Линклар

Тошкентда дув-дув гап...

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон прокуратурасига кўра¸ Кўкчадаги отишмада махсус қуролли кучлар террорчиларни йўқ қилган.

Ўзбекистон прокуратурасига кўра¸ Кўкчадаги отишмада махсус қуролли кучлар террорчиларни йўқ қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 август куни Тошкентда бўлиб ўтган отишма ҳақида воқеадан беш кун ўтиб¸ ниҳоят маълумот тарқатди ва унинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт бўлганини билдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот xизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг Озодликка билдиришича, пойтахтдаги “Кўкча” масжиди яқинида ўтказилмиш амалиёт чоғида уч “террорчи” йўқ қилинган. Ўлдирилганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Шавкат Маҳмудов исмли шахс ҳам бўлган.

- Ўтказилган тадбирлар натижасида юқорида қайд этилган жиноятларга дахлдор бўлган¸ хорижий террористик марказларда ҳарбий тайëргарлик ўтаган уюшган жиноий гуруҳ аниқланган. Махсус операция натижасида учта террорчи¸ шу жумладан қидирувда бўлган жиноий гуруҳ раҳнамоси Маҳмудов Шавкат Дилшодович йўқ қилинган¸ дейди Светлана Ортиқова.

Жорий йилнинг 29 август куни соат 18.30 ларда Тошкентдаги “Кўкча” масжиди яқинида отишма содир бўлгани ҳақда ўша куниëқ хабар берган Озодлик манбалари мазкур отишма чоғида ҳалок бўлганлар сони ҳақида турли тахмин билдирдилар. Жумладан, айрим манбалар отишма чоғида тўрт милиционер ўлгани ҳақида ҳам гувоҳлик берди.

Аммо Ўзбекистон Бош прокуратурасининг мазкур амалиётдан беш кун ўтиб тарқатган маълумотида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасидаги талофатлар ҳақида лом-мим дейилмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси амалиёт чоғида ўлдирилганларнинг хорижий мамлакатлардаги террорчилик марказларида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақида билдиради. Шунингдек, прокуратура тезкор тадбирлар пайтида мазкур гуруҳнинг бошқа фаоллари ҳам қўлга олингани, ҳозирда улар сўроқ қилинаётгани ҳақида маълум қилади.

- Ҳозирги кунда мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб¸ тергов қилинмоқда ва зарурий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек¸ шу террористик гуруҳнинг бошқа фаол аъзолари ушланган ва иқрорий кўрсатмалар беришмоқда¸ дейди Светлана Ортиқова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати мазкур гуруҳ аъзолари устидан тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот беришга ваъда қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотида “Бу гуруҳ қайси диний оқимга мансуб кишилар эдию уларнинг мақсадлари нима эди? Улар аввал қандай жиноятлар қилганликда айбланмоқда?” сингари кўпчиликни қизиқтираётган айрим саволларга жавоб кўринмайди. Светлана Ортиқова тергов тадбирлари ўтказилаётганлиги сабабли бу саволларга ҳозирча жавоб бера олмаслигини айтди.

- Тергов даврида барча саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинади ва топилади¸ албатта. Кейин қўшимча хабар қиламан¸ дейди Светлана Ортиқова.

Бош прокуратура баёнотида Кўкча масжиди ёнида муқаддам Тошкент шаҳрида республика фуқароларига қарши бир қатор қотиллик жиноятларни содир этган террорчи гуруҳга қарши амалиёт олиб борилгани айтилаяпти.

Кўкчадаги воқеаларни ўрганган ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич фикрича, “бир қатор қотиллик жиноятлари” деганда прокуратура июл ойида Ўзбекистон ҳукуматига яқин диний мулозимларнинг пичоқланишини назарда тутаётган бўлиши мумкин.

- Бош прокуратура бу ерда ҳалок бўлганларнинг қандайдир қотилликларга алоқадорлигига ишора қилаяпти. Тошкентда сўнгги ойларда бир имом ўлдириб кетилгани ва шу ишни тергов қилиш билан шуғулланган Ички ишлар вазирлиги расмийси ўлдириб кетилгани маълум. Прокуратура ўзининг мавҳум баёнотида мана шу қотилликларга ишорат қилаётган бўлса керак, дейди Волосевич.

16 июл куни Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасаси раҳбарининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари Аброрхон Аброров чавақлаб кетилди ва ҳаётдан кўз юмди. 31 июл куни тунда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ўз уйи бўсағасида номаълум шахслар тарафидан пичоқлаб кетилганидан кейин оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ноҳукумат ташкилоти Ички ишлар вазирлигидаги ишончли манбага асосланиб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходими Ҳасан Асадовнинг отиб ўлдирилишининг ҳам имомларга суиқасдлар билан боғлиқлиги ҳақида хабар тарқатди. Гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов гапиради.

- Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш ва жиноят қидирув бўйича бош бошқармасининг юқори лавозимли шахси¸ Ҳасан Асадовнинг ўлимини ҳам июл ойининг охирида Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга қилинган суиқасдни тергов қилиш бўйича ИИВ¸ МХХ ходимлари ҳамда Бош прокуратура билан биргаликда қўшма тергов гуруҳига аъзо бўлиб киргани билан боғлади. Ҳасан Асадовнинг ўзига нисбатан амалга оширилган қотилликни айнан мана шу гуруҳга аъзо бўлганлиги билан боғлашаяпти. Буни бизга бир манба берди.

Бу манбанинг айтиб берган яна бир маълумотига кўра¸ Кўкчадаги отишмалардан икки-уч кун илгари охирги қотилликлардан сўнг ИИВ да ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларида юқори лавозимли шахсларга давлат идоралари раҳбарияти томонидан расмий огоҳлантириш бўлган. Расмий огоҳлантиришда ўзларига эҳтиëт бўлиб юришлари¸ хизмат мавқеи ортидан уларга суиқасд уюштирилиши мумкинлиги ҳақида ëзилган. Бу маълумотлар отишма ва қотилликлар орасида боғлиқлик борлигини тасдиқлаши мумкин. Лекин ҳозирча бу маълумотлари бошқа манбалардан текшириб кўриш имкони бўлмади¸ дейди Суҳроб Исмоилов

Журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, ҳозир Тошкентнинг Кўкча даҳасида вазият тинч. Аҳоли журналистларга бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳеч нарса гапирмаяпти.

- Ҳозир у ерда одамлар сукунатга чўмган, ҳеч ким ҳеч нарса гапирмаяпти. Бу жуда ажабланарли. Сабаби 2004 йилда Тошкентнинг Яланғоч мавзесида портлашлар бўлганида ҳамма кўрганлари ҳақида эркин гапирар эди. Ҳозир эса одамлар худди мум тишлагандай, дейди Волосевич.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, отишмадан кейин милиция ходимлари ва маҳалла раислари оиласида диний экстремизм айблари билан қамалган кишилар бўлган хонадонларга кириб, оила аъзоларининг отишма пайти қаерда бўлгани ҳақида суриштира бошлаган.

- Бизга энг қизиқ туюлган ҳолати¸ отишмалар бўлган пайтда диний маҳбуслар бор оилаларнинг ота-оналари¸ қариндош-уруғлари маҳалла қўмитаси биносига чақирилиб¸ улардан турли хил тушунтириш хатлари олинган¸ отишма пайтида нима қилганликлари¸ қаерда бўлганликларини ëзма шаклда баëн қилиб беришлари талаб қилинган ва 30 август куни ҳам уларни маҳалла қўмиталари хоналарига чақириб¸ тушунтириш ишлари олиб борилган. Бу инсон ҳуқуқларига зид равишдаги ҳолат бўлиб туюлди¸ дейди “Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Ишончли расмий ахборотнинг йўқлиги боис¸ ҳуқуқ ҳимоячилари Кўкчадаги отишмаю шаҳарда кетма-кет рўй берган қотилликлар ҳақда Тошкентда турли миш-мишларнинг дув-дув тарқалишига сабаб бўлаëтганини айтмоқдалар. Бундай миш-мишчилар орасида¸ бу қотилликлар ва унинг ортидаги амалиëтнинг ҳукумат ўзи уюштирган фитнадир, деяётганлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG