Линклар

Қирғизча "зарбдор икки йиллик"


Мамлакатда туб ислоҳотлар ўтказиш режаси ҳақида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 1 сентябр куни қирғиз парламентида қилган чиқиши чоғида эълон қилди.

Мамлакатда туб ислоҳотлар ўтказиш режаси ҳақида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 1 сентябр куни қирғиз парламентида қилган чиқиши чоғида эълон қилди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев икки йил ичида мамлакатни иқтисоди барқарор ривожланадиган, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган ҳуқуқий ўлкага айлантиришга кафолат берди.

Қурмонбек Бакиев Қирғизистон иқтисодида, сиёсатида ва инсон ҳуқуқлари масаласида сезиларли силжишлар бўлиши учун энг аввало совет давридан қолган бошқарув системасини синдириш лозим, деб ҳисоблайди.

- Бу бошқарув тизими ислоҳ қилинмас экан, мамлакатимизда ижобий ўзгаришлар бўлишини умид қилмаса ҳам бўлади, деди Бакиев.

Президентнинг айтишича, раҳбар кадрлар системанинг бир мурватига айланиб қолмаслиги учун бошқарув тизими доимий тарзда халқ назоратида бўлиши, ҳукумат амалдорлари эса қатъиян қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда фаолият юритмоғи зарур.

- Президент институти қошида Олий Қурултой ва Президент кенгаши ташкил этилади. Қирғизистон Олий Қурултойи президент ҳузуридаги маслаҳатчи орган бўлиб, у ўлкамиздаги вилоятлар, конфессиялар ва миллий-маданий жамоатчилик вакилларидан ташкил топади. Президент Кенгаши эса турли манфаатларга эга бўлган қатламлар – ёшлар, ишбилармонлар, ёлланма ишчилар, аграр ва ишлаб чиқариш комплекси ва бошқаларнинг давомий диалоги ҳамда ўзаро алоқаларининг майдончаси бўлиб қолади, деди президент Бакиев.

Айни пайтда Бакиев режасига кўра, президент маъмурияти тугатилади ва унинг ваколатлари ҳукуматга ўтказиб берилади. Шунингдек, суд, ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий тизимларда ҳам ислоҳотлар ўтказилиб, Қирғизистон қонун устивор бўлган давлатга айлантирилади.

Президентнинг айтишича, бу каби сиёсий, иқтисодий ва демократик ислоҳотларни амалга оширишда миллий мафкурага таяниш зарур.

- Ғарб қолипларини ва бизга ёт бўлган намуналарни кўр-кўрона кўчиришдан фойда йўқ. Мен ўз меросимизга, имкониятларимизга ва келажакни қандай тасаввур қилишимизга қараб олға қадам ташлашимиз керак, деган ишончдаман, деди Бакиев.

Нутқи охирида президент ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида икки йил ичида Қирғизистон иқтисоди барқарор ва қонун устивор бўлган демократик мамлакатга айланишига кафолат беришини таъкидлади.

Бироқ айрим сиёсатчилар ва сиёсатшунослар президент Бакиев эълон қилган ислоҳотлар мамлакатни иқтисодий қолоқликдан олиб чиқа олмаслигини, тараққиёт йўлига ўтиш учун, энг аввало, чинакамига демократик мамлакат қуриш зарурлигини айтмоқдалар.

- Қирғизистонни “косметик таъмирлаш” билангина ривожлантириб бўлмайди. Бизнинг муаммоларимиз илдизи жуда чуқур - бизнинг менталитетимизда, маҳаллийчилик ва коррупциядадир. Шунинг учун ҳам президент таклиф қилган “косметик таъмирлаш” ижобий натижалар бермайди.

Қирғизистон тараққиётининг омили фақат демократиядир. Демократик тузумгина жамиятдаги чирик яраларни даъволашга қодир, деди сиёсатшунос Асқарбек Мамбеталиев.

Бироқ парламент депутати Рашид Тағаев президент бошламоқчи бўлган ислоҳотлар мамлакатда қонун устиворлигини ўрнатади ва тараққиёт йўлини очади, деб ҳисоблайди.

- Биз демократия, демократия, деб ҳайқираяпмиз, холос. Аммо ҳеч қандай демократияни тартибсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Президент ислоҳотлари мамлакатда қатъий тартиб-интизом ўрнатишга қаратилган. Қонун устиворлиги ўрнатилган мамлакатда эса демократия бўлади, деди депутат Рашид Тоғаев.

2005 йил март инқилобидан сўнг ҳокимият тепасига келган Қурмонбек Бакиев биринчи президентлик муддати даврида ҳам мамлакатда бир қатор ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган эди.

Президент Бакиев мамлакат бюджетининг 4 баробарга кўпайганини, ишбилармонларга янада кўпроқ эркинликлар берилганини, Қирғизистон Жаҳон банки рейтингида энг ислоҳотчи давлатлар рўйхатига киритилганини ва Қамбарота-2 ГЭСининг Қирғизистон томонидан мустақил тарзда қурилаётганини мана шу ислоҳотлар самараси сифатида баҳолайди.

2009 йилнинг 23 июлида иккинчи муддат президентликка сайланган Бакиев Қирғизистонни иқтисоди барқарор ривожланаётган давлатга айлантириш ғоясини олға сурмоқда.

Аммо мухолифат Бакиев ҳукумронлиги даврида Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойиллардан чекинилгани ҳақида айтиб келади.
XS
SM
MD
LG