Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:50

Журналистни озод қилиш сўралмоқда


Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Ўзбекистонни дунëдаги сўз эркинлиги энг кўп бўғилаëтган давлат деб билади.
Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Ўзбекистонни дунëдаги сўз эркинлиги энг кўп бўғилаëтган давлат деб билади.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят апелляция судига мурожаат қилиб, Дилмурод Саййидга нисбатан чиқарилган дастлабки суд ҳукмини бекор қилишни сўради.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ходими Музаффар Сулаймоновга кўра, қўмита Дилмурод Саййид иши Самарқанд вилоят апелляция судида кўрилиши олдидан пресс-релиз тарқатиб, апелляция маҳкамасини адолатли ўтказишга чақирди.

- Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мустақил журналист Дилмурод Саййид тақдиридан қаттиқ хавотир билдириб, унинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан 12,5 йилга қамалганини кескин қоралайди.

Судда унга қўйилган айбловларнинг бирортаси ўз исботини топмади. Прокуратура унинг кимдандир пул олганлиги фактини исботлай олмади. Уни товламачиликда айблаб ҳибсга олишган эди, лекин кейинчалик жабрланувчи ва гувоҳлар унга туҳмат қилганлигини айтишди. Маҳкама жараёнида бу ҳолатларнинг инобатга олинмагани Дилмурод Саййиднинг журналист ёки ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти учун қамашди¸ деган фикрни уйғотади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят судига мурожаат қилиб, Дилмурод Саййидга чиқарилган 12,5 йиллик қамоқ ҳукмини бекор қилишни сўраган.

Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача ҳам мустақил журналистлар билан муомала қилишни ўрганмади. Ҳукумат журналистлар билан мулоқот қилиш ўрнига уларни фақат қамоққа тиқади. Бизнинг ҳисобимиз бўйича, Ўзбекистон қамоқхоналарида камида етти журналист ётибди. Яна уларнинг барчаси узоқ муддатларга қамалган.

Ўзбекистон Марказий Осий давлатлари орасида журналистларни қамаш бўйича биринчи ўринда туради. Ўзбекистон бу борада минтақадаги энг шармандали ҳудуддир, дейди Музаффар Сулайманов.

12, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Дилмурод Саййид дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси асосида товламачиликда айбланди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “пулни Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Аммо тергов жараёнида бу кўрсатмалар инобатга олинмади, аксинча, журналистга янги айбловлар қўйилди.

Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айбланиб¸ маҳкамага тортилган эди.

Дилмурод Саййиднинг ҳимоячиларига кўра, ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар маҳкама жараёнида ўз исботини топмаган.

Адвокат Руҳиддин Комиловга кўра, апелляция ҳам Дилмурод Саййид фойдасига бўлмаса, унинг ҳимоячилари охиригача курашишга бел боғлаганлар.

- 30 июлдаги жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судининг машҳур ҳукмидан кейин биз бу ҳукм устидан шикоят қилиб¸ жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига апелляция шикояти топширганмиз. Бизга “8 сентябрда иш кўрилар экан” деган хабар келди. Апелляция судида ютқазсак¸ иш жараëни оғирлашади. Кейин назорат тартибида ариза жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раисига¸ Олий судга берилади. Ноумид шайтон. Охирги нафасимиз қолгунча умид қиламиз энди. Бошқа иложимиз йўқ, дейди ҳуқуқ фаолининг адвокати Руҳиддин Комилов.

Бир қатор ҳалқаро ташкилотлар жумладан, ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича бўлими Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йиллик муддатга қамалган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид ишини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Маркази Парижда жойлашган“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалишини қоралаб, бу ҳолатни расмий Тошкентнинг эркин фикр ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мутлақ тоқатсизлигининг навбатдаги намунаси сифатида баҳолади.

- Менимча¸ бу ҳолат яна бир бор Ўзбекистонда эркин фикр билдириш имконлари йўқлиги ва Тошкент ҳукуматининг сўз эркинлигига тоқатсизлиги далолатидир. Ташкилотимиз Самарқанддаги маҳкамадан суд ҳукмини қайта кўриб чиқишни ва журналистни озод этишни талаб қилади, дейди ташкилот вакили Элза Видал.
XS
SM
MD
LG