Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

Обама огоҳликка даъват этилмоқда


Шарқий ва Марказий Европа ҳукуматлари Обаманинг Кремл билан яқинлашув уринишлари демократик жараëнларга соя солишидан хавотирдалар.
Шарқий ва Марказий Европа ҳукуматлари Обаманинг Кремл билан яқинлашув уринишлари демократик жараëнларга соя солишидан хавотирдалар.

Президент Барак Обаманинг Россия билан алоқаларни яхшилашни АҚШ ташқи сиëсатининг устивор вазифаларидан бири этиб белгилагани Шарқий ва Марказий Европада жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

АҚШ президентининг июл ойида Москвага қилган сафаридан саноқли кунлар ўтиб¸ мазкур минтақа етакчилари Барак Обамага очиқ хат орқали мурожаат қилдилар.

Чехия собиқ президенти Вацлав Ҳавел ва Полша собиқ президенти Лех Валесалар ҳам имзо чеккан мазкур мактубда АҚШ нинг Россия билан яқинлашув эҳтимолидан янги демократиялар учун туғилажак таҳдидлар ҳақда сўз борди.

“Россия бизнинг хавфсизлик борасидаги танловимизни белгилашда имтиëзли мақомга эгалигини айтади. Москва ëнилғи блокадаси ва сиëсий таъмага асосланган сармоялардан тортиб пора беришу матбуот орқали манипуляция қилиш каби иқтисодий урушнинг очиқ ва гизли усулларини ишга солмоқда ва шу йўл билан Марказий ва Шарқий Европани транс-Атлантик йўналишдан оғдиришга уринмоқда”¸ дейилади мазкур мактубда жумладан.

Европа масалалари бўйича Чехия вазири Стефан Фуле¸ Обамага ëзилган ушбу очиқ мактуб ва унда тилга олинган таҳдидни эътиборсиз қолдириш катта хато бўлажагидан огоҳлантиради.

- Бу мактубга ўз давлатларига ситқидилдан хизмат қилган машҳур арбобларнинг қўл қўйгани ва уларнинг Обамага шундай мактуб ëзишни муҳим деб билгани Европанинг бу минтақаларида мавжуд жиддий хавотирлар ифодасидир¸ дейди Чехия вазири.

Айрим кузатувчилар¸ Москва билан муносабатларни яхшилашга уриниш орқали Вашингтон имконсиз бир ишга қўл урганини қайд этмоқдалар. Россия ва Ғарб қадриятлари¸ хусусан сиëсий маданиятидаги улкан жарлик бунга йўл бермайди¸ дейди Давлат думасининг собиқ депутати Владимир Рыжков.

- Россия Бош вазири Владимир Путин режими таянадиган мафкуравий замин таг-туги билан совет моделининг ўзидир. Бу режим аксил-либерал¸аксил-америкавий ва аксил-ғарб пропагандаси олиб бормоқда ва либерал қадриятлар ҳамда демократияни ëмон отлиқ қилишга астойдил уриниб келмоқда¸ дейди ўтмишда Думадаги саноқли мустақил депутатлардан бири саналган Владимир Рыжков.

Кремлдагилар юрғизаëтган бундай сиëсат мамлакат ва унинг аҳолиси эмас¸ балки режим манфаатларигагина хизмат қилаëтгани боис¸ Обама ўзаро муносабатларни Россия жамоатчилигининг турли қатламлари фикрини ҳам инобатга олган ҳолда яхшилаши лозим¸ деб давом этади собиқ депутат.

Владимир Рыжков¸ Обаманинг Москва сафари давомида фақат раҳбарлар эмас¸ балки тадбиркорлар¸ мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоллари билан учрашганини юксак баҳолай туриб¸ унинг ўзаро муносабатларни яхшилаш уринишлари ҳозирча натижа бермаëтганини қайд қилади.

- Обаманинг Москвага қилган сафари АҚШ маъмурияти кўзлаган самарани бергани йўқ. Муҳим масалалар юзасидан томонлар ëндашувида ҳеч қандай ўзгариш кузатилгани йўқ¸ дейди Владимир Рыжков.

Бу ҳолат эса¸ собиқ социалистик блок давлатларидаги демократия тарафдорлари учун совуқ бўлса-да¸ таскин манбаи бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG