Линклар

"Алкоголсевар" ўзбек дипломатлари фош қилинди

  • Алишер Сиддиқ

Латвия божхоначиларини ўзбек дипломатларининг бир ойлик эҳтиëжи баҳонасида минглаб шиша водка ва бошқа спиртли ичимликларни солиқларсиз сотиб олгани қизиқтириб қўйган.

Латвия божхоначиларини ўзбек дипломатларининг бир ойлик эҳтиëжи баҳонасида минглаб шиша водка ва бошқа спиртли ичимликларни солиқларсиз сотиб олгани қизиқтириб қўйган.

Латвия телевидениеси очиқлаган хабарга кўра¸ мамлакат божхона ва солиқ хизмати икки ой ичида 6 минг шиша алкогол сотиб олган ўзбек дипломатларини ноқонуний спиртли ичимликлар савдосига алоқадорликда гумон қилмоқда.

Кейинги пайтларда Латвия божхона ва солиқ хизмати йил бошидан буён имтиёзли асосда катта миқдорда спиртли ичимликлар сотиб олаётган Ўзбекистон ва Россия элчихоналарига аҳамият қарата бошлади.

Ўтган якшанба куни Латвиянинг ТВ-3 телеканалида эфирга узатилган “Ўзингизга олманг” таҳлилий дастури Латвия божхона ва солиқ хизмати маълумотига таянган ҳолда иккала элчихона ходимларининг қанча миқдорда алкогол сотиб олгани ҳақдаги маълумотни ошкор этди.

Вена конвенциясига биноан хорижий дипломатик миссиялар ўз эҳтиёжи учун зарур айрим турдаги маҳсулотларни акциз ва қўшилган қиймат солиғисиз, бозор нархларидан кўра анча арзонга сотиб олиши мумкин.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг биргина январ-феврал ойларида ўзбек дипломатлари 6000 шиша, Россия элчихонаси ходимлари эса 11 000 шиша спиртли ичимлик сотиб олган.

Латвия божхона ва солиқ хизмати расмийси Агнеса Гринберга оз сонли элчихона ходимлари томонидан шунча миқдорда ароқ, вино ва вискининг сотиб олиниши маълум шубҳаларга етаклаганини айтади.

- Бу бизнинг ходимларимиз фош этган алоҳида икки ҳолатдир. Биз бошқа элчихоналарнинг ҳам бундай амалга қўл ураётган бўлиши мумкинлигини инкор этмаймиз. Лекин бу икки элчихона сотиб олган алкогол ҳажми бошқалардан фарқ қилади. Элчихоналар фақатгина ўз ички эҳтиёжи учун имтиёзли асосда маҳсулот сотиб олиши мумкин. Аммо биздаги маълумотлар бунча миқдордаги маҳсулотни элчихона ходимлари ўзлари истеъмол қилиши мумкин бўлмаганини кўрсатади¸ дейди Агнеса Гринберга.

Изоҳ сўраб Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси билан боғланишга қилган саъй-ҳаракатларимиз натижа бермади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Ригадаги дипломатик миссияси раҳбари вазифасини бажараëтган Қобилжон Назаров ўтмишда Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлигида кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимларини эгаллаган. Латвиядаги Ўзбекистон элчихонасининг расмий интернет саҳифасига ишониладиган бўлса, Рига элчихонасида элчидан ташқари фақатгина Учинчи котиб - Темур Ҳамрохўжаев хизмат қилмоқда.

Латвия божхона ва солиқ хизмати расмийси мамлакат қора бозорида арзон ва сифатли спиртли ичимликлар пайдо бўлганини тасдиқлади. Бу эса, Рига қора бозорини таъминлашга ўзбек ва рус дипломатлари ҳисса қўшаётганига ишора қилувчи яна бир омилдир.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, хорижда қўшимча даромад олишга интилиш бугунги кунда ўзбек дипломатларига хос бир хислатга айланиб бормоқда. Бу ҳолатни Йўлдошев кўпчилик элчихона ходимларининг дипломатик этикага риоя қилмаслиги билан боғлайди.

- Умуман ўзининг давлатини ҳурмат қилган дипломат ҳеч қачон бунга йўл қўймайди. Мен Ташқи ишлар вазирлигида ишлаб турган амалдорлар билан гаплашганимда¸ улар “Ҳозир Ташқи ишлар вазирлигига саводи паст¸ сиëсий маданияти паст одамлар келишаяпти. Улар кўпроқ катта лавозимдаги одамларнинг қариндошлари¸ ўғиллари¸ қизлари. Булар ҳеч нарсадан тоймайди. Бу соҳани бизнес соҳасига айлантиришаяпти. Ҳеч ақлга тўғри келмайдиган ишларни қилишаяпти” деб менга қайғуриб айтишган. Битта эмас¸ бир нечтаси айтган¸ дейди собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев.

Латвия ҳукумати айрим элчихоналарга ишора қилиб уларни жамоатчилик кўз ўнгида шарманда қилишдан бошқа жазо чораларини кўриб чиқмаётир. Бироқ Латвия Молия вазирлиги дипломатлар аралашган ноқонуний савдога чек қўйиш ниятида эканини эълон қилди. Бунинг учун жорий этилаётган янги тартиблар ҳақида Латвия Молия вазирлиги расмийси Александр Яродский Озодликка изоҳ берди.

- Биз меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритамиз ва шундан сўнг божхона базаларига борадиган дипломатлар ўзларининг эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни сотиб олиш учун элчи ёки Ташқи ишлар вазирлигида тасдиқланган сертификатларни тақдим этишлари керак бўлади. Бугунги тартиб асосида улардан фақатгина дипломатик паспорт тақдим этиш талаб этилганди. Айни пайтда биз дипломатлар учун фақат пул ўтказиш йўли билан нарса сотиб олиш тартибини жорий этиш масаласини муҳокама этмоқдамиз¸ деди Латвия Молия вазирлиги вакили Александр Яродский.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG