Линклар

Венесуэла президенти Ашхободга келди


Венесуэла президенти Уго Чавес Туркманистонга сафар қилмоқда.

Якшанба куни Эрон сафарини якунлаб Ашхободга келган Чавес Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва ҳукумат расмийлари билан учрашади.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, газ экспорт қилувчи давлатлар картелини ташкил этиш масаласининг Ашхобот сўзлашувларининг диққат марказида бўлиши кутилмоқда.

Венесуэла президенти газ экспорт қилувчи давлатларнинг ОПЕК каби ташкилотини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу ғояни Россия, Эрон ва Қатар давлатлари ҳам муҳокама қилган. Уго Чавес Лотин Америкаси давлатлари раҳбарлари орасида Туркманистонга борган биринчи президентдир.

Чавес Туркманистондан сўнг Беларус ва Россияга ҳам сафар қилади.

Айни пайтда¸ Ашхободдан аввал Теҳронга сафар қилган Чавес ўз давлати кунига 20 минг баррел миқдордаги нефтни Эронга етказиб беришини айтди.

Чавес АҚШга душман давлатларни дастаклаш ва Лотин Америкасида Вашингтон таъсирини камайтиришда нефтдан фойдаланиб келади. 5 сентяб куни ўтказилган сўзлашувлардан сўнг президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон ва Венесуэланинг душмани бир эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG