Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:46

Толибон минтақа учун таҳдидми?


Мустақил кузатувчилар¸ Марказий Осиë ҳукуматлари ўз манфаатлари йўлида толибон таҳдидини бўрттирмоқда¸ деган фикрда.
Мустақил кузатувчилар¸ Марказий Осиë ҳукуматлари ўз манфаатлари йўлида толибон таҳдидини бўрттирмоқда¸ деган фикрда.

Жума куни нисбатан хавфсиз ҳисобланган Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош шимолий Қундуз вилоятида рўй берган қонли воқеа шимолда ҳам зўравонлик кўлами кенгайганидан даракчи бўлди.

Афғонистоннинг айрим шимолий минтақалари толибон ҳаракати бутун Афғонистон устидан назорат ўрнатган даврда ҳам таслим бўлмай¸ толибларга қаршилик кўрсатган эди.

АҚШ бошчилигида 2001 йилда бошланган ҳарбий амалиётлар давомида толибларнинг¸ биринчи галда¸ шимолдан сиқиб чиқарилгани ҳам бежиз эмас. Бугун эса хавфсизлик вазияти яна издан чиқиши мумкинлигидан хавотирга тушган шимолликлар яна қуролланнишни бошладилар. Афғонистон шимолида “Калашников” автоматининг нархи 450 АҚШ долларидан бирдан 650 долларгача кўтарилиши бунинг бир тасдиғи сифатида кўрилди.

Қундузда толибларнинг халқаро коалиция кучларига қарашли икки цистерна бензинни ўғирлаб кетиши уларнинг анча фаоллашганидан бир дарак бўлса, НАТО ҳарбий учқичларининг цистерналарни портлатишдан ўзга чора топа олмагани уларнинг вазиятни назорат қилиш борасида танг ҳолга тушиб қолганини кўрсатади.

Ушбу воқеалар Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош ҳудудида содир бўлаётир. Қундуз вилоятини Тожикистоннинг Хатлон вилоятидан Панж дарёси ажратиб туради. Коалиция кучларидан ўғирлаб кетилган цистерналар Тожикистондан Панж дарёсида америкаликлар қуриб берган кўприк орқали Афғонистонга олиб ўтилган.

Яқиндан бошлаб АҚШ Тожикистон ва Ўзбекистон орқали Қундузга ноҳарбий юклар транзитини йўлга қўйди. Покистон ва Афғонистоннинг пуштун вилоятлари орқали юк ташиш оғирлашгани ва ҳужумларнинг ортгани сабабли муқобил коридорларга эҳтиёж пайдо бўлди. Аммо Қундуз вилояти ҳокими Муҳаммад Умарнинг айтишича, бугунги кунда толиблар айнан шу муқобил йўлни нишонга олишга ҳаракат қилмоқдалар.

- Қудратли бўлган Шимолий Альянс жорий тузумдан узоқлашди ва унга бўлаётган таҳдидлар билан иши бўлмай қолди. Бизнинг Амударё портимиз НАТО таъминотига хизмат қилиши ҳақида эълон қилинганида¸ бу минтақаларда толиблар фаоллашди. Қундузда полиция кучлари кўп бўлмаганлиги туфайли толибларга бу бу ерда ҳаракат қилиш осондир¸ дейди Қундуз вилоятининг ҳокими.

Июл ойида Германия ва Афғонистон қўшинлари Покистондан Афғонистонга қочиб ўтаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларини йўқ қилишга қаратилган амалиётни бошлаб юборди. Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари ўзларига чегарадош ҳудудларда вазиятнинг беқарорлашувидан хавотирга тушаётган бўлишлари мумкин. Аммо Лондондаги террорчилик ва жангарилик масалаларини тадқиқ этувчи Jane’s маркази эксперти Вил Ҳартлей жангариларнинг шимолий таъминот коридорига таҳдид солиши мумкинлигига ишонмайди.

- Марказий Осиёнинг транзит мамлакатларида толибон ҳаракатини қўллаб-қувватловчи аҳоли йўқ. Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақаларда эса¸ аксинча эди. Шунинг учун бу йўналиш юк ташиш учун энг хавфсиз йўналиш бўлиб қолади. Тожикистон ва Ўзбекистонда жангарилар томонидан бир неча ҳужумлар уюштирилганини кузатдик¸ аммо вазият беқарорлашгани йўқ. Ғарб таъсирида Марказий Осиёда вазиятнинг беқарорлашуви ҳақида россияликлар гапириши мумкин. Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳам ўз мақсадларидан келиб чиқиб бундай иддаоларни қилавериши мумкин. Аммо бу фақат уларнинг минтақада АҚШ ҳозирлигига қарши чиқиши билан боғлиқдир¸ дейди Вил Ҳартлей.
XS
SM
MD
LG