Линклар

Сўғдда ОИТВ кучаймоқда


Тожикистоннинг Сўғд вилоятида шу йилнинг 8 ойи мобайнида ОИТВга чалинган 166 одам аниқланди.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида шу йилнинг 8 ойи мобайнида ОИТВга чалинган 166 одам аниқланди.

«Мен ОИТВга чалинганман». Тожикистонда ОИТВга чалинган илк одам аниқланганданг бери биринчи марта 30 ёшли хўжандлик мустақил телеканал орқали ана шундай сўзлар билан ёшларга мурожаат қилди.

Сўғдлик Василий Избрехт Хўжанд шаҳридаги биринчи мустақил телеканал орқали чиқиш қилиб, ОИТВга чалингани ҳақида гапирди.

-Мен Хўжанд шаҳар 1- қамоқхонасида ОИТВга чалиндим. Бунга шу коллония вакиллари сабаб бўлишди. Чунки у ерда турли касалликларга, ОИТВга чалинганлар ҳам бир жойда, соғлом маҳбуслар билан бирга сақланишади.

Касаллар алоҳида камераларга ажратилмаган.Телевидение орқали чиқиш қилишимдан мақсад, ёшларни мана шу вабодан эҳтиёт қилишдир. Чунки ҳанузгача кўплаб тожикистонликлар ОИТВ ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас,-дейди Василий.

“Бу чиқишингиз билан бошқаларнинг Сизга нисбатан нафрати ошиши, одамлар юз ўгиришидан чўчимадингизми?” деб сўраймиз Василийдан.

- Йўқ, чунки бир кун эмас бир кун барибир аниқ бўларди. Бу чиқишимдан асосий мақсад ОИТВга чалинганлар ҳам инсон, фақат касал эканлиги, улар ёрдамга муҳтож эканлиги ҳақида гапириб, мазкур касаллик фақатгина накротикларни игна орқали қабул қилиш ва жинсий алоқа орқалигина юқишини ўқтириш эди.

Ёнимда Хўжанд шаҳар ҳокимияти вакили ўтирган эди ва мен ОИТВга чалинганман, деганимда, у ўрнидан туриб бошқа жойга ўтирди.

Кўрдингизми, ҳаттоки ҳукумат вакиллари ҳам ОИТВ даб -дурустдан одамга юқмаслигини билмайди. Айтмоқчиманки, тожикистонликларнинг кўпчилиги, ОИТВ ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Шунинг учун ҳам биз - бир гуруҳ ташаббускорлар “ОИТВ билан яшовчи одамлар” жамиятини ташкил этдик, - деди Василий.

Вилоят ОИТВга қарши кураш марказининг раҳбари Абдужалол Жабборовнинг айтишича, ОИТВга чалинаётганларнинг ёши 20- 40 атрофида. Уларнинг 58 фоизи игна санчувчи гиёҳвандлардир.

- Сўғд вилоятида жорий йил саккиз ой давомида ОИТВга чалинган 166 киши аниқланди. Шунингдек, ВИЧ, СПИДнинг онадан боласига ўтганлиги бўйича икки холат ҳам қайд этилди. Ҳозир бу чақалоқлар хам шифокорлар назорати остида. Бироқ жинсий алоқалар орқали ОИТВ тез тарқалиши кузатилмоқда, -дейди Абдужалол Жабборов.

Бундан етти йил олдин ОИТВга чалинганлар шимолий Тожикистоннинг фақатгина Қайроққум, Хўжанд ва Чкалов каби шаҳарларида аниқланган эди. Бугунги кунда эса Сўғд вилоятининг деярли ҳамма шаҳар ва туманларида ВИЧга чалинганлар пайдо бўлганлиги мутахассисларни ташвишга солган. Шу кунга қадар юзга яқин сўғдлик ҳали давоси топилмаган бу дарддан вафот этди.

“ОИТВ-ШАРҚ-ҒАРБ” халқаро ташкилоти вакили Никола Контининг сўзларига кўра, мазкур касаллик бутун Марказий Осиёда тез суратларда тарқалмокда.

- Бугун ОИТВ билан боглиқ вазият Марказий Осиёнинг барча йирик шаҳарларида ташвишли ҳол бўлиб қолмоқда.Чунки ОИТВ жинсий алоқа орқали тез тарқалмоқда.

Биз ОИТВга қарши кураш тадбирларига, жумладан, Сўғд вилоятида дин вакилларини жалб қилдик. Улар ёшлар орасида мазкур касаллик оқибатлари ҳақида суҳбатлар ўтказишмоқда, - деди Никола Конти.

Жаҳон Глобал жамғармаси ёрдами билан минтақанинг Зафаробод, Ғончи, Панжакент, Истаравшан ва Исфара шаҳарларида туманлараро текширув-аниқлаш лабораториялари очилди.

Кузатувчилар текширувлар бир неча марта ўтказилаётганини таъкидлашса-да, “ҳақиқий аҳволни тўла аниқлаш мушкул”,дейишади. Чунки биринчи навбатда ажратилаётган маблағ етарли эмас. Иккинчидан эса текширишлар жараёнидан яна меҳнат мухожирлари ва уларнинг оилалари четда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG