз саломатлигига нисбатан масъулиятини ошириш керак.

- Жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонуннинг қабул қилингани қалбаки дориларнинг сотувга чиқишида қандайдир тўсиқ бўлиши мумкиндир. Лекин бу вазиятнинг тубдан ўзгаришига олиб келмайди.

Масалан¸ наркотиклар таъқиқлангани билан наркоманлар камайиб қолмаётганини биламиз. Аксинча¸ наркотиклар истеъмоли йилдан йилга ошиб бормоқда. Одамларни қамаш билан қўрқитиш ҳам аксил натижа бериши мумкинлигини эътиборга олишимиз лозим. Чунки бу каби қонунлар, айниқса Ўзбекистон каби мамлакатда асл дорилар нархининг қимматлашишига олиб келишини тахмин қилиш мумкин. Оқибатда истеъмолчи яна арзон дориларни қидира бошлайди. Бу соҳада самарага эришиш учун, Ғарб давлатларидаги каби, қонунни бузган ширкат ёки аптекаларни кўп йилларга лицензиясидан маҳрум қилиш керак, катта-катта жарималар солиш керак. Уларни қамоқ билан эмас, иқтисодий чоралар билан жазолаш керак.

Бошқа томондан одамларнинг ҳам ўз саломатлигига нисбатан муносабатини ўзгартириш керак. Ўзбеклар айтмоқчи¸ туман бойлик бўлган саломатликнинг 90 фоизи ўзларига боғлиқлигини тушунтириш керак, дейди профессор Талгат Нургожин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG