Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Тожик расмийси: "ГЭСларимизга ëпишманг!"


Қирғизистонлик мутахассислар Тўқтоғул ГЭСининг техник ҳолати бугунги кун талабларига жавоб беришига аминлар.
Қирғизистонлик мутахассислар Тўқтоғул ГЭСининг техник ҳолати бугунги кун талабларига жавоб беришига аминлар.

Ўзбек экологларининг Норак ва Тўқтоғул ГЭСларида мустақил техник экспертиза ўтказиш талабини Тожикистон ва қирғизистонликлик энергетиклар хушламай қарши олдилар ва тошкентдагиларга масалани сиëсийлаштирмасликни маслаҳат бердилар.

Ўзбек экологлари Тожикистоннинг Норак ва Қирғизистоннинг Тўқтоғул ГЭСларида текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

- Тўқтоғул ва Норак ГЭСларининг қурилганига 30-35 йил бўлган. Улар Россиядаги ГЭСлар билан бир вақтда қурилган. Улар 20-30 йил аввалги технология асосида қурилган. Ўшаларнинг хавфсизлик даражаларини текшириб кўрилса, уларни технологик, яъни ҳозирги замон талабларига жавоб беришини текшириб кўрилса, ёмон бўлмасди. Чунки ўша Тўқтоғулни ҳам қуриб берган россиялик мутахассислар, экспертлар бу ГЭСларда технологияларнинг эскирганини очиқ тан олишмоқда. Саян-Шуша ГЭСидаги авария ҳам ўша технология яхши ривожланмаган пайтда қурилгани, яъни технологик носозлик сабабли юз берганини айтмоқда, деди Ўзбекистон Экология ҳаракати халқаро бўлими бошлиғи Мурод Раҳмонов бу талабни изоҳларкан.

Муроджон Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда Норак ва Тўқтоғулдаги текширув мустақил халқаро экспертлар томонидан ўтказилишининг мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлайди.

Ўз навбатида, Интернет орқали ўзбекистонлик экологлар талабларидан хабар топган Тожикистон ва Қирғизистон энергетика тизими масъуллари бундай ревизия ҳар уч ойда ўтказилиб турганини, сўнгги марта эса Саян-Шуша ГЭСида рўй берган авариядан сўнг ўтказилганини билдирдилар.

- Биздаги аксарият гидроиншоотлар Саян-Шуша ГЭСи технологияси асосида қурилган. Ўша гидроиншоотда рўй берган бахтсизликнинг эртаси куни ҳукумат топшириғи асосида тажрибали мутахассисларимиздан ташкил топган махсус комиссия Норак ва бошқа бир қатор ГЭСларда ревизия ўтказишди ва ўтказишмоқда. Ундан ташқари, биз украиналик энергетикларни бу ревизияга жалб қилганмиз, деди “Барқи тожик” масъули Нозиржон Ёдгорий.

“Барқи тожик” вакилининг таъкидича, мамлакат гидроиншоотлари хусусан 37 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Норак ГЭСининг бир қатор техник ускуналари замонавий ва халқаро стандартларга жавоб бера оладиган ускуналарга алмаштирилмоқда.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги расмийси Яраш Пўлотов ҳам “Барқи тожик” расмийсининг айтганларини қувватлар экан, ўзбекистонлик экологлардан бир оз ранжиганини яширмади.

- Ўзбекистонлик экологлар жуда зўр бўлишса, Ўзбекистондаги 4 миллион гектар ерни ревизия қилишсин. Оролнинг қуришига айнан мана шу ўзлаштирилган ерлар сабаб бўлганини улар яхши билишади-ку. Оролни, Зарафшонни тиклашсин. Зарафшон дарёси бир вақтлар Самарқанд, Бухоро шаҳарларидан ўтиб, Амударёга қуйилар эди. Мана бугун йўқ ўша сув, чунки сувни қуритишди, “ер ўзлаштираман” деб экологияни бузишди. Бугун Оролдан кўтарилаётган туз бутун Марказий Осиё экологиясига хавф солаётир. Нега бунинг устида бош қотиришмай, ҳадеб ГЭСларимизга ёпишишади, деди Яраш Пўлотов.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги расмийси Ўзбекистонга керагича сув узатилиб турганини қайд этаркан, ҳар қанақа қаршиликдан қатъий назар, Тожикистонда гидроиншоотлар қурилишини маълум қилди.

- Бизнинг ҳудудимиздаги иншоот бизники. Биз минтақа аҳолисига хизмат қиламиз, у ёки бу давлатдаги сиёсатчиларга эмас. Шу нуқтаи назардан бундай йирик иншоотларни қурганимизда кўпчилик манфаати назарга олинади. Ўзбек сиёсий доиралари асоссиз гаплар билан аҳолини ташвишга солиш ўрнига минтақада мавжуд бошқа экологик муаммоларда қўшнилари билан ҳамкорлик қилсин, деди Яраш Пўлотов.

Қирғизистонлик иқтисод фанлар доктори Жумақодир Акинеев ҳам Тўқтоғул ГЭСининг техник ҳолати бугунги кун талабларига жавоб беради, деган ишончда. У ўзбекистонлик экологлар диққатини бошқа бир жиддий муаммога қаратади.

- Норин дарёси қирғоқлари яқинида жойлашган Мойлисув шаҳрида шўролар даврида уран ишлаб чиқарилар эди. Ҳозирда бу шаҳарда уран чиқиндилари кўмилган қабристон бор. Агар Норин дарёси тошиб, бу чиқиндиларни оқизиб кетса, Марказий Осиё барча давлатлари, жумладан, ўша дарёлар қуйисидаги мамлакатлар аҳолиси учун жуда катта фожеа туғдиради. Ўзбекистонлик экологлар ана шу экологик муаммода ҳамкорлик қилсалар, фойдадан холи бўлмасди, дейди Жумақодир Акинеев.

Қирғизистонлик бошқа бир таҳлилчи Бозорбой Мамбетов Тожикистон ва Қирғизистондаги ГЭСлар ўзбекистонлик сиёсатчиларнинг асосий мавзуига айланиб қолганини таъкидлайди.

- Ўзбекистонлик биродарларимизнинг бугунги талабларини Қамбарота-1, Қамбарота-2 ҳамда Роғун ГЭСлари қурилишига қаршилик кўрсатиш йўлидаги янги сиёсат, десак муболаға бўлмас. Бироқ Қирғизистон ва Тожикистон ўз дарёлари устида ГЭСларни албатта қуради, уларни ҳеч ким тўхтата олмайди, деди қирғизистонлик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG