Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

Ҳуқуқ фаоли устидан суд бошланди


Евгений Жовтис Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақда мунтазам танқидий фикр билдириб келган фаоллардан биридир.
Евгений Жовтис Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақда мунтазам танқидий фикр билдириб келган фаоллардан биридир.

Чоршанба куни Қозоғистондаги энг машҳур ҳуқуқ фаолларидан бири Евгений Жофтис устидан маҳкама жараëни бошланди. Кузатувчилар¸ унинг сиëсий қарашлари учун жазога тортилишидан чўчимоқдалар.

Евгений Жофтис устидан маҳкама жараëни Олмаота ташқарисидаги Баканас қишлоғида бўлиб ўтмоқда.

Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси асосчиси ва директори бўлмиш Жофтис 26 июл куни ушбу ҳудудда машина ҳайдаб кетаëтиб ëш йигитни босиб кетган ва жабрдийда воқеа жойида нобуд бўлган эди.

Жофтисга қасддан содир этилмаган қотиллик ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик айби қўйилмоқда. Агар бу айблар ўз тасдиғини топса¸ Жофтис 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Халқаро майдонда танилган қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли бошига тушган бу кўргуликка муносабат билдирган Ҳюман Райтс Уотч¸ Жофтис устидан маҳкаманинг адолатли бўлишини сўради.

Суд арафасида ташкилот эълон қилган баëнотда¸ Қозоғистон ҳукуматининг ўз танқидчилари овозини ўчиришга мойиллиги алоҳида таъкидланилади ва маҳкама воситасида Евгений Жофтиснинг ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти жазоланмаслиги сўралади.

Автомобил ҳалокати бўлиши ҳамоно ўтказилган тиббий текширув натижасида Жофтис қонида алкогол йўқлиги аниқланган ва воқеа жойини текширган полиция ходимлари Жофтисда ўз машинаси олдига маст ҳолда чиққан одамни урмаслик эҳтимоли мутлақ бўлмаганини тасдиқлаган эди.

Аммо қозоқ расмийлари топшириғи билан ўтказилган иккинчи тиббий текширув Евгений Жофтис ҳалокат чоғида сархуш бўлган деса¸ терговчилар автоҳалокат олдини олиш мумкин эди¸ деган хулосага келдилар.

Тергов-текширув жараëнидаги бундай оғиш эса¸ ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил кузатувчиларда Қозоғистон расмийлари фожеадан фойдаланиб Евгений Жофтисни ҳукуматга ëқмай келган фаолиятини жазолашга уринмоқда¸ деган хавотир туғдирмай қолмади.

Қозоғистонлик сиëсатшунос Айдос Сарим¸ Жофтис устидан суд ҳукмининг ҳукумат позициясига боғлиқ эканини айтади.

- Яқинда айримлар Жофтис билан содир бўлган автоҳалокатни расмийларнинг ўзи уюштирди¸ деган гапни айтишди. Мен шахсан бунга ишонмайман. Аммо маҳкама ҳукмига келадиган бўлсак¸ унинг расмий Остона позициясига боғлиқ бўлишига шубҳам йўқ. Жофтис ишининг юқори ҳукумат доираларида ҳал бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Шу боис бошланган маҳкама жараëни ортида сиëсий мотивлар турибди¸ дейиш мумкин¸ дейди қозоғистонлик кузатувчи.

Аммо Евгений Жофтис ишининг сиëсий асосда ҳал этилишига оид бундай хавотир ва тахминлар расмийлар томонидан инкор этилмоқда.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик комитети матбуот вакили Кенжабўлат Бекназаров¸ Озодлик билан суҳбатда бундай даъволарни рад этди.

- Автоҳалокатни Жофтис қилади-да¸ бунинг учун Миллий хавфсизлик комитети айбдор деб топилади. Бу бориб турган бемаъниликдир! Ақли расо бирор одам жабрдийданинг психотроп дорилар воситасида Жофтис машинаси ғилдираги остига ташлангани ҳақдаги гапларни қабул қилмайди. Бу бориб турган абсурд¸ дейди айрим манбалар танқидига тўхталган Қозоғистон Миллий хавфсизлик комитети матбуот котиби.

Қозоғистондаги энг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жофтис устидан чоршанба куни бошланган маҳкама жараëни ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисидаги мутахассислар томонидан жиддий кузатилмоқда.

Зотан 2010 йили аъзо давлатлар ҳудудида демократия¸ инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини тарғиб қилувчи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик навбати Қозоғистонга ўтиши олдидан халқаро ҳамжамият мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG