Линклар

logo-print

Вашингтон ташвиш билдирди

  • Ҳасанжон

АҚШ учқичлари 4 сентябр куни ташлаган бомба оқибатида 90 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

АҚШ учқичлари 4 сентябр куни ташлаган бомба оқибатида 90 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Оқ Уй Афғонистоннинг Қундуз вилоятида Толиблар ўғирлаб кетган иккита ёнилғи танкерига АҚШ учқичлари бомба ташлагани оқибатида тинч аҳоли вакиллар қурбон бўлгани ҳақида “жиддий ташвиш” билдирди.

Оқ Уй бу воқеа юзасидан текширув ўтказилишини маълум қилди. Вазиятни яқиндан ўрганиш учун Қундуз вилоятига НАТО, БМТ ва Афғонистон ҳукумати вакилларидан иборат гуруҳ жўнаб кетди.

Маълумотларга кўра, Толиблар Тожикистондан Кобулга ёнилғи олиб кетаётган машинани ўғирлаб, 4 сентябр куни эрталаб одамларга текинга ёнилғи тарқатаётган пайтда портлаш содир бўлган. Афғонистон расмийларига кўра, портлаш оқибатида тахминан 90 киши ўлган.

Қурбонлар ҳақида қарама-қарши маълумотлар бор. Афғонистондаги расмий манбаларда ўлганлардан 50 нафари исёнчилар экани билдирилган.

НАТОнинг матбуот котиби Жеймс Аппатурай Озодлик радиосига берган интрвюсида ҳаво ҳужуми уюштирилган пайтдаги вазият ва кимлар қурбон бўлгани хусусида тўлиқ текширув ўтказилишини айтди.

- Биз ҳаммамиз дуч келаётган муаммо, албатта, бу Толиблар ва бошқа исёнчи гуруҳлар. Афғонистоннинг бошқа душманлари форма кийиб юрмайди. Улар ҳамма кийган либосни кияди. Улар ҳамма қатори юради. Шу боис ким оддий одам экани ёки Толиблар жангариси эканини аниқлаш нафақат бизнинг аскарларга, балки ҳамма учун жуда қийин, - деди НАТОнинг матбуот котиби.

Ҳам Афғонистон ҳукумати ҳам Ғарб давлатлари НАТОнинг ҳаво ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакиллари ўлгани афғонистонликлар орасида Ғарбга қарши кайфиятни кучайтириши мумкинлигидан ташвишда.

Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида ўлганларни дафн қилиш пайтида одамларнинг ғазаби ҳаддан зиёд ошган. Боиси айрим қурбонлар таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган. Афғонистонлик депутатлар айтганига асосланиб Франс пресс ахборот агентлигининг билдиришича, жангарилар тинч аҳоли орасида талафотлар сонини кўпайтириш орқали маҳаллий аҳолини жориж қўшинларига қарши қўйишга уринмоқда.

БМТ ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган гуруҳлар коалиция кучларининг ҳаво ҳужуми натижасида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлаётганини қоралаган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай эса тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлаган.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар сонини камайтириш мақсадида НАТОнинг Афғонистондаги кучлари қўмондони генерал Станлей МакКристал аҳоли бор жойда ҳаво ҳужумлари ўтказишни қатъий чеклаган.
XS
SM
MD
LG