Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

"Ўзбекистонда шу ҳам йўқ!"


Глобал иқтисодий бўҳрон сабаб Россияда қурилиш жараëнининг сустлашгани¸ кўплаб муҳожирларни ишсиз қолдирди.
Глобал иқтисодий бўҳрон сабаб Россияда қурилиш жараëнининг сустлашгани¸ кўплаб муҳожирларни ишсиз қолдирди.

БМТ идорасининг¸ меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига юбораëтган пул жўнатмалари ўтган йилга нисбатан 5-8 фоизга камайганига оид хулосасига ўзбек муҳожирлари билдирган лўнда муносабат¸ шу мазмунда бўлди.

БМТ қошидаги Савдо ва тараққиёт Кенгашига кўра¸ дунё бўйлаб давом этаëтган молиявий инқироз, меҳнат муҳожирлари ишлаётган мамлакатларда маҳаллий пул қийматининг долларга нисбатан тушиб кетганлиги меҳнат муҳожирлари юбораëтган пул жўнатмаларининг камайишига сабаб бўлмоқда.

Россия ва Қозоғистондаги миллионлаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вакиллари ҳам бу йилнинг ўзлари учун анча оғир келганлигини айтмоқдалар.

Россиянинг Тула шаҳрида ишлаëтган сурхондарёлик Азмиддин уч йилдан буён Россияга қатнайди. У давлат корхонасида ишлайди. Азмиддиннинг айтишича, ўзи ва ëнидаги ўзбекистонлик муҳожирлар бу йил ўтган йилга нисбатан икки баравар кам пул топмоқдалар:

Азмиддин: Ўтган йил биринчи ойга 20 минг ваъда берган эди¸ шуни берди. Ўтган йил 30 минггача олдимда.

Озодлик: Бу йил қанча олаяпсиз?

Азмиддин: Ҳозир ойлик умуман паст. 10 минг рубл. Бу 300 доллар дегани. 1000-2000 рубл қоринга қолади.

Озодлик: Ўтган йил уйга қанча жўнатар эдингиз ва ҳозир қанча жўнатаяпсиз?

Азмиддин: Янги йилдан кейин 200 доллар жўнатдим.

Озодлик: Бир ойда-а?

- Ҳа¸ бир ойда. Олдин камида 400 доллар жўнатардим. Иш йўқ¸ кўпчилик бекор юрибди. У ëқда ишлайди¸ бу ëқда ишлайди¸ пулини бермайди. Кўпчилик уйига кетаяпти. Қозон вокзалига бир чиқсам¸ одам кўпда¸ дейди Азмиддин.

Бироқ Москва вилоятида турли хил хусусий ишлар билан шуғулланадиган фарғоналик Расулжон аканинг сўзларига кўра, ҳозир давлат корхоналари ва хусусий фирмаларда ишлаш мақбул эмас. Гарчи¸ уларнинг уйга юбораётган пуллари ҳам ўтган йилга нисбатан анча камайган бўлса-да, шахсий уйларда нақд пулга келишиб ишлаш пулни ўз вақтида олишга кафолат беради:

- Энди ҳар хилда. Ўтган йил икки ярим ой давомида¸ сезон пайтида¸ 1000 доллардан ошиқ жўнатдик. Икки киши 2500 долларга етказиб жўнатдик. Ўтган йил ҳар ҳафта пул жўнатар эдик. Шанба куни пул оламизу жўнатамиз. Иккита ишда ишлаëтган эдик. Вақт топиб¸ унисидан бунисига ўтиб ишлаëтган эдик. Иш кўп эди. Икки ярим ой давомида 1000 доллардан ошиқроқ жўнатдик. Бошқа пайтлари йўқ деганда 500-600 доллардан жўнатганмиз. Бу йил унақа бўлмаяпти. Бу йил энг кўп жўнатганимиз 750 доллардан икки киши 1500 доллар жўнатдик. Бу йилги жўнатишимизда 1000 долларга чиққанимиз йўқ. Қолган пайтлари 300-350 доллардан жўнатаяпмиз¸ дейди Расулжон ака.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирлари ўз оилаларига юбораëтган пул жўнатмаларининг камайиб кетишининг¸ асосан икки сабаби бор. Биринчиси, молиявий инқироз сабаб кўп қурилиш ташкилотларининг тўхтаб қолганлиги ва ишсизлик. Иккинчиси эса¸ маҳаллий рублнинг долларга нисбатан қиймати тушиб кетганлиги:

- Курс жуда ҳам тушиб кетганда. Ҳозир 31 рубл нечидирам копейка бўлаяпти. Бу расмий курс. Банклар эса ҳар хил. Биз 33 дан бераяпмиз. Ўтган йил 1000 доллар учун 24 минг рубл берган бўлсак¸ бу йил 33 минг рубл бераяпмиз¸ дейди Расулжон ака.

Москва шаҳрида ишлаётган Андижонлик меҳнат муҳожири Акромжон маошларини ойлаб ололмаётган ўзбекистонликлар ҳақида шундай дейди:

- Беш-олти болалар билан гаплашдим. Беш-олти ой¸ бир йил ишлаб пулини ололмаëтганлар бор. Банкдан пул ажратмагани учун пулимизни ололмаяпмиз¸ дейишаяпти. Бу ерда ҳозир фирмада ишлашаëтган экан. Уч ойдан бери ойлик бермаяпти¸ деяпти. Бухоролик битта акамиз 10 минг рубл олар экан. Ўша “Уч ойдан бери пул йўқ” деяпти. Фақат сутни текин оласиз¸ дейди. Дардини кимга айтади пул йўқ дегандан кейин? Сабр қилиб ишлашаяпти¸ дейди Акромжон.

Лекин топаётган даромадимиз ўтган йилга нисбатан анча камайган бўлса ҳам, биз бу пулни Ўзбекистонда топмаган бўлардик, дейди Расулжон ака.

- Ҳар сафар пул жўнатганимизда уйимиздагилар шунақа хурсанд бўладики¸ буни тасвирлаш қийин. 750 доллар жўнатганимда¸ уйимдагилар “Бу бизнинг пулга салкам бир ярим миллион бўлди” деяпти. Бу пул оддий одамларда йўқ. Фақат Россияда юрганларнинг оиласида бор. Эшитишимиз бўйича¸ Ўзбекистонда бунақа пул топиша олмаяпти экан. Худога шукур қиламизки¸ биз шу ерга келиб қолганмиз. Шу ерда ишлаяпмиз¸ дейди Расулжон ака.

Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари юбораётган пул ялпи ички маҳсулотнинг неча фоизини ташкил этиши ҳақида расмий маълумот йўқ. Бу ҳақда БМТ ҳисоботида ҳам айтилмаган.

Норасмий маълумотларга кўра, меҳнат муҳожирларидан Ўзбекистонга келиб тушаётган пул ялпи ички маҳсулотнинг қарийб ярмини ташкил этади. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг қўшнилари Тожикистонга меҳнат муҳожирлари юбораётган пул ялпи ички маҳсулотнинг 34 фоизини, Қирғизистонда эса 14 фоизини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG