Линклар

Тошкент Душанбе билан муносабатларни яхшилаяпти

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов фикрича, ҳориж матбуоти ўзбек-тожик муносабатларини қора бўёқларда тасвирлашдан манфаатдор.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов фикрича, ҳориж матбуоти ўзбек-тожик муносабатларини қора бўёқларда тасвирлашдан манфаатдор.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси ўзбек-тожик чегара муаммолари ҳал бўлганини ва яқин фурсатларда бу борада шартнома имзоланиши кутилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов бу борада 4 сентябр куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигига бағишлаб ўтказилган бир учрашувда маълум қилди.

Мазкур тадбирда Тожикистон ҳукумати расмийлари, зиёлилар ҳамда маҳаллий ва хорижий журналистлар қатнашди.

- Жорий йил февралида Душанбе шаҳрида икки давлат қўшма комиссияси Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларининг 85 фоизи аниқланганига доир шартномани тасдиқлаган эди. Сўнгра бу ҳужжат иккала мамлакат парламентида ҳам баравар ратификация қилинди.
Яқин кунларда Душанбе шаҳрида Давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш давлатлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.

Ўшанда давлатларимиз орасидаги тахминан бир ярим минг километрлик чегараларимизнинг батамом аниқлангани борасидаги энг сўнгги, ҳал қилувчи ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, - деди Шоқосим Шоисломов.

Ўзбекистон элчиси икки қўшни давлат энергетиклари ҳам жипс ҳамкорлик қилаётганлари ва бу борада қатор ҳужжатлар имзоланаётганини маълум қилди.

Лекин ўзбек дипломати иккала мамлакат муносабатларига соя солиб турган энг долзарб муаммо, яъни минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш масаласини четлаб ўтди.

Тожикистон Бош вазири ўринбосари, давлатлараро комиссия аъзоларидан бири Муродали Алимардонов бу тадбирда сўз олиб: “Икки қўшни давлат ўзаро алоқаларни ривожлантиришда ўзларида мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмаётирлар”, деди.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар марказ раиси ўринбосари Сайфулло Сафаровнинг фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик тўсатдан ижобий томонга ўзгариб қолмаган, балки бунга босқичма - босқич эришилган.

- Чегара масаласи энг оғир масалалардан саналади. Бироқ шунга қарамай икки давлат 18 йил ичида бу масалада бир битимга келиша олишди. Бу катта гап.

Биз тожик ва ўзбеклар қадим - қадимдан бир биримизга ёру биродармиз. Шу нуқтаи назардан барча масалаларни, ҳатто у ўта муаммоли бўлсин, биргаликда муроса билан ҳал қилиб олишимизга ишонаман, - деди Сайфулло Сафаров.

Сафаров Ўзбекистон элчисининг хорижлик рўзномалар ўзбек - тожик муносабатларига совуқлик солаётганларига доир фикрларини қувватлар экан: “Бундай рўзномалар одатда пашшадан фил ясашади” дея таъкидлади.

Сиёсий масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Парвиз Мулложонов Ўзбекистоннинг Тожикистон билан алоқаларини тиклаш ҳаракатларини минтақадаги геосиёсий вазият билан боғлайди.

- Сўнгги вақтлар Россия билан алоқалари совий бошлаган Ўзбекистон ўз қўшнилари билан муносабатларини яхшилашга уринмоқда. Зеро Ўзбекистон минтақада сиёсий изоляцияга тушиб қолишдан чўчийди, -дейди таҳлилчи.

Мулложоновнинг таъкидича, Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларининг чигаллашувига чегара, энергетика ва сув муаммолари сабаб бўлмоқда.

Парвиз Мулложонов Ўзбекистон ва Тожикистон “фақат чегара ва энергетикага доир масалалардагина бир битимга кела олади”, деб ҳисоблайди.

- Аммо,- дейди сиёсий таҳлилчи, - минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш масаласида эса икки қўшни яқин йилларда муросага келишига ишониш қийин.

Шунингдек, Парвиз Мулложонов Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тўққиз йилдан буён амал қилаётган виза тартибининг бекор қилинишига ёки ҳеч бўлмаганда соддалаштирилишига ҳам ишонмаслигини айтади.

- Ўзбекистон ҳукумати мухолиф кучларнинг ўз ҳудудига кириши олдини олиш мақсадида Тожикистон билан виза тартибини жорий қилган эди.

Аммо айни вақтда виза тартибининг бекор қилинишидан Тожикистон ҳукумати ҳам манфаатдор эмас. Чунки айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг минглаб тарафдорлари яшаб, фаолият қилади.

Тожикистон ҳукумати мамлакат хавфсизлигини хавф остига солиши мумкин бўлган бу тўданинг бу томонга кириб келишини истамайди,- дейди Парвиз Мулложонов.
XS
SM
MD
LG