Линклар

logo-print

"Биринчи муҳаббатим"

  • Абдулла Искандар

"40 йилдан бери шу ашулани ҳамма эшитади¸ айтади¸ мазза қилади"¸ дейди "Биринчи муҳаббатим" қўшиғи ҳақда ҳофизнинг ўзи.

"40 йилдан бери шу ашулани ҳамма эшитади¸ айтади¸ мазза қилади"¸ дейди "Биринчи муҳаббатим" қўшиғи ҳақда ҳофизнинг ўзи.

Ўзбекнинг ëшию қарисига қадар ëддан билувчи¸ Шерали Жўраев қадами етган жойда мухлислар айттирмай қўймайдиган бу қўшиқ яралганига 40 йил бўлган бўлса-да¸ муҳаббатга чанқоқ қалбларнинг унга талпиниши сусаймаëтир.

Ўтган асрнинг 70- йиллари бошида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасининг очиқ деразаларидан тўхтовсиз равишда “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи янграрди.

Шеър муаллифи қашқадарëлик Абдулла Орипов экани ва қўшиқни андижонлик Шерали Жўраев айтгани ўзларини СУРҚАШ (Сурхондарë-Қашқадарë) ва ФАН (Фарғона¸ Андижон¸ Наманган) дея икки ëвлашган гуруҳга ажратган талабаларни ажаблантирмас эди.

Шаҳарчанинг бошқа томонида Қорақалпоғистон ва Хоразмдан келган талабалар Отажон Худойшукуров ижросидаги “Биринчи муҳаббатим” қўшиғини тинглашар эди.

Вега¸ Астра¸ Брянск деб номланган эски тасма чархли магнитофонлар¸ бойроқ талабалар соҳиби бўлган қулинг ўргулсун “Весна” компакт кассетали магнитофонлардан янграган “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи бутун Ўзбекистон ëшларини бирлаштиргувчи гимн каби янграр эди.

Бу қўшиқ тарихи ҳақида Озодлик мухбирига Шерали Жўраевнинг ўзи гапирди.

- Мен бу шеърни 1966-1967 йилларда Тошкентга ўқишга келганимда Абдулла Ориповнинг китобидан олганман. Кейин тарихини эшитган эдим. Бир йигит бир улуғ зотнинг қизини севиб қолган бўлади. Лекин у қизга севгисини айта олмаган. Институтга бориб¸ унинг ëнбошидан қайтиб келаверган. Узоқдан кетаверган. Бориб яна қайтиб келаверган. Шунақа қилиб гапини айта олмасдан кузатиб юраверган. У қиз кейин бошқага турмушга чиқиб кетган¸ йигит эса бошқа қизга уйланган. Шу шеър ўшанда бино бўлган. Мен буни бутун севишганларнинг изтиробини ҳис қилган ҳолда қўшиқ қилганман.

Ўша пайтда “Ëш ленинчи” деган газета бўларди. Ўша газетанинг 1967-1968 йиллардаги сонини кўрсангизлар¸ “Шерали Жўраев деган ашулачи ҳеч ҳам ашула қилиш мумкин бўлмаган ашулани қилибди” деб фелъетон қилган. У пайтда ғазал ашула қилинар эди. Бунақа шеърлар ашула қилинмас эди. Буни эшитиб¸ биз ҳам кулиб қўя қолдик. 40 йилдан бери шу ашулани ҳамма эшитади¸ айтади¸ мазза қилади. Демак¸ баъзан журналистларнинг гапи ҳам тўғри чиқмай қолар эканда¸ дейди Шерали Жўраев.

Шерали Жўраев Москва ва Душанбедаги концертларда бу қўшиқни куйлаганида¸ залда ўтирганлар бу қўшиқ сатрларини у билан бирга такрорлашди. Улар орасида қирқдан ошганлар ҳам¸ йигирмага етмаганлар ҳам бор эди.

Бу қўшиқ илк бора айтилганида¸ ҳали туғилмаган тожикистонлик адабиëтшунос Мунаввара Ойматова ҳам¸ шеър муаллифининг ижод изтиробларига гувоҳ Исмат Хушев ҳам “Биринчи муҳаббатим” мисраларини ëд билишади.

Одатда матн қўшиқдан ажратилганида анча ғариб кўринади. Аммо бу сафар ундай бўлмади. Абдулла Ориповнинг бу шеъри вазн¸ туроқ тарафдан ҳам¸ ҳис-туйғу борасида ҳам мукаммал туюлди.

Шоир Абдулла Ориповнинг уйига телефон қилдик. Телефонда янграган мўйсафиднинг овозини аввалига танимадик.

Озодлик: Мен Абдулла Орипов билан гаплашмоқчи эдим.

Абдулла Орипов: Эшитаман.

Озодлик: Ассалому алайкум. Абдулла ака яхшимисиз? Мен журналист Абдулла Искандар бўламан. Агар имкони бўлса¸ ўзингизнинг “Биринчи муҳаббатим” деган шеърингизнинг ëзилиши ҳақида гапириб берсангиз.

Абдулла Орипов: Энди унинг ëзилганига 50 йил бўлган. Ëзилган шеър энди. Ўқиб олаверасиз. Бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ унинг.

Озодлик: Шеърнинг қўшиқ бўлганига муносабатингиз қандай?

Абдулла Орипов: Яхши. Мана 40-50 йилдан бери айтилиб келаяптику. Ҳеч ким уни “айтмагин” деб таъқиқ қўйгани йўқку¸ тўғрими? Мана ўша даврнинг синови¸ ўша вақтнинг синови ëшларга ëқар экан¸ ҳозир ҳам айтишади.

Озодлик: Шерали Жўраев Москвада концерт берганида¸ бу қўшиқни бутун зал куйлади. Ҳамма ëддан билар экан.

Абдулла Орипов: Энди шундай бўлгандир. Мен энди Шерали билан кўришмайман. Шерали бизларни писанд ҳам қилмайдику. Гаплашмайман ҳам¸ билмайман ҳам. Шеъримизни қўшиқ қилиб айтиб юради.

Озодлик: Отажон Худойшукуровнинг айтганига қандай қарайсиз?

Абдулла Орипов: У уйга келиб¸ менга ижро қилиб берган эди. У оперний йўлга солиб айтган. У ҳам жуда оригинал айтган.

Озодлик: Нимага мана шу шеърингиз ëдимизда қолди?

Абдулла Орипов: Ўқийверинглар шеъримни¸ яхши¸ миннатдорман.

Озодлик: Шеърингиз ëдимизда қолганининг сабаби нима?

Абдулла Орипов: Сабаби шеърнинг ичида ëзилганку.

Озодлик: Тарих учун шеърнинг атрофидаги воқеалар керакда.

Абдулла Орипов: Ҳеч қанақа воқеа бўлган эмас. Шеърнинг ичида бор у. Мен энди исм-фамилиясини айтиб юрмайманку¸ тўғрими?

Озодлик: Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат ул эски нарса¸ ҳар бир қалб они ëнғорта” деган гапи борку.

Абдулла Орипов: Шундай.

Озодлик: Бу шеърингиз интернетда осилиб турибди.

Абдулла Орипов: Мен энди интернет кўрмайман. Менга интернет ëқмайди.

Озодлик: Қалбингизда бугун ҳам муҳаббат туйғулари борми?

Абдулла Орипов: Одам боласи тирик бўлгандан кейин бўладида. Мен бу мавзуда кўп шеърлар ëзганман. Бу шеъриятни ташлаб кетмайдику. Муҳаббат туйғуси борку. Мана шеъриятга қизиқар экансиз¸ яхши бу. Буларнинг ҳаммаси халқнинг¸ тарихнинг мулки.

Озодлик: Биз бу шеърингизни ëдлаганмиз. Сиз ўзингиз ëддан биласизми?

Абдулла Орипов: Ҳа¸ биламан. Мана сизда шеър бор эканку. Бўлса¸ ўқийверинг.

Озодлик: Энди сизнинг овозингиздан эшитгимиз келадида.

- Энди шу “Кеча оқшом фалакда¸ ой бўзариб ботганда” деб бошланадида¸ дейди Ўзбекистон халқ шоири ва Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов.

Бу қўшиқ кимга бағишланган ўзи? Ким ўзи у соҳибжамол? Ким ўзи у шоирни йиғлатган¸ бағрини тиғлатган малак?

Бу савол жавобини Абдулла Ориповни яқиндан таниган журналист Исмат Хушевга бердик.

- Абдулла аканинг айтишлари бўйича¸ Тошкентда Ислом динига яқин¸ адашмасам Зиëвуддин қори деган улуғ бир оила бўлган экан. Шу кишининг қизлари бўлган¸ деб эшитаман. Бу гапларни бугун айтишим балки бироз ноқулай бўлар. Ҳамманинг оиласи¸ фарзандлари бор. Унинг исмини айтиш балки ноқулай бўлар¸ лекин мени мухлислар тўғри тушунишсин¸ исмлари Мухлиса экан. Абдулла ака Мухлиса деган гўзал бир қизни яхши кўриб қолганлар.

Ўшанда Абдулла акага “Ҳўв йигит. Сен кимсану бу ким? Бу бир париваш қиз. Тошкент шаҳрида иккита бўлса¸ биттаси бу. Сен¸ қишлоқдан келган ялангоëқ бола. Кимга меҳр қўйдинг? Сен қанақа дорга осилаяпсан? У қизнинг ўзи бир олам бўлса¸ унинг оиласи бир олам. Отаси Тошкентдаги энг нуфузли Ислом олимларидан” деб айтишган. Абдулла аканинг ўзи ҳам ҳаракат қилган¸ аммо гўзал бир қиз қишлоқдан келган чумчуқдай бир йигитчага эътибор қилмаган шекиллида. Бу менинг ўзимча билганларим. Менинг бу хотираларим мутлақ ҳақиқат¸ деган фикрдан йироқман.

Мен Абдулла аканинг мухлиси сифатида¸ у кишининг юксак муҳаббатининг маҳсули бўлган мана шу шеър ҳақида ўзимнинг эшитганларимни сизга¸ сиз орқали Озодлик мухлисларига айтиб бераяпман. Бу менинг билганларим. Балки бу ҳақиқатдан йироқдир. Менинг болалик шууримда¸ ўспиринлик шууримда биринчи муҳаббатим билан боғлиқ Зиëвуддин қори¸ унинг Мухлиса исмли гўзал бир қизи ҳанузга қадар менинг кўз ўнгимда¸ мен уни кўрмаган бўлсам ҳам шу шеър эсимга тушган пайтда ажиб бир ҳолатда жилваланиб туради¸ дейди Исмат Хушев.

Нима бўлса бўлди. Бу энди ўтмиш. Шеър ëзилганидан анча ўтиб туғилган Мунаввара Ойматова бу шеърни таҳлил қила-қила адабиëтшунос олима бўлди. Токи ишқ олови бор экан¸ токи томирларимизда қон югурар экан¸ бу шеър¸ бу қўшиқ унутилмайди¸ дейди суҳбатдош.

Мунаввара Ойматова: Менинг назаримда¸ чинакам шеър аслида чинакам эҳтиросдан¸ эҳтирос ва ақл кесишган жойда туғилади. Бу шеърнинг чинакам бир дарддан туғилганлиги учун бўлса керак қўшиқ сифатидаги ҳаëти ҳам жуда узоқ. Мен бир хил прокурорларнинг шу қўшиқ янграганида ўзининг мартабасини¸ ўзининг кимлигини унутиб¸ шу қўшиққа ҳамроҳ бўлганига гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам ўйлайманки¸ бу инсоннинг энг чуқур еридан олиб ëзилган шеър. Инсоннинг дарди билан йўғрилган шеър ҳеч қачон ўлмайди. Шодлик¸ қувонч ҳақида ëзилган шеърларнинг умри жуда ҳам қисқа. Бундай қараганда¸ булар мен учун шеър эмас. Дардга йўғрилган ҳар қандай шеър боқий асарга айланади.

Озодлик: Осмондаги ойга¸ юлдузга қараб йўқотган муҳаббати ҳақида бўзлаëтган қаҳрамон¸ замонавий модерн шеърият юксаклигидан қаралганида чучмал эмасми?

- Йўқ. Айтаяпманку¸ бу жуда ҳам яхши шеър. Бундан 40 йил олдин ҳам бу шеърни яхши кўриб ëдлаганлар бўлган¸ ҳозирги кунда ҳам яхши кўриб ëдлайдиганлар бор. Мана ўзимнинг талабаларим орасида Абдулла Орипов ижодини¸ айниқса 1960-1980 йилларгача бўлган ижодини севиб ўқийдиганлари бор. Чунки Абдулла Орипов чиққан баландликка ўзбек шеъриятида унча-мунча одам чиқа олган эмас.

Шеърнинг мисралари ҳеч қачон чучмал эмас. Бу шеърнинг мисралари бадиий пухта мисралар. 1990 йиллардаги шоирларнинг шеърлари қўшиқ қилиб айтилди¸ аммо эртага унутилди. Бу шеърнинг умрини қарангки¸ қўшиқ сифатида 40 йилдан бери айтилаëтган экан. Шерали Жўраевдан саҳнада ҳануз талаб қилинадиган биринчи қўшиқ “Биринчи муҳаббатим” бўлади¸ дейди адабиëтшунос Мунаввара Ойматова.

Бундан 43 йил бурун айтилган “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи бугун ҳам айтилмоқда¸ бугун ҳам бу қўшиқ руҳимизга сокинлик¸ маъюслик туйғуларини солиб йўқотганларимизнинг аламини янгиламоқда

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Холбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги охим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG