Линклар

Ал-Барадей Эронни ҳамкорликка чақирди


Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад Ал-Барадей Эрон ядровий дастури масаласида агентлик боши берк кўчага кириб қолганини маълум қилди.

- Эрон ядровий дастури билан боғлиқ барча масалаларда биз боши берк кўчага кириб қолганмиз. Эрон БМТ хавфсизлик кенгаши талаб қилган уранни тўйинтириш ишлари ёки ядровий дастурга таалуқли лойиҳаларни тўхтатмади. Бундан ташқари Эрон Қўшимча протокол талабларини ҳам жорий қилмади, деди Ал-Барадей.

Халқаро агентликнинг Венада иш бошлаган йиғинида чиқиш қилган Ал-Барадей Эронни ядровий дастур борасида билдирилаётган ташвишлар юзасидан халқаро агентлик билан ҳамкорлик қилишга ундади.

Бир ҳафта давом этадиган йиғинда Атом энергияси халқаро агентлиги мутасаддилари Эрон ядровий дастурига оид яқинда эълон қилинган ҳисоботни муҳокама қиладилар. Мазкур ҳисоботда Эроннинг халқаро агентлик билан ҳамкорлик қилмаётгани алоҳида қайд этилган.
XS
SM
MD
LG