Линклар

logo-print

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Кобулдаги АҚШ элчихонасида қўриқчилар ичкиликбозлик ва маишат қилгани, янги ходимлар камситилгани ҳақидаги иддаолар юзасидан текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берди.

Бир қанча муддат олдин Project On Government Oversight номли нодавлат ташкилоти АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга мактуб йўллаб, Кобулдаги АҚШ элчихонаси қўриқчиларини ичкиликбозлик, аҳлоқсизлик ва маҳаллий одамларни ҳақорат қилганликда айблаган.

Айни пайтда Давлат департаменти янги ишга келган ходимларнинг камситилиши ва Афғонистондаги АҚШ элчихонаси қўриқчилари орасидаги айрим шахсларнинг аҳлоқсизлиги юзасидан текширув ўтказмоқда.

Кобулдаги АҚШ элчихонасида мингга яқин дипломат ишлайди. Қўриқчиларнинг 150 нафари америкаликлар ёки инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар фуқароларидир. Нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, бошқа 300 нафар қўриқчи эса Шимолий Ҳиндистон ёки непалликлардан иборат.

Project On Government Oversight нодавлат ташкилоти раҳбари Даниелле Брайннинг АҚШ телевидениесига айтишича, унинг ташкилоти қайд қилган воқеалар орасида нафақат бир неча қўриқчи, балки уларнинг бошлиқлар ҳам аҳлоқий бузуқлигини намойиш қилган воқеалар бор.

- Улар элчихонани қўриқлаётган пайтда ўз раҳбариятига нисбатан ишонч ва ҳурмат бўлмайди. Қўмондонлик тизими бузилган. Агар улар жавоб бериши керак бўлган ҳодиса юз берса, улардан талаб қилинганидек, уларда ўзини фидо қилиш ҳисобига бошқаларни ҳимоя қилиш даражаси йўқ, деди Даниелле Брайн.

2 сентябр куни ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Иэн Келли элчихона қўриқчилари билан боғлиқ иддаолар юзасидан текширув ўтказилаётганини айтди.

- Биз бу иддаоларни жуда жиддий қабул қиламиз. Айни шартнома хусусида ўтказилаётган текширув жараёнида биз бошқарув билан боғлиқ қатор камчиликларни қайд этдик. Ҳозир ҳам бу ерда, ҳам Кобулда бир нечта текширув ўтказилаяпти. Мазкур текширувлар натижасида зудлик билан зарурий чоралар кўрилишини ва баъзи ўзгаришлар бўлишини кутяпмиз, деди Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда Иэн Келли Кобулдаги АҚШ элчихонаси яхши ҳимояланганини ҳам таъкидлади.

- Биз Кобул элчихонасида ишлаётган америкаликлар, элчихонанинг маҳаллий ходимлари ва бошқаларнинг хавфсизлиги керакли даражада таъминланган, деб ўйлаймиз, деди Давлат департаменти вакили.

Қароргоҳи Флоридада жойлашган Wackenhunt Services Inc. ширкатига қарашли Armor Group ўз ходимларининг аҳлоқсизлиги ҳақидаги иддаоларига муносабат билдиргани йўқ. Июн ойида бу ширкат АҚШ Давлат департаменти билан тузилган ва беш йилга мўлжалланган 189 миллион долларлик шартномани келаси йил июл ойигача узайтирган эди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Иэн Келли текширув натижалари Armor Group билан шартномани бекор қилинишига олиб келиши мумкинлигини айтди.

- Кобулда биз билмаган нарсалар бўлди. Очиғини айтганда, биз бу тўғрида билишимиз керак эди, деди Давлат департаменти матбуот котиби Иэн Келли.
XS
SM
MD
LG