Линклар

logo-print

Етти тиллик саводхонлик

  • Абдулла Искандар

Ўқувчилар қани? Ҳамма пахтада!

Ўқувчилар қани? Ҳамма пахтада!

ЮНЕСКО ташаббуси билан ҳар йил нишонланиладиган 8 сенябрда Ўзбекистондаги саводхонлик манзараси ҳақда гапираëтган зиëлиларга кўра¸ вазият расмий Тошкент тасвирлаëтганидан кўра анча ғариб.

1966 йилдан бери ўтказилаëтган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, жаҳон бўйлаб саводсизликни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга диққат-эътибор жалб этиш ва бу жараëнни рағбатлантиришдир.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ҳозир жаҳон бўйлаб 776 миллион одам саводсиз. 75 миллиондан ортиқ бола ўқиш ëки ëзишни ўрганиш имкониятидан маҳрумдир.

Ўзбекистонда барча болалар мактабларга жалб қилинган ва бизда саводлилик даражаси 100 фоизни ташкил қилади¸ дейди Озодлик радиоси билан суҳбатда Халқ таълими вазирлиги бошқармаси вакили Йўлдош Асадов.

Йўлдош Асадов: Ўзбекистон дунëда саводхонлик масаласида энг олдинги давлатлардан биттаси ҳисобланади. Мен боя телефон қилганингизда ҳам айтган эдим. Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар ўтказган тадқиқотнинг натижаси ҳам буни кўрсатиб турибди. Бизда саводхонлик даражаси 100 фоиз¸ десак хато бўлмайди. Чунки конституциямизга мувофиқ давлат томонидан бепул кафолатланган мажбурий таълимга ҳамма тортилиши шарт.

Озодлик: Баъзи бир ота-оналар болаларини мактабга юбормасдан бозорга юборса¸ сизлар уни мажбур қила оласизларми?

Йўлдош Асадов: Биринчидан¸ ота-оналар билан ишлаймиз. Чунки боланинг келажагини ўйлаган¸ тақдирини ўйлаган ота-она ¸биринчи навбатда¸ унинг ўқишини ҳам ўйлаши керак. Бундан ташқари¸ таълим тўғрисидаги қонунда ота-онанинг вазифаси белгилаб қўйилган. Фарзандининг умумий ўрта таълим¸ касб-ҳунар таълимини олишга шароит яратиш масъулияти ота-онанинг зиммасига юклатилган.

Озодлик: Шунга қарамасдан бозорда арава ҳайдаëтган болаларни кўрамиз ва бу болалар мактаб ëшида. Бу болаларнинг тенгдошлари мактабда юрибди. Буларни ким назорат қилади?

Йўлдош Асадов: Бу энди дарсдан кейин борган бўлиши мумкин. Лекин булар назоратга олинган ва улар билан иш олиб борилаяпти. Айримлари дарсдан кейин ота-онаси билан бирга чиқиши мумкин. Уни таъқиқлаб бўлмайдию. Ота-она биринчи навбатда фарзандининг таълим олишини таъминлаб бериши керак. Бу қонунда ҳам белгилаб қўйилган.

Озодлик: Мен баъзи ота-оналар билан гаплашсам¸ ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг савияси ëмон бўлгани учун рус тилидаги мактабларга бераяпмиз¸ дейишаяпти.

- Биринчидан¸ Ўзбекистонда болаларимиз етти тилда ўқитилади. Бошқа бирорта давлатда бундай эмас. Еттита тилда дарслик чиқарилади¸ машғулотлар ташкил этилади. Фақат Қозоғистонда беш тилда экан. Бошқа бирор мамлкатда еттита тилда ўқитадиган таълим тизими йўқ¸ дейди Халқ таълими вазирлиги бошқармаси вакили Йўлдош Асадов.

Айни пайтда ўзбек мактабларида таълим сифати танқидга учрамоқда¸ шу боис кўпчилик ўз боласини рус мактабларига жойлаштирмоқда¸ аммо аҳвол у ерда ҳам яхши эмас¸ дейди тошкентлик муаллима Фарида опа.

- Мен лицейда дарс бераман. Таълим русча бўлган мактаблардан билими паст болалар келяпти. Карра жадвалини билмайдиганлар¸ ҳарф танимайдиганлар келаяпти. Ўтган йили мен Циркнинг орқасидаги 41-мактаб ишини кузатдим. Ҳамма рус мактаб¸ рус мактаб деб мақтаган бу жойнинг аҳволини кўриб ҳанг-манг бўлиб қолдим. Битта синфда 45 та бола ўқиса¸ қанақа билим ва савод ҳақида гапириш мумкин¸ дейди тошкентлик муаллима.

Фарида опа бу мактаб биноси эски экани¸ синф хоналари таъмирга муҳтожлигини айта туриб мисол келтирди.

- Мактаб тўкиламан¸тўкиламан деб турибди. Битта синф хонасидан иккинчи хонага ўтилади. Парталари эски. Тўртинчи синфда дарс бўлаëтган экан. Синфда 52 бола. Бўлиб ўтилиши керак бўлган фанни биттагина ўқитувчи ўқитмоқда. Олддаги тўртта бола бир нарсаларни уқар¸ аммо орқа қаторлар билганини қилиб ëтибди¸ дейди тошкентлик муаллима.

Тошкент марказидаки аҳвол шундай бўлса¸ бошқа жойларда вазиятни ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги вакили Йўлдош Асадов мақолада келтирилган мактабнинг муаммоси билан яқин кунларда шуғулланажагини билдирди.

- Мана ëзиб қўйдим. Ўрганамиз. Бу мактабнинг таълим бериш жараëнини ўрганамиз. Ўрганиб¸ мониторинг қилиб кўрамиз. Агар шу ҳолат бўладиган бўлса¸ бунинг устида ишлаймиз¸ дейди Йўлдош Асадов.

Ўзбекистондаги халқ таълими мутасаддилари муаммо ечимидан ва пировардида халқ саводхонлиги ўсишидан манфатдордир¸ дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG