Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Лондонда ахлоқли киссавурлар пайдо бўлди


Лондон кўчаларидаги ахлоқли киссавурлар фаолияти жамоатчилик танқидига учрамади.
Лондон кўчаларидаги ахлоқли киссавурлар фаолияти жамоатчилик танқидига учрамади.

Буюк Британия кўчаларида “ўз касбининг устаси” бўлган 20 нафар киссавур йўловчилар чўнтагига икки ой давомида билдирмасдан пул ташлаб юрди.

Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг Лондондаги мухбири йўловчилар ўз чўнтакларида ва сумкаларида 5 фунтдан 20 фунтгача қийматга эга бўлган пулларни топиб¸ ҳайратга тушганларини айтади.

Аввалига пуллар лондонликларнинг, кейинроқ эса бошқа шаҳарларда истиқомат қилувчиларнинг чўнтакларида пайдо бўла бошлади. Британияликларнинг ҳайрати янада ошди: “Ким экан у, ўғирлаш ўрнига пул солиб қўяётган мард киссавур?”

Фақат Британиядаги Talk Talk уяли алоқа оператори ўз реклама тадбири ҳақида маълумот бергачгина масалага ойдинлик киритилди.

Маълум бўлишича, уяли алоқа ширкати реклама тадбири учун 20 нафар собиқ киссавурни ишга ёллаган. Собиқ киссавурлар билдирмасдан 5,10 ва 20 фунтлик пулларни Talk Talk уяли алоқа оператори карточкаси билан биргаликда йўловчиларнинг чўнтакларига солиб қўйганлар.

Бундай реклама тадбири тез орада ўз самарасини берди. Август ойида Talk Talk ширкатининг даромадлари кескин кўпайди. Компаниянинг ўзи эса бу тадбир учун юз минг фунт маблағ сарфлади.

Қизиғи шундаки, бундай тадбир ўтказилишидан Британия полицияси ҳам хабардор бўлган. Полиция собиқ киссавурлар чўнтак кесиш ўрнига одамлар чўнтагига пул солиб қўйишига ишонмаган бўлса-да, тадбирни таъқиқламади.

Реклама тадбири муаллифи Алекс Вуднинг айтишича, аҳолига пул тарқатишдан мақсад муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эди.

- Собиқ киссавурлар асосан камбағал ва оддий одамлар яшайдиган ҳудудларда бўлиб, пулларни ҳам муҳтожлар чўнтагига ташлаганлар. Бу ҳақда уларга алоҳида кўрсатма берилган,- деди Алекс Вуд.

Тадбир учун киссавурларни эса Лондон жиноят оламида катта алоқаларга эга бўлган собиқ ўғри Крис Фитч танлаган. Ҳар бир ижрочининг шу кунларда киссавурлик билан шуғулланмай қўйганлиги тўғрисида полициядан ва муқобил манбалардан ишончли маълумотлар тўпланган. Шундан сўнггина собиқ киссавурлар тадбирга жалб қилинганлар.

Крис Фитчнинг айтишича, собиқ киссавурлар учун бу реклама тадбири катта аҳлоқий сабоқ ҳам бўлган.

- Мен ҳар сафар бирон бир одамнинг чўнтагига пул солаётганимда, бир вақтлар киссавурлик қилиб, гуноҳга ботганимни эсладим. Айни пайтда муҳтож одамлар чўнтагига пул солаётиб, ўша гуноҳларимни юваётгандек сездим ўзимни, - деди собиқ киссавур.

Энг қизиғи шундаки, тадбир давомида одамлар чўнтагига пул солаётган бирорта ҳам киссавур полиция ёки одамлар диққатини ўзига жалб қилмаган.

Лондон полициясига кўра, шаҳар марказидаги кўчаларнинг ҳар бир қадамига ўрнатилган видеокамералардан ҳам ҳам киссавурлар фаолиятига боғлиқ тасвирлар топилмаган.
XS
SM
MD
LG