Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:39

Меркел: Асоссиз айбловларга йўл қўймаймиз


Германия канцлери Ангела Меркел Афғонистоннинг Қундуз вилоятида немис ҳарбийлари амалга оширган ҳужум юзасидан текширувлар олиб борилаётганини қайд этди.
Германия канцлери Ангела Меркел Афғонистоннинг Қундуз вилоятида немис ҳарбийлари амалга оширган ҳужум юзасидан текширувлар олиб борилаётганини қайд этди.

Германия канцлери Ангела Меркел сешанба куни мамлакат парламентида чиқиш қилиб, Афғонистоннинг Қундуз вилоятида олиб борилган ҳаво зарбалари юзасидан танқидларни рад этди.

Ўтган жума куни Германия тарафининг буйруғи асосида амалга оширилган ушбу ҳужумда ўнлаб одам ҳаётдан кўз юмган ва улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бўлган.

Аммо канцлер Меркел Афғонистон шимолида олиб борилган ҳаво ҳужуми бўйича текширув ишлари олиб борилаётганини айтиб, танқидчилар ҳовурини босишга уринди.

- Бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлганидан ва бу немис ҳарбийлари ҳатти-ҳаракати оқибатида рўй берганидан чуқур афсусдаман. Аммо асоссиз айбловларга йўл қўймаймиз. Текширувлар вазиятга аниқлик киритади, деди Ангела Меркел.

Қундуздаги ҳаво ҳужумлари ҳам Германия ичкариси ва хорижида катта жанжалга сабаб бўлди.

Қатор европалик сиёсатчилар немис ҳарбийларининг Афғонистондаги ҳатти-ҳаракатини қоралашган ва бундай танқидлар Германия ичкарисида ҳам янграмоқда.

Ўз навбатида, канцлер Ангела Меркел ва Германия мудофаа вазири Франц Йозеф Юнг Афғонистондаги немис ҳарбийлари Толибонга қарши ўта мураккаб шароитда амалиётлар олиб бораётганини билдирганлар.

Афғонистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳи жума куни Қундузда амалга оширилган ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли орасидан 70 га яқин киши ҳалок бўлганини билдирди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Францияда чиқадиган "Le Figaro" газетасига берган суҳбатида Қундуздаги ҳаво зарбаларини немис ҳарбийларининг мудҳиш хатоси сифатида баҳолади.

Айни пайтда канцлер Ангела Меркел ўз чиқишида Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш масъулиятини босқичма-босқич афғон кучларига бериш масаласини кўтарди.

- Иккинчи бор ўтказилаётган президентлик сайловидан сўнг бу масалани Афғонистон раҳбарияти билан муҳокама қилишнинг айни мавриди келди. Шу боис биз БМТ бош котибидан Афғонистон бўйича халқаро анжуманни бу йилдан кечиктирмай ўтказишни сўраяпмиз, деди Ангела Меркел.

Германия Афғонистондаги қўшинлари сони бўйича АҚШ ва Британиядан кейин учинчи ўринда туради.

Ҳозирда Германиянинг 4200 аскардан иборат қўшини Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида хавфсизликни таъминлаш ишларига жалб этилган.

Афғонистоннинг анча йиллар нисбатан тинч бўлиб келган шимолий минтақаларида сўнгги ойларда зўравонликлар кучайган.

Ўтган ой Германия ва Афғонистон кучлари биргаликда мамлакат шимолидаги айрим ҳудудларга кириб фаолият олиб бораётган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига қарши амалиёт ўтказган эди.

Ўтган жума куни Германия тарафининг буйруғи асосида амалга оширилган ҳужумда ўнлаб инсонлар, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмгани айтилмоқда.

Қундуз вилоятида рўй берган ушбу ҳодиса Афғонистондаги Олмония ва Қўшма Штатлар қўмондонлари ўртасидаги муносабатларнинг таранглашишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Толибон халқаро инсон ҳуқуқлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат билан чиқиб, Қундуздаги ҳодиса юзасидан текширув олиб боришга чақирган.

НАТО кучлари томонидан уюштирилган мазкур ҳаво ҳужумларига исёнкорлар томонидан икки ёқилғи танкерининг олиб қочилиши сабаб бўлганди.

Толибон вакилларининг айтишича, ҳодисада бир юз эллик нафар тинч фуқаро қурбон бўлган.

Якшанба куни Берлинда Британия бош вазири Гордон Браун билан берган қўшма матбуот анжуманида Германия канцлери Меркел хоним жорий йил Афғонистонга оид йирик халқаро анжуман ўтказилиши ҳақида эълон қилган.

Британия ва Германия раҳбарларига кўра, Афғонистон масаласига каттароқ масъулият билан ёндошиш мазкур йиғиннинг асосий тезисларидан бири бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG