Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:39

Ўзбекистонда қон неча пул?


Ўзбекистонда 200 гр донор қонига 20 минг сўм тўланади¸ дейди мунтазам донорлардан бири.
Ўзбекистонда 200 гр донор қонига 20 минг сўм тўланади¸ дейди мунтазам донорлардан бири.

Айрим манбаларга кўра¸ Ўзбекистонда қон топширадиган донорларнинг камайиб кетгани ва қон заҳираларининг етишмаётгани беморлар ҳаётини хавф остига қўймоқда. Аммо мутасаддилар буни инкор этишмоқда.

Гематология ва қон қуйиш соҳасидаги муаммолар кеча бошлангани йўқ.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш миллий дастурида мазкур соҳага етарли эътибор қаратилмай келгани шаҳар ва вилоятлардаги қон қуйиш марказлари олдида бетоб яқинларига қон истаб келган одамларнинг тўп-тўп бўлиб туришини оддий манзарага айлантирган.

Уруш ва тинчликни ёритиш институти эълон қилган “Ўзбекистонда қон етишмаслиги ташвишларга сабаб бўлмоқда” номли мақолада шу кунларда вазият аянчли тус олаётгани айтилади.

Ўзбекистон Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти мутахассислари билан суҳбатлашган мақола муаллифи мазкур муассаса клиникасида ётган беморлар қон етишмаётгани боис кўп ҳолларда нобуд бўлаётгани ҳақида ёзади.

Аммо айни институт директори Ҳамид Каримов Озодлик билан суҳбатда, бу гапларни инкор қилди. Унинг айтишича, кейинги йилларда беморларга қон қуйиш эҳтиёжининг ўзи камайиб бормоқда ва қон топишириш истагида бўлган донорларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммо ҳам йўқ.

- Бу ҳеч қанақа таъсир этаëтгани йўқ. Беморларга қуйилиш камроқ бўлаяпти. Эҳтиëж камаяяпти. Шунинг учун шунақа бўлаяпти. Умуман муаммо йўқ. Биз донорлик ҳаракатини юргизаяпмиз. Донорлик ҳаракати республикада кучаяяпти. Вазирлар маҳкамасининг қарори бўйича бир режа¸ дастур тузилган. Ҳозир шу дастур амалга ошаяпти. Олий ўқув юртлари¸ аҳоли билан шуғулланаяпмиз, дейди Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти директори.

Бироқ вилоятлардаги қон қуйиш марказининг исми айтилишини истамаган мутахассисларидан бири Озодлик радиосига бошқача фикрларни айтди.

- Камайиб кетди. Жуда ҳам кўп эмаску¸ лекин анчагина камайди.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Илгари завод ва фабрикаларнинг планлари бор эди. Ҳозир ҳам ҳаммасининг плани бор. Улар ўша планларни бажаришга ҳаракат қилишарди. Ҳозир ўша нарсалар қилинмаяпти. Донорлик талабалар орасида жуда яхши ташкил бўларди. Ўз хоҳиши билан ҳам одамлар келарди. Касал одамнинг қариндош-уруғлари келарди. Ҳозир шу нарса анча камайган, дейди шифокор.

Мутахассислар фикрича, донорларнинг камайиб кетгани асосан уларга бериладиган имтиёзларнинг ҳаминқадар экани билан боғлиқ ва шу сабабдан донорликка асосан аҳолининг энг кам таъминланган қатламигина рози бўлади.

Йил бошидан бери вилоятлардан биридаги қон қуйиш марказида доимий донор сифатида рўйхатдан ўтган Равил ана шундайлардан бири. Бундан мақсадим эса, дейди Равил...

- Мен талабаман ва ўқишимнинг контрактини тўлаш учун пул тўпламоқчи бўлдим. Ҳар сафар қон топширганимда тахминан 40 минг сўм оламан. Лекин мен кўпроқ пул олиш учун ҳар сафар нормадан икки баробар кўпроқ топшираман. Яъни битта пакетда 200 грамм қон бўлса, мен иккита пакетда 400 грамм қон топшираман ва 40 минг сўм оламан. Бундан ташқари, бир марталик егулик ҳам бор. Қон топшириб бўлгач¸ ўша ердаги ошхонада чой ичиш мумкин, колбаса ҳам беришади. Январ ойидан бери 200-250 минг сўм пул тўпладим, лекин бу жуда кам, чунки ўқишимнинг контракт пули 1 миллион 900 минг сўм чиқади, дейди Равил.

Ойда бир 400 граммдан қон топширадиган Равилнинг айтишича, кам бўлса-да, унинг ана шу имтиёзлардан фойдаланиб қолишдан бошқа иложи йўқ.

Бугун тиббиётда кашф қилинган турли препаратлар туфайли беморларга қон ёки плазма қуйиш эҳтиёжи камайиб бораётганига қарамасдан, донорлардан қон олиш бошқа мамлакатларда ҳам кенг қўлланилади. Лекин ривожланган давлатларда донорлардан қон олиш тартиби ҳам, уларга бериладиган имтиёзлар ҳам Ўзбекистондагидан фарқлидир.

Масалан, Чехияда қон олиш бўйича махсус кампаниялар уюштирилади¸ аммо бир кишининг йилига уч мартадан кўпроқ қон топшириши мумкин эмас.

Ленка Плешкова Прагалик донорлардан бири.

- Қонни ихтиёрий тарзда бепул топширамиз. Лекин муайян имтиёзлар, масалан солиқ имтиёзлари бор. Йил охирида солиқ декларацияси топширилганда, ҳар бир қон топширганимиз учун солиқдан 2000 крон (тахминан 110 АҚШ доллари) чегириб ташланади. Бир киши йилига уч марта қон топшириши мумкин, яъни йилига солиқларингизни 6000 кронга камайтириш имкони бор.

Бундан ташқари¸ суғурта ширкатлари донорларга бепул витамин воситалари ва бошқа имтиёзларни тақдим қилади. Агар сиз доимий донор бўлсангиз ва умрингиз давомида 20 мартадан кўпроқ қон топширган бўлсангиз, яна қўшимча имтиёзлар бор. Масалан, курортга бепул йўлланма олишингиз мумкин ёки бирор давлатга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, сарф-харажатларингизнинг бир қисмини қоплашади, дейди Ленка.

“Ўзбекистонда қон етишмаслиги ташвишларга сабаб бўлмоқда” номли мақолада Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти клиникасида қон етишмаслигидан беморларнинг нобуд бўлаётгани ҳам ёзилган.

Фарғоналик Александр исмли суҳбатдошимиз, яқинда бир дўстининг онаси айни вазиятда вафот этганини айтади.

- У 10 кунча касалхонада ётди. Ўғли Юра онаси учун қон излаб¸ анча сарсон бўлди. Кейин маҳалламиздаги болалар бориб қон топшириб келдик. Биз топширган қон етмади, чунки унинг аҳволи оғир эди ва унга кўпроқ қон керак бўлди шекилли. Юра яна қон керак экан деб келди. Охири бўлмади шекили, онаси вафот этди, дейди Александр.

Беморга қуйиладиган қон заҳиралари муаммоси қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда донор қонидан ОИТВ вирусининг оммавий юқтирилганига оид воқеалар билан ҳам боғлиқ, дейди Ҳамид Каримов.

- Ҳозир вирусли инфекцияларнинг¸ айниқса СПИД хавфи бўлганлиги учун сал қўрқиб ишлатилаяпти. Бизларда хавфсизликни таъминлаш учун қон жуда қаттиқ текширилади. Лекин барибир қўрқув борда. Олдини олган яхши барибир. Тўғри келадими ëки келмайдими қон қуйишни белгилагандан кўра¸ уни эҳтиëтлик билан ишлатган яхши¸ дейди Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти раҳбари Ҳамид Каримов.

Ўтган йили Ўзбекистонда ҳам ОИТВ нинг оммавий юқтирилганига оид хабарлар пайдо бўлганди. Хусусан, Андижон вилоятида 10 дан ортиқ болага, Наманган вилоятида эса 40 дан ортиқ одамга вирус юқтирилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти директори Ҳамид Каримовга кўра, Андижон ва Намангандаги ҳолатлар қон қуйиш билан боғлиқ бўлмаган.
XS
SM
MD
LG