Линклар

logo-print

Тошкент шартидан қайтмаëтир

  • Фаррух Юсуфий

Ҳарбий таҳлилчилар¸ Тошкент қўйган шартлар инобатга олинса¸ Тезкор коллектив кучлардан Россия кўзлаëтган мақсадларнинг барбод бўлажагини айтмоқдалар.

Ҳарбий таҳлилчилар¸ Тошкент қўйган шартлар инобатга олинса¸ Тезкор коллектив кучлардан Россия кўзлаëтган мақсадларнинг барбод бўлажагини айтмоқдалар.

Тошкент расмийсининг “Ўзбекистон ҳеч қачон ва ҳеч бир вазиятда Тезкор коллектив кучларга қўшилмайди”¸ дея қилган баëноти Москва-Тошкент совуқчилигининг давом этаëтганидан янги нишона бўлди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа 3 сентябр куни Россия матбуотида қилган чиқишида, Ўзбекистон ва КХШТ га аъзо бошқа давлатларнинг тезкор кучларни қўллаш масаласига оид позицияларида муайян келишмовчиликлар сақланиб қолаётгани сабабидан расмий Тошкент мазкур келишувга қўшилмаётганини тан олди. Лекин, дея эслатди Бордюжа, “Ўзбекистон ҳукумати Тезкор коллектив кучларнинг фаолияти ва уларнинг қайси принципларга кўра тузилишини кўриб чиқиб, бу борадаги якуний қарорни қабул қилишини айтиб келмоқда”. Бу қарор эса ижобий ёки салбий бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди КХШТ раҳбари.

Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли амалдорнинг душанба куни эълон қилинган баёнотига кўра, “Ўзбекистон ҳеч қачон ва ҳеч бир вазиятда Тезкор коллектив кучларга қўшилмайди ва Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси ўзгармайди”.

СА-News га кўра, исми сир тутилишини истаган Тошкент мулозими Ўзбекистон ўз позицияси ҳақда Россия ҳукуматига кўп марта билдирганини ҳам эслатган.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти матбуот хизмати раҳбари Виталий Струговец бу баёнотдан ҳайрон қолганини айтди.

- Бу мутлақо ҳақиқатга мос эмас. Чунки Ўзбекистон Тезкор коллектив кучлар тўғрисидаги келишувни имзолаган. Яъни Ўзбекистон бундай кучларнинг тузилишига эҳтиёж борлигини эътироф этган. Ҳа, тўғри улар баъзи шартларни илгари сурган, лекин бундай кучларнинг тузилишига эҳтиёж борлигини ҳам тан олган. Ва Ўзбекистон ўзи имзолаган ҳужжатларга биноан, Тезкор коллектив кучлар сафига ўз ҳарбий қисмларини киритишга тайёрлигини изҳор қилган. Демак, бу баёнотни қилган одам ё вазиятни яхши билмайди, ё бундай баёнот уйдирмадир, дейди КХШТ расмийси.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимининг Бордюжа баёнотларига жавобида, “Москва ўз истагини ҳақиқат деб, ўзини ўзи алдамаслиги ва айниқса, Тошкентга у ёки бу шаклда таъсир ўтказишга уринмаслиги, мақсадга мувофиқ бўлишини” алоҳида таъкидлаган.

Струговец КХШТ маъмуриятининг Тошкент раҳбариятига таъсир ўтказиш нияти йўқ, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- КХШТ Бош котиби Николай Бордюжанинг 3 сентябр кунги баёнотида Ўзбекистон билан ташкилотнинг бошқа аъзолари позицияларида муросага эриша олишимизга умид қилаётганимиз айтилди. Биз Ўзбекистон ўз позицияларини қайтадан кўриб чиқиши лозим, деб туриб олганимиз йўқ. У ерда фақатгина КХШТ га аъзо давлатлар мазкур масалада муросага эриша олишига умид қилаётганимиз айтилган. Яъники, бу баёнот ташкилотнинг бошқа аъзолари Ўзбекистон илгари сураётган талабларни қондириши ёки Ўзбекистоннинг ўзи илгари сураётган тўртта шарт хусусидаги позицияси ўзгаришига умид қилаётганимизни англатади, дейди Струговец.

Эслатиб ўтамиз, КХШТ нинг 14 июн саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тезкор коллектив кучларни тузишга оид келишувни ўзининг “ўзгача фикрини” ифода этувчи тўртта талаби инобатга олиниши шарти билан имзолаган эди.

Бу шартларнинг биринчиси¸ келишув барча аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинмагунича, уни вақтинчалик кучга киритмаслик; иккинчиси, тезкор кучларни ишга солиш қарори, кўпчилик овоз билан эмас, барча аъзо давлатлар розилиги билан қабул қилиниши; учинчиси, тезкор кучларнинг у ёки бу мамлакатга юборилиши миллий қонунларга зид бўлмаслиги; тўртинчиси, тезкор кучларнинг КХШТ ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги можароларда ишлатилмаслигидан иборат.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубновга кўра, Тошкентнинг шартлари қабул қилинса¸ тезкор кучларни тузишдан маъни қолмайди ва шу сабабдан КХШТ га аъзо бошқа давлатлар, айниқса Россия уларни қабул қила олмайди. Лекин Тошкентнинг ҳам ўз талабларидан қайтишга мойиллик кўрсатмаётгани мазкур келишув истқболларини шубҳа остига қўяди, деб давом этади таҳлилчи.

- Бу келишув кучга кирган¸ қабилидаги баландпарвоз гаплар, бир тийинга қиммат. Албатта, у кучга киргани йўқ. Маълумки, Ўзбекистондан ташқари унга Беларус ҳам қўшилмаган. КХШТ расмийларининг бу қабилдаги баёнотлари, уларнинг бу ташкилотнинг ҳуқуқий мавқеига бўлган муносбатлари ҳаминқадар эканини кўрсатади.

Ўзи Николай Бордюжанинг ҳақиқатдан йироқ баёнотлар қиладиган одати бор. Унинг охирги баёноти ҳам истакни ҳақиқат, деб кўрсатиш уринишларининг навбатдагиси бўлди. Афтидан¸ Тошкентда бу баёнотнинг Ўзбекистонга нисбатан қандайдир босим ўтказиш ниятида қилинганини илғаб олишган кўринади. Ва Ўзбекистон ҳукуматидаги аноним манбанинг жавоби Тошкентнинг ўз позициясидан қайтиш нияти йўқлигини кўрсатиб турибди, дейди Дубнов

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин КХШТ фаолияти йиллардан бери самарасиз бўлгани каби, унинг қошида яратилаётган тузилмадан наф чиқиши ҳам амримаҳол эканини Тошкент ҳукумати яхши тушуниб турибди, дейди.

- Тошкентнинг позициясини тушуниш мумкин. Тезкор коллектив кучлар ўзи нима, улар ҳали тузилмаган. КХШТ нинг тарихини олиб қарасангиз, унинг Тожикистонда мақсадли ишга солингани ҳисобга олинмаганда, самарасиз бир ташкилот бўлганини кўриш мумкин. Ҳозир президент Каримов КХШТ дан ҳам, тезкор кучлардан ҳам бирор наф чиқмаслигини яхши тушуниб турибди. Ўзи Тезкор коллектив кучларнинг Россия ёки бошқа давлатларга нима наф келтириши ҳам мавҳум бўлиб турибди. КХШТ нинг лаёқатсиз ташкилотга айланиб қолганини Каримов, қолаверса НАТО ҳам яхши билади, дейди ҳарбий таҳлилчи Мухин.

Айни пайтда, ўтган ой охирида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аксилтеррорчилик фаолиятига оид келишувни ҳам, Ўзбекистон энди ташкилотнинг ҳарбий машқларида фақат кузатувчи сифатида иштирок этиши шарти билан ратификация қилди.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистоннинг ҳам Тезкор коллектив кучлар, ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳарбий фаолиятига оид “ўзгача фикри”, Тошкентнинг Москвага “биздан умидингизни узаверинг” қабилидаги навбатдаги муждасидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG