Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

Карзай олдинда¸ Абдуллоҳ норози


Карзайнинг 50 фоиздан кўп овоз олганига оид баëнот¸ Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.
Карзайнинг 50 фоиздан кўп овоз олганига оид баëнот¸ Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Сешанба куни Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси 20 август кунги президентлик сайловида берилган жами овозларнинг 90 фоизи саналгани ва унда Ҳамид Карзайнинг 54 фоиз овоз билан олдинда бораëтганини билдирди.

Сайлов комиссиясининг иқтидордаги президентнинг ҳали берилган овозлар тўлиқ саналмай туриб¸ 54 фоиз овоз олгани ҳақдаги бу баëноти¸ Афғонистонда сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилиш эҳтимолига соя солмоқда.

Зотан¸ иккинчи давра сайлов даъвогарлардан ҳеч бири 50 фоизу бир овоздан кўпроқ натижа қозонмаган тақдирдагина ўтказилади.

Сайлов комиссияси баëнотига кўра¸ Карзай 54 фоиз¸ унинг асосий рақиби кўрилаëтган собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса¸ 28 фоиз овоз олган.

Айни пайтда¸ Афғонистонда БМТ ҳомийлигида таъсис этилган Сайлов шикоятларини ўрганиш комиссияси¸ 20 август куни мамлакат бўйлаб кенг кўламли қонунбузарлик ва сохтагарликлар содир этилганини кўрсатувчи жиддий далиллар борлигини билдирди.

Шу муносабат билан комиссия 447 сайлов участкасидаги овозлар¸ хусусан овозларнинг 95 фоиздан кўпроғи Ҳамид Карзайга берилди¸ деб топилган участкалардаги бюллетенларни қайтадан санаб чиқиш ҳақда буйруқ берди.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссиясининг 90 фоиз овозлар саналгандан сўнг Карзайнинг ўз рақибидан катта устунликка эгалиги ҳақдаги баëноти Карзай томонидан мамнуният билан қарши олинган бўлса¸ Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

- Мен бу баëнотдан ҳайратга тушмадим¸ зотан воқеаларнинг қай томон ривожланаëтганидан яхши хабарим бор. Мустақил сайлов комиссиясининг президент саройидан бўлаëтган кучли босим остида ишлаëтганидан хабардорман. Комиссия раиси¸ бош қўмондон жаноб Лудин¸ қолаверса котибиятдаги айримлар жаноб Карзай учун ишлашмоқда. Шу боис¸ бу баëнот менга янгилик бўлгани йўқ. Аммо бу Афғонистон халқи ҳафсаласини қаттиқ пир қилди ва у трагикомедиядек янграмоқда¸ деди Мустақил сайлов комиссиясининг сешанба кунги хулосасига муносабат билдирган Абдуллоҳ Абдуллоҳ.

Афғонистонда барқарор ва демократик жамият барпо қилишни ўз ташқи сиëсатининг устивор вазифаларидан бири қилиб белгилаган АҚШ ҳукумати бу баëнотга муносабат билдирар экан¸ сайлов натижаларига оид ҳар қандай хулосанинг ҳалол ва шаффоф бўлиши лозимлигини таъкидлади.

- Бу сайлов натижалари ишончли бўлмоғи ва у Афғонистон халқи иродасини акс эттирмоғи лозим. Шу боис¸ сохтакорликларга оид ҳар қандай айбловни синчиклаб ўрганмоғимиз лозим. Легитим сайлов жараëни тузилажак янги ҳукумат билан қиладиган ҳар қандай ҳамкорлик учун ўта муҳимдир¸ деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Иан Келли.

Карзайнинг асосий рақиби¸ унинг собиқ вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам¸ Кобулда тузилажак ҳукуматнинг Ғарб¸ хусусан НАТО давлатлари таянчини қозониши учун сайлов натижалари ҳалол бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Афсуски¸ жаноб Карзайнинг ўзини тутиши бориб турган маъсулиятсизликдир. Зотан Ғарб томонидан берилган юзлаб миллион доллар¸ НАТО аскарларининг Афғонистонни барқарорлаштириш учун жон бериши эвазига ўтказилган бу сайлов натижаси халқа овози эмас¸ балки сохтакорлик ва қаллоблик асосида белгиланса¸ бунинг оқибати узоқ йилларга чўзилади¸ деди Абдуллоҳ Абдуллоҳ.

Ҳозирча¸ Карзайга ишлаëтгани даъво қилинган Мустақил сайлов комиссияси хулосаси билан БМТ ҳомийлик қилаëтган Сайлов шикоятларини ўрганиш комиссиясининг сўнгги хулосаси қачон ва қандай бўлиши мавҳумлигича қолмоқда.

Бундай вазиятда НАТО га аъзо давлат раҳбарлари¸ хусусан Вашингтон рақобатлашаëтган томонларни сайлов якуний натижаси узил-кесил эълон қилинмагунича¸ босиқ бўлишга чорламоқда.
XS
SM
MD
LG