Линклар

Эронга янги санкциялар таҳдид солмоқда


Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси Саид Жалилий ўз мамлакатининг ядровий дастур бўйича янги музокаралар бошлашга тайёр эканини билдирган.

Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси Саид Жалилий ўз мамлакатининг ядровий дастур бўйича янги музокаралар бошлашга тайёр эканини билдирган.

Франкфуртда йиғилган жаҳон лидерлари агар Теҳрон халқаро ҳамжамият хавотирини писанд қилмай, ядровий қуролга эга бўлиш учун уранни бойитиш ишларини давом эттирса, Эронга қарши қандай чоралар кўриш кераклиги масаласи муҳокама этдилар.

АҚШ, Британия, Россия, Хитой, Франция ва Германия юқори лавозимли расмийларининг 2 сентябр кунги учрашуви Эроннинг ядровий дастури борасида музокараларни қайта бошлаш таклифига халқаро ҳамжамиятнинг жавоб бериш имконияти, деб қаралмоқда.

1 сентябр куни Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси Саид Жалилий Теҳрон янги музокаралар бошлаш истагида эканини эълон қилган, аммо бу ҳақда бошқа маълумот бермаганди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Айн Келли ўша куни Эроннинг ҳар қандай янги таклифини АҚШ жиддий қабул қилишини, аммо Вашингтон бундай таклиф олмаганини айтди.

- Биз 5+1 давлатлари апрел ойида эълон қилган декларацияда қайд этилган ўз таклифларимизга ҳеч қандай жавоб олганимиз йўқ, деди Айн Келли.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик 28 август куни БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этган ҳисоботда бир неча ҳафта олдин Эрон ўзининг айрим ядровий объектларига халқаро кузатувчилар киришига рухсат бергани билдирилган. Шунингдек, ҳисоботда Эрон ўз ядровий дастурининг “ҳарбий жиҳатлари” ҳақида гаплашишдан бош тортгани таъкидланган.

2006 йилдан бери БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга нисбатан жорий қилинган учта санкция самара бермаган эди. Бу гал Ғарб давлатлари Эронга нисбатан санкциялар кўламини сезиларли кенгайтиришга, хусусан, Эроннинг хориждаги молиявий манфаатлари ҳамда Эрон учун иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлган қайта ишланган нефт маҳсулотлари импортини нишонга олиш билан таҳдид қилган.

Бироқ БМТ Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган Россия ва Хитой бу чоралар самара беришига ишонмаяпти.

Сўнгги ойларда Германия ва Франция Эронга нисбатан кескин позицияни эгаллаб келди. 27 август кунги чиқишида Германия канцлери Ангела Меркел агар Эрон Ғарб билан бевосита кенг қамровли музокара олиб боришдан бош тортса, Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилинишини қўллаб-қувватлашини айтди.

- Агар Эрон сентябр ойигача ижобий жавоб бермаса, биз энергетика ва молиявий соҳаларда янги чоралар кўриш масаласини муҳокама қилишимиз керак бўлади. Биз нафақат санкциялар ҳақида ўйлашимиз, балки бу санкцияларни қандай қилиб жорий қилиш масаласини халқаро ҳамжамият ичида ҳам муҳокама қилишимиз зарур, деди Германия канцлери Ангела Меркел.
XS
SM
MD
LG