Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:15

Афғонистондан чиқиш йўли изланмоқда


Лондон ва Берлин раҳбарлари эълон қилган ташаббусга¸ Париж раҳбарияти ҳам қўшилмоқда.
Лондон ва Берлин раҳбарлари эълон қилган ташаббусга¸ Париж раҳбарияти ҳам қўшилмоқда.

Европа иттифоқига аъзо давлатлар Афғонистон келажаги муҳокама этиладиган халқаро анжуман ташкил этиш ва мамлакат келажаги учун маъсулиятни Кобул зиммасига юклаш ташаббуси билан чиқмоқда.

Бундай ташаббус Афғонистондаги президентлик сайлови чоғида овозлар сохталаштирилганидан дарак берувчи маълумотлар сони ортиб бораётган ва бу ҳануз натижаси тугал бўлмаган президентлик сайловининг қонунийлигига қуюқ соя солаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Британия, Германия ва Франция расмийлари БМТ етакчилигида Афғонистон келажагига оид халқаро анжуман ташкил этиш ва мамлакат хавфсизлиги учун жавобгарликни имкон қадар кенгроқ ҳамда тезроқ Афғонистон расмийларига ўтказиш масалаларини муҳокама этиш таклифини билдирмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркел ва Британия Бош вазири Гордон Браун 6 сентябр куни Берлинда ўтган матбуот анжуманида бу икки давлат билан бирга Франция илгари сурган шу ташаббусни эълон қилди.

АҚШ дан сўнг Европанинг шу уч давлати Афғонистонга кўпсонли ҳарбий киритган давлатлардир. Бугунги кунда бу уч давлат қўшинларининг умумий сони 17 мингга яқинни ташкил қилади.

Айни пайтда ҳар уч давлатда саккиз йилдан буён толибонга қарши бораётган урушнинг самарасизлиги хусусида жамоатчилик норозилиги ортиб бормоқда.

Германия канцлери Ангела Меркел Афғонистон ҳукуматига мурожаат қилар экан, уларнинг тез орада масъулиятни ўз зиммасига олиш лозимлигини англаши зарурлигини таъкидлади.

- Бизнинг мақсадимиз Афғонистон ҳукуматини яқинлашаётган ўтиш даврига, масъулиятнинг асосий қисмини ўз зиммасига олишга тайёрлашдир. Биз бу масалада тайёргарлик ва фуқаролик объектларини қайта тиклашга ёрдам берамиз. Айни вақтда Афғонистондаги хавфсизлик тизимини ҳам кўздан қочирмаслик мақсадидамиз. Биз ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бу масалада илгарилашимиз лозим ва афғонистонликлар ўз хавфсизлиги бўйича масъулиятни қанчалик кўп зиммасига олса, халқаро ҳамжамиятнинг бу масаладаги иштироки шунчалик камаяди, деди Германия канцлери.

Германия канцлерининг бу чақириғи ўз давлати фуқароларининг учдан икки қисми немис ҳарбийларининг Афғонистон миссиясидаги иштирокини қоралаётган бир паллага тўғри келмоқда.

9000 аскари Афғонистон жанубига жойлаштирилган Британия Бош вазири Гордон Браун ҳам ушбу урушдан норозиларнинг кундан кунга ортиб бораётган эътирозлари остида қолмоқда.

У Афғонистонга оид халқаро анжуман келгуси бир неча ҳафта ичида уюштирилиши зарурлигини уқдирар экан, шундай деди:

- Биз Афғонистон бобида таклиф қилаётган нуфузли халқаро анжуман шу йил якунланмасидан ўтказилиши лозим. Бу анжуманда хавфсизлик, мамлакат бошқаруви ҳамда тараққиёти масалалари муҳокама этилиши лозим, деди Британия Бош вазири Гордон Браун.

Меркел ва Браун таклиф қилаётган бу анжуманда Афғонистонинг янги сайланган ҳукумати, БМТ, НАТО ҳамда НАТО нинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётида иштирок этган давлатларнинг қатнашиши сўралмоқда.

Ҳозирча, Европанинг бу таклифига АҚШ ва Афғонистон расмийлари ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Бироқ, мамлакатдаги бугунги вазият Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти лаёқатини шубҳа остига қўймоқда ва шу боис, Ғарб сиёсатчиларининг бу борадаги хавотирлари кучаймоқда.

Гарчи яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Карзайнинг етакчилик қилаётгани аввал бошдан айтилаётган бўлса-да, унинг қарийб нақд ғалабасига сайловдаги қонунбузарликлар ҳақида билдирилаётган кўпсонли айбловлар жиддийгина соя ташлади.

6 сентябр кунги баёнотида Афғонистон сайлов комиссиясининг етакчи расмийси Дауд Али Нажафий шикоятлар асосида олиб борилган текширувлар натижасида 28 мингта овоз бериш участкасидан 447 тага яқинидан олинган натижалар бекор қилинганини маълум қилди.

- Биз баъзи овоз бериш участкаларидаги қаллобликларга оид етарли далилларга эгамиз. Биз шундай участкалардан олинган натижаларни бекор қилдик. Бу далиллар жойлардаги гуруҳларимизнинг текширувлари натижасида қўлга киритилган, деди Афғонистон сайлов комиссияси расмийси.

Айни пайтда бундай ҳолларда сиёсий рақиб фракциялар ўзаро келишиб, ҳукуматни бўлишиши модели Афғонистонда иш бермаслиги мумкин. Зотан, Карзай рақиблари бундай моделни аллақачон рад этган.

Шунингдек, Карзай ҳокимияти ҳам хориж воситачилигидаги бирор бир муроса йўлига рўйхушлик кўрсатаётгани йўқ. Озодлик суҳбатлашган Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳмад Зоҳир Фақирий ҳар қандай ташқи аралашувни кескин рад этди.

- Сайловлар бу Афғонистоннинг ички иши. Биз мустақил сайлов комиссияси ва шикоятларни ўрганиш бўйича мустақил комиссия назорати остида сайловлар ўтказишнинг ўзига хос механизмига эгамиз. Улар ўз вазифасини бажариши лозим. Биз ички масалаларимизни кимдир ташқаридан туриб мунозара қилишини маъқуллай олмаймиз. Бу қабул қилиб бўлмас ҳолдир, деди Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Айни пайтда президент Ҳамид Карзай ҳам Францияда чоп этиладиган “Le Figaro” нашрига берган интервьюсида Ғарб ахборот воситаларида янграётган танқидларга жавобан: “Агар кимдир матбуотни манипуляция қилиш воситасида қўғирчоқ ҳукуматни яратишга интилаётган бўлса, овора бўлмасин, бу иш бермайди”, деди.

Гарчи Афғонистон келажаги хусусида Ғарбда бораётган баҳслар ҳануз, асосан, ҳарбий амалиётлар натижасига боғланаётган бўлса-да, Ғарб сиёсатчилари мамлакатда пишиб етилаётган сиёсий муаммоларни ҳам ҳал қилишга қодирми ёки йўқ¸ бунинг яқин ҳафталар ичида маълум бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG