Линклар

Тожикистон мустақиллик кунини нишонламоқда

  • Гулнора Равшан

Мустақиллик куни муносабати билан¸ Душанбе кўчаларида халқ сайиллари ташкил этилди.

Мустақиллик куни муносабати билан¸ Душанбе кўчаларида халқ сайиллари ташкил этилди.

Байрам муносабати билан Тожикистоннинг турли ҳудудлари ва пойтахт Душанбеда халқ оммавий сайиллари ташкил қилинди. Аммо бу кунда тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам байрамона кайфиятда¸ деб бўлмайди.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрининг Садриддин Айний, Халқлар дўстлиги, Ёшлар каби дам олиш боғлари 9 сентябр эрталабдан одам билан гавжум эди. Энди тетапоя бўлган боладан тортиб қомати эгилиб қолган момогача ҳамма сайилга чиққан. Ҳар гўшада шўх-шўх қўшиқлар янграйди.


Бугун шу мустақилликни нишонлаш учун сайилга чиққан ёшу қарига микрофон тутиб, мустақиллик уларга нима бергани ва шахсий ҳаётларида қандай ўзгаришлар бўлгани билан қизиқдик.

- Мустақиллик тинчлик, ободончилик берди. Мана гўдаклар хурсандчилик қилиш учун байрамга чиқишди, дейди биринчи суҳбатдошимиз.

- Ҳай, бизга ҳам шу - мулкимиз обод бўлди. Мана, президентимиз кам таъминланган оилаларга 15-20 сотихдан ер берган. Шу ерга экин экишади, маҳсулотини бозорга чиқариб сотишади, ҳамма нарса етарли. Ҳозир энди ҳамма ишлайди, дейди ўзини Акромжон деб таништирган суҳбатдошимиз.

Душанбелик Ҳамидахон ая мустақиллик тожикистонлик ёшларнинг истаган хорижий давлатда билим олиши учун имконият берганини айтади.

- Ҳамма томонга йўл очилди. Фарзандларимиз чет элларга бориб ўқишди. Мана, бир ўғлим Туркияда, яна бошқаси Австралияда ўқиб келди. Энди ишлашаяпти. Худога шукур тинчман, нолийдиган жойим йўқ, дейди онахон.

Аммо суҳбатдошларимиз орасида СССР даврини қўмсайдиганлар ҳам бор.

- Ўша пайтлар жуда зўр эди. Нонвой бўлиб ишлардим. Ҳозир қийин, пулнинг қадри йўқ. Иш топиш қийин. Берган ойлиги ҳеч нарсага етмайди. Уйда касалманд онам бор, қийналамиз-да. Бир ой фақат яхши еб-ичиш учун камида 1000 сомоний (тақрибан 224 доллар - таҳр.) керак. Эртанги кунинг учун пул йиғиб бўлмайди ҳозир, дейди ўзини Шуҳрат деб таништирган 45 ёшлардаги суҳбатдошимиз.

Шуҳратжоннинг фикрларини ҳозирда беш боласи билан Душанбедаги хонадонлардан бирида ижарада ўтирган ҳисорлик Санобархон ҳам қувватлайди.

- Союз пайтида уйсиз қолмасдингиз. Ҳозир қиммат. Ҳамма нарса пул билан, болаларимизни яхши ўқита олмаймиз. Ўқишга кириш учун ҳам катта пул керак. Пул, пул ҳамма ёқ. Иложимиз йўқ, қийин бўлди, дейди Санобархон.

- Биргина бу эмас, - дейди пойтахтлик Вера Андреевна, - мана қиш яқинлашаяпти, республика қишга тайёр эмас. Қишда ҳатто марказда свет, газ ўчириб қўйилади. Сабаби қўшнимиз Ўзбекистон билан муносабатларимиз яхши эмаслигида. Аксинча¸ биз икки қўшни сифатида бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Совет иттифоқи тарқаб, мустақил бўлганимиздан бери қўшнилардан ажралиб қолдик. Биз Марказий Осиёда энг камбағал давлатмиз. Иқтисодий, ижтимоий ҳаётимиз роса қийин. Хусусан, биздек ишсизларга яшаш оғир. Мустақиллик шахсан менга қашшоқлик, иложсизликдан бошқа ҳеч нарса бермади.

Бундан 18 йил аввал, яъни 1991 йилнинг 9 сентябрида Тожикистон совет социалистик республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Тожикистон мустақиллик декларацияси қабул қилинди.

18 йил аввал ўзини мустақил деб эълон қилган Тожикистонда кўп ўтмай фуқаролар уруши бошланди. Беш йил давом этган ички низолар ортидан шусиз ҳам қашшоқ Тожикистонда ишсизлар, бошпанасизлар ва етим болалар сони ортгандан ортди.

Бу муаммолар ҳалигача ҳал бўлгани йўқ. Душанбе шаҳар дам олиш боғларини кезар экансиз, ҳар қадамда тиланиб ўтирган аёллар ва болаларга кўзингиз тушади. Бироқ расмийларнинг байрам шукуҳи билан тўйинган нутқларида мамлакатдаги минглаб етимлар, ишсизлар, қариялар ва мажруҳлар мутлақо эслатилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG