Линклар

logo-print

Яна бир ҳуқуқ фаоли ҳибсда қолмоқда


Қарши ИИБ дагилар ҳуқуқ фаолининг оиласига¸ унинг 10 кун ҳибсда қолишини айтганлар.

Қарши ИИБ дагилар ҳуқуқ фаолининг оиласига¸ унинг 10 кун ҳибсда қолишини айтганлар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалиловнинг диний мотивлар билан ушланганидан хавотир билдирмоқда. Тўрт кун аввал ҳибсга олинган Ғайбулло Жалиловнинг нима сабабдан қамалгани маълум эмас.

Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олинишидаги мавҳумликдан хавотирга тушган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоллари, унинг диний мотивлар билан қамалган бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Ғайбулло Жалилов 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган.

Айни ҳолатга гувоҳ бўлган Санжар Қораевга кўра, номаълум кишилар орасида милиция кийимидаги шахслар ҳам бўлган.

- 5 сентябр куни Нодир Аҳатов ифторлик қилган эдилар. Кечқурун соат 9 лар атрофида биз қайта бошладик.Ғайбулло акам билан бирга қайтдик. У кишида велосипед бор эди. У киши велосипедини судраб¸ биргаликда пиëда кетаëтган эдик. Бир қоронғироқ кўчада тўсатдан иккита машина келиб тўхтади. Биттаси оқ "Тико" эди. Иккинчиси "Жигули". Машинадан ноъмалум кишилар тушишди. Икки киши милиция формасида , қолгани гражданский кийимда эди. Улар Ғайбулло акани босиб¸ автомашинага солиб кетишди. Менинг кўзимнинг олдида бўлди бу. Иккаламиз бирга эдикда. Ҳеч қанақа ҳужжат ҳам кўрсатилгани йўқ. Тўсатдан бўлди бу. Мен Ғайбулло аканинг велосипеди билан йўлда қолдим. Кейин велосипедни кўтариб уйга қайтдим ва Ғайбулло аканинг уйидагиларга хабар бердим, дейди Санжар Қораев.

Ғайбулло Жалиловнинг номаълум кишилар томонидан олиб кетилганидан хабар топган қаршилик ҳуқуқ фаоллари уни излашга тушишган.

Ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораевага кўра, улар Ғайбулло Жалиловни икки кун излаб, у тўғрисида бирор бир маълумот аниқлай олмаганлар.

- Биз босиб олиб кетилгани тўғрисида хабар топдик ва ўша куни кечқурун Қарши шаҳар ИИБ га келдик. У ерда “Бунақа одам олиб келишмаган” дейишди. Кейин кечаси соат 11 яримда МХХ га бордик. У ерда “Бизда унақа одам йўқ, биз бу ҳақда эшитмадик. Суриштириб кўрамиз” дейишди. Икки кун сарсон бўлдик. 75 ëшга чиққан ота-онаси билан тўрт-беш соатлаб эшикнинг олдида турдик. Ҳеч қанақа маълумот бўлмади, дейди Гулшан Қораева.

Орадан уч кун ўтиб Ғайбулло Жалиловнинг қаердалиги маълум бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари Ғайбулло Жалиловнинг Қарши шаҳар ИИБ да ҳибсда ушлаб турилганини аниқлашга муваффақ бўлишди.

Ғайбулло Жалиловнинг онаси Очил Ойилова милиция бўлимига бир неча бор мурожаат қилганларига қарамай, нима сабабдан ўғлининг милиция бўлимида эканлигини яширганларига ҳайрон.

Очил момога кўра, милиция ходимлари унга ўғлининг 10 кун муддатга ҳибсга олинганини айтишган.

Очил Ойилова: Милицияхонага борган эдим¸ “Уч кундан кейин чиқарамиз”¸ деди.

Озодлик: Уни нимага ҳибсга олишибди, айтишдими сабабини?

- Бу тўғрида ҳеч нарса гапирмади. Айтмаяпти. Чиқарамиз дейишди. Энди билмасам. Бошқа нарса айтмади. “Мен кўраман¸ кўрсатинглар” деган эдим кўрсатишмади. “Йўқ” дейишди. “Йўлдан уч-тўрт киши бўлиб ушлаб кетишибди. Унинг ҳеч бир гуноҳи йўқ эдику” десам¸ “Ўзи бормайман дегани учун¸ ушлаб кетилди” деб айтишди, дейди Очил Ойилова.

Очил момонинг сўзидан маълум бўлишича, Ғайбулло Жалилов милиция ходимларига қаршилик кўрсатгани учун ҳибсга олинган.

Гулшан Қораева милиция ходимларининг бу айбловини "мантиқсиз" деб ҳисоблайди.

- Нима бўлган экан десак¸ милицияга итоат қилмаганмиш. Ўзи аслида милиция итоат қилмаганми қонунга ëки Ғайбулло Жалиловми? Мен шунга ҳайронманда. Уни бу ерга босиб олиб келишган бўлса.

Кейин бир одамни 10 суткага қамаш учун суд бўлиши керак. “Суд бўлганми? Ким судя бўлган? Икки кундан бери бу одам йўқ эди. Суд соат нечада бўлган?” десам¸ “Билмасам¸ ўтган кеча бўлгандир. Балки бугун бўлгандир” дейди. Аниқ жавоб йўқда, дейди Гулшан Қораева.

Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши юзасидан Қарши шаҳар ИИБ га телефон орқали қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши Тошкентда 29 август куни бўлган отишмалар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Тошкент шаҳрида отиб ўлдирилган ота-болалар Қашқадарëдан. Шунга Қашқадарë вилоятидан кўпчилик қамалаяпти. Шулар қаторида Ғайбулло Жалилов ҳам. У масжидларга бориб турар экан¸ намоз ўқир экан. Шунинг учун уни Ҳизбут-Таҳрир ëки ваҳҳобий каби таъқиқланган ташкилотларга аъзоликда айблаб¸ таъқиб қилишлари мумкин. Ўзбекистон ҳукуматидан бу нарсани кутиш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати азалдан терроризм баҳонасида¸ терроризмга қарши кураш баҳонаси остида одамларни сохта айблар билан қамаб келади¸ Ўзбекистон фуқароларининг эркинликларини бўғиб келади. Бизнинг ташкилотдан саккиз киши қамоқда эди. Ғайбулло Жалилов билан тўққизта бўлаяпти, дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли сифатида фаолият кўрсатиб келган.
XS
SM
MD
LG