Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:48

Рамазонда чекловлар кўпайди


Айрим кузатувчилар¸ ҳукумат муддаоси нафақат болалар¸ балки аксар катталар оëғини ҳам масжиддн узиш¸ деган тахминдалар.
Айрим кузатувчилар¸ ҳукумат муддаоси нафақат болалар¸ балки аксар катталар оëғини ҳам масжиддн узиш¸ деган тахминдалар.

Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларида рамазон ойи Таровиҳ намозларига болаларнинг киритилиши таъқиқланаётгани¸ Наманганда эса шу мақсадда масжид олдига қуролланган аскарлар қўйилгани хабар қилинмоқда.

Масжидларга мактаб ёшидаги болаларни киритмаслик тадбирлари Ўзбекистонда янгилик эмас. Маҳалла фаоллари ва мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида туриб, жума намозига келган болаларни ушлаб қолаётгани ҳақда аввал ҳам кўп марта хабар қилганмиз.

Шунингдек, рамазон ойи пайтида баъзи чекловлар, хусусан Таровиҳ намозининг фақат рухсат этилган масжидларда ўқилишига оид гап-сўзлар ҳам кейинги бир-икки йил давомида қулоққа тез-тез чалиниб келади.

Аммо www.ferghana.ru интернет сайтининг Ўзбекистондаги манбага таяниб тарқатган хабари¸ рамазон ойидаги аввалги чеклов ва назорат ëнига янгилари қўшилаëтганидан даракчи бўлди.

Бу хабарга кўра¸ шу кунларда Намангандаги масжидлар олдида “Бургут” номли махсус гуруҳнинг иккитадан қуролланган аскари туриб олиб, болаларни масжид эшиги тагидан қайтариб юбормоқда.

Рамазон ойида масжидлар назоартига қуролли гуруҳлар жалб қилинганининг қанчалик ҳақиқат эканини билиш мақсадида Наманганга сим қоқдик. Шаҳар микрорайонларидан бирида яшовчи Зоҳиджон исмли суҳбатдошимиз, баъзи масжидлар олдида қуролланган аскарлар тургани рост, лекин уларнинг хавфсизлик мақсадида қўйилгани айтилаяпти, дейди.

- Бу ҳамма ëқда эмас. Битта-иккита жойда бор. Чорсу тарафда¸ шаҳарнинг марказида бўлган экан. Шаҳарнинг марказида жойлашган масжидларда бор¸ холос. Мен бир расмий милиция ходими бнилан гаплашдим. "Нимага бундай бўлаяпти?" деб сўрасам¸ "29 августда Тошкентда отишма бўлганидан кейин одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинаяпти" деди. Расмийларнинг фикрича шунақа, дейди наманганлик Зоҳиджон.

Наманганлик яна бир суҳбатдошимиз Шукур ака Таровиҳ намозини шаҳарнинг Нуробод масжидида ўқийди.

У кишининг масжид эшикларини ҳарбийлар қўриқлаётганига оид гаплардан хабари йўқ. Лекин мактаб ўқитувчилари¸ болаларнинг масжидга келиши назорат қилинаётгани бор гап, бундан ташқари, имомлар ҳам ота-оналарга ёш болаларнинг намоз ўқимасликларини тавсия қилмоқда, дейди бу суҳбатдошимиз.

- Ичкарида битта-иккита болалар бор. Мактаб домлалари бир-бир туриб уларга мумкинмас дейишди. Қори акаларга ҳам полициядан келиб айтишибди. Лекин очиқ¸ микрофонларда яхши ўқияпмиз. Хатми Қуръон бўлаяпти бизда. 15 кунга икки порадан бўлиб қўйилган. Икки порадан эркин ўқиб чиқилаяпти, дейди наманганлик Шукур ака.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийси муовини Абдулазиз Мансур, масжидлар олдига автоматлар билан қуролланган аскарлар қўйилганига оид хабарларни мутлақо инкор қилди. Лекин балоғатга етмаган болаларнинг намоз ўқишларини маълум сабабларга кўра тавсия қилмаяпмиз, дейди муфтият вакили.

- Энди тўғри тушуниш керакда. Мактаб болалари деганда бошланғич синф ўқувчилари бор¸ юқори синф ўқувчилари бор¸ талабалар бор. Кўпинча балоғатга етмаган ëш болаларни масжидга етаклаб келишади. Ўшаларга айтилган. Бу ҳадисда ҳам бор. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) "Болаларни олиб келиб¸ катталарнинг намозини беҳузур қилманглар" деган ҳадислари бор. Болалар у ëққа¸ бу ëққа югуриб¸ тўполон қилиб¸ масжиддаги хотиржамликни бузади¸ деб айтилган. Имом-хатибларимиз томонидан шу нарса айтилган. Маориф томонидан¸ мактаблар томонидан "Болалар ўқисин¸ масжидни баҳона қилиб¸ кўчада дайдиб қолмасин" деган кўрсатма бор, дейди Ўзбекистон муфтийси ўринбосари Абдулазиз Мансур.

Уч-тўрт йил аввал Таровиҳ намозларини маҳаллалардаги масжидлар¸ масжиди бўлмаган маҳаллаларда эса одамларнинг уйида ўқиш имкони бор эди. Бугунга келиб, Таровиҳнинг фақатгина ҳукумат томонидан маъқулланган масжидларда ўқишга рухсат этилаётгани эса нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги мусулмонлар учун ҳам чеклов бўлиб кўринмоқда.

Марғилонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров гапиради.

- Ëмон бўлган томони¸ маҳаллаларда масжидлар ëпилгани боис жуда кўп одамлар қийналишаяпти. Мана бизнинг масжидимизда юзга яқин одамлар тўпланарди. Ҳозир маҳалламизда 8-10 нафар 80 ëшдан ошган одамлар бор. 70 ëшдан ошганлар 15 дан ошиқ. Булар энди ўз ўзидан масжидларга бора олмайди¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Бу каби чекловлар одамларни ўз эътиқодидан чалғитишни мақсад қилган сиёсат давомидир, деб хулоса қилади суҳбатдошимиз.

- Бизнинг Марғилонда шу йил ëзнинг ичида юздан ортиқ ароқ сотадиган дўкон очилди. Ҳукуматимизнинг сиëсати нимага кетаëтганига менинг ҳеч ақлим етмайди. Мен яшайдиган ҳудуднинг бир километри атрофида бешта пивохона очилди. Мен бир мисол сифатида айтай.

Бизнинг маҳалла масжидига беш вақт намоз ўқишга пенсионер¸ ҳозирча ишламаëтган 40-50 одам чиқар эди. Бунинг ичида олдин шофëр ëки бошқа касбда ишлаган одамлар бор. Ҳозир шу одамлар яна пиво ичгани кетди. Бунинг нимага олиб боришини ўйлашмайди ҳукумат тепасидагилар. Дискотекага кириш¸ билярдхонага кириш¸ пивохонага кириш таъқиқланмайди¸ аммо масжидга кириш таъқиқланади¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.
XS
SM
MD
LG