Линклар

logo-print

Аксилрусми¸ аксил чор?

  • Сарвар Усмон

Каримовнинг гоҳи россиясеварлик¸ гоҳида эса россиябезарлик кайфияти бу кайфиятга қараб маëғини ўзгартиришга мажбур табақани ноқулай ҳолга солиб келмоқда.

Каримовнинг гоҳи россиясеварлик¸ гоҳида эса россиябезарлик кайфияти бу кайфиятга қараб маëғини ўзгартиришга мажбур табақани ноқулай ҳолга солиб келмоқда.

Ўзбекистон президентининг Тошкент 2200 йиллиги тантанасида шаҳар тарихининг рус боқсқинчиларига қарши кураш саҳифасини атайин варақлагани тепадан йўналиш кутадиган тарихчию ноширларни яна мулзам қилиши мумкин.

“XIX асрнинг иккинчи ярмида чор Россияси Ўрта Осиёни забт этишга қаратилган ҳаракатларнинг дастлабки зарбасига айнан Тошкент дуч келгани ва шаҳар аҳли ўз юртини ҳимоя қилишга бутун куч-қудратини сафарбар қилгани тарих саҳифаларида муҳрланиб? қолганини эслаш жоиз”.

Бу гапни президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда сўзлаган нутқи давомида айтди.

Хўш, бу гап тарихий фактнинг констатацияси холосми ёки Тошкент-Москва муносабатларининг кейинги пайтларда яна бир бор бироз совугани аломатими?

Аслида, президент нутқидан келтирилган юқоридаги парчада аксилрус, аксилроссия оҳанги сезилмайди.

Лекин Россиядаги ахборот воситаларининг кўпчилиги, айнан мана шу парча тўғрисида хабар берди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқов президент “чор Россиясининг дастлабки зарбасига биринчи бўлиб Тошкент дуч келган”, деб тарихий фактни констатация қилиб қўйди холос”, деди ва фикрини мана бундай давом эттирди.

- Бунақа констатациялар муносабат яқин бўлганда кўпинча айтилмайди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг фикрича, Ислом Каримовнинг ўрганаётганимиз баёноти кутилмаган баёнот эмас, у Россия – Ўзбекистон муносабатларининг бугунги аҳволини акс эттирмайди. Чунки...

- Ўзбекистон чор Россиясининг мустамлакачилик урушларини қоралашдек советча анъанани давом эттирмоқда холос. Лекин бу ҳақда на тарихчи олимлар, на сиёсий элита гапиравермагани учун президентнинг гапи янги гапдай эшитилмоқда, дейди Санобар Шерматова.
Таҳлилчилар билан суҳбатга бироздан сўнг қайтамиз.

Ўзбекистон мактабларида ўқитилаётган тарих дарсликларида президент тилга олган ва умуман Россия билан боғлиқ кейинги 100 –150 йил қандай ёритилаётганига бир назар ташламоқчи бўлдик.

Наманганлик бир ўқитувчи исмини айтмаслигимиз шарти билан мана бундай деди:

- Илгари подшо даврини танқид қилиб¸ шўро даврини мақтардик. Ҳозир ҳам подшо даври¸ ҳам шўро даври танқид қилинаяпти. Фикрлар китобларда ҳам¸ бошқаларда ҳам анча ўзгарган¸ дейди наманганлик бир ўқитувчи.

Наманганлик тарих ўқитувчиси суҳбат давомида чор Россияси даврига қўшиб қораланаётган Совет давридаги айрим тарихий ҳодисаларга муносабат мавҳумлигича қолаётганига эътиборимизни қаратди.

- Қизиллар империясига қарши курашган босмачилик деган сўзга ҳали конкрет баҳо берилмаяптида. Майли берилмаган тақдирда ҳам ҳали шулар тўғрисида кинолар ишлангани йўқ. Мана Корея фильмларини кўрсангиз¸ қаҳрамонлик¸ курашларнинг тарихи жуда чиройли ëритилган. Ҳали бизда яқин 5-10 йиллик кураш тарихимиз тўғрисида чиройли бир халққа етказиб берадиган сериаллар йўқ¸ дейди намaнганлик ўқитувчи.

Мана шу гапи билан наманганлик тарих ўқитувчиси ўрганаётганимиз мавзуни кенгайтириб юборди.

Ўқитувчини ўйлантираётган саволни таҳлилчиларга бердик.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг фикрича, тарихга “босмачилик ҳаракати” деб кирган ҳодисадан ҳануз уялиш бор.

- Уялиш – биринчи сабаб, иккинчиси – “босмачилик ҳаракати”ни замонавий экстремизм ва терроризмга ўхшатувчиларнинг қарашлари кучлилик қилаётгани, дейди Малик Абдураззоқов.

Унинг фикрича, Тошкент-Москва муносабатлари сўнгги бор илиқлашган даврда бу мавзу умуман кун тартибидан тушиб кетди.

Малик Абдураззоқов: Россия билан муносабат илиқлашганда¸ кимдир Чўлпоннинг шеърини чоп қиламан деб турганда¸ нашриëтда тўхтатиб қўйишган. Бу бўлган нарса.

Озодлик: Россия билан муносабатлар илиқлашган пайтда-а?

- Ҳа. Бунда ўртадаги табақани айблаб бўлмайди. Тепадан битта сигнал бўлса бас, ўрта табақадаги раҳбарлар Чўлпонниям, Қодирийниям яна бир марта отиб ташлайди, дейди Малик Абдураззоқов.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг фикрича, Ўзбекистон тарихининг Совет даврига оид қисмини қайта кўриб чиқишга зарурат бор.

- Фақат бунинг учун, Совет даврининг ижобий ва салбий жиҳатларини муносиб баҳолаш учун янги тарихчилар, янги социологлар, олимларнинг янги авлоди керак, лекин улар ҳозирча пайдо бўла олмайди, чунки Ўзбекистонда ҳокимият ўтмишни титкилашнинг ҳожати йўқ, деб ҳар нарсага кўз-қулоқ бўлиб турибди, дейди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG