Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:23

Ўзбекистонда бизнес қилмоқчиман - Ë гардкам!


Ўзбекистонда пулингиз ë кучли танишингиз бўлмаса бизнес қилиш қарийб имконсиз¸ дейди бу қозонда қайнаëтган ўзбек тадбиркорлари.
Ўзбекистонда пулингиз ë кучли танишингиз бўлмаса бизнес қилиш қарийб имконсиз¸ дейди бу қозонда қайнаëтган ўзбек тадбиркорлари.

Ўзбекистонда кейинги бир йил давомида тадбиркорлик қилиш янада қийинлашди. Жаҳон Банкининг 183 мамлакатдаги бизнес муҳитига баҳо берилган “Бизнес юритиш - 2010” номли ҳисоботига кўра, бир йил аввал 145 ўринда турган Ўзбекистон бу йил 150 ўринга туширилган.

“Бизнес юритиш - 2010” ҳисоботи Жаҳон Банки ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан тайёрланади.

“Ҳисобот йилида жаҳон бўйлаб амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар суръати бўйича Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақалари етакчилик қилди”, дейилади ҳисоботда.

Бизнес қилишнинг шарт-шароитларига оид ҳисоботда тадбиркорликни бошлаш, қурилиш учун рухсат олиш, ишчиларни ёллаш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш, сармоядорларни ҳимоя қилиш, солиқ тўловлари, халқаро савдо, шартномаларни амалга ошириш, тадбиркорликни тугатиш каби омилларга баҳо берилган.

Унга кўра, ҳукумат ислоҳотлари туфайли, жумладан Тожикистон, Қирғизистон, Беларус каби собиқ иттифоқ мамлакатларида тадбиркорлик қилиш анча енгиллашган.

Шу асосда¸ ўтган йили рейтингда 80-ўринда бўлган Қирғизистон бу йил 41 поғонага кўтарилган Тожикистон Ўзбекистондан пастроқда бўлса-да, ўтган йилги 164 ўриндан 152 -ўринга чиқарилган.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда ҳам муайян маъмурий ислоҳотлар туфайли баъзи омиллар бўйича тадбиркорларнинг иши енгиллашганини хулоса қилган ҳолда, мамлакатдаги умум бизнес муҳитига салбий баҳо берган.

Ўзбекистон ўтган йилги 145- ўриндан беш поғона пастга 150 - ўринга туширилган.

IFC вакили Светлана Багаудинова “Бизнес юритиш - 2010” ҳисоботининг муаллифларидан бири.

- Биринчи навбатда, Ўзбекистонда иккита соҳада – қурилишлар учун рухсат бериш тартиби ва солиқлар тизимида амалга оширилган ислоҳотларни қайд этишимиз лозим. Рейтингда Ўзбекистонга бундай баҳо берилгани сабабини тушунтирадиган бўлсак, минтақада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Масалан, ислоҳотлар кўлами бўйича биринчи ўнликдан ўрин олган Қирғизистонда олтита, Тожикистонда бешта ислоҳот амалга оширилди. Яъни Ўзбекистонда бизнес юритиш шароитлари ёмонлашди, дегандан кўра, қайсидир мамлакатларда ислоҳотлар фаолроқ бўлди, деган бўлардим, дейди ҳисобот муаллифи ва Халқаро молия корпорацияси мутахассиси Багаудинова.

Тошкентлик тадбиркор Ориф Зарипов Ўзбекистонга берилган баҳо асл вазиятга яқин, дейди.

- Принципда, бу баҳо баъзи омиллар бўйича реал воқеликка тўғри келади. Кейинги пайтларда тадбиркорликни бошлашни енгиллаштириш ва турли давлат божларини камайтиришга оид баъзи қонунлар қабул қилинди. Бу томондан, бир неча йил аввалгига солиштирсангиз, анча енгиллик бўлди. Лекин бошқа томондан бизнес қилиш анча қийинлашиб қолди. Масалан, нақд пулнинг камайиб кетгани бугун тадбиркорларни қийнаётган асосий муаммолардан биридир, дейди тошкентлик кичик бизнесмен.

Андижонлик суҳбатдошимиз Рустам ака ҳам кичик тадбиркор. У кишининг айтишича, ҳисобот муаллифлари айтаётган ислоҳотлар, хусусан солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, тадбиркорларнинг аҳволини енгиллаштиришга ҳисса қўшгани йўқ.

- Кичик тадбиркорликда ҳеч қанақа яхшиликлар бўлгани йўқ. Чунки нақд пул айланиши камайиб кетди¸ савдолар пасайиб кетди. Давлат тарафдан ҳеч қанақа ëрдам йўқ. Солиқлар бир ой олдиндан олинади. Номи даромад солиғи. Бу даромадни қилмасдан олдин олинади. Банкдан пул қайтариб бермайди. Пластикка савдо қил¸ банкка пул топшир¸ деяпти. Банкка пул топширасиз¸ қайтиб ололмайсиз. Пулга хоҳлаган жойдан хоҳлаган нарсани олиб бўлмаяпти¸ дейди Рустам ака.

Бундан ташқари, деб давом этади андижонлик суҳбатдошимиз, “Бизнес юритиш - 2010” ҳисоботидаги омиллардан бири бўлмиш халқаро савдога оид қонунлар ҳам ўзбекистонлик тадбиркорлар учун инсофсизликдан бошқа нарса эмас.

- Мисол учун¸ растаможка қиммат. Агар ҳақиқий растаможка қилиб олиб кираман десангиз¸ бозорнинг нархига тўғри келмайди. Бозордаги любой нарсанинг тагини суриштириб кўраман десангиз¸ растаможкаси 100 фоиз қилинмаган бўлади. Ноқонуний қилинган бўладида. Кимлар биландир келишиб¸ растаможкани арзон қилади¸ бозорда арзон сотади. Растаможкани тўғри қиламан деган одам бозорда савдо қила олмайди. У синади. Демак¸ у келишишга мажбур, дейди Рустам ака.

Светлана Багаудинова коррупция муаммоси рейтингни тузишда эътиборга олинмаса-да, давлатларнинг қайси ўринга қўйилишига билвосита таъсир қилади, дейди.

- Коррупция масаласи ҳисоботда бевосита кўриб чиқилмаган. Лекин у ёки бу давлатдаги бизнесга доир қонун ва тартиблар ҳақидаги саволларда бу муаммо кўтарилади. Масалан, тадбиркорларга бериладиган саволлар орасида мамлакатга олиб кириладиган молларни божхонадан ўтказишда, пора тўланмаса, бу жараёнга қанча вақт кетади каби саволлар бор. Баъзи мамлакатларда порасиз, бу жараён узоқ вақт талаб этилиши аниқланган. Яъни коррупция муаммоси рейтингга билвосита таъсир қилади. Афсуски, Ўзбекистон рейтингимизда жуда паст ўринлардан бирини эгаллаган. Бу эса тадбиркорлик муҳити яхши эмаслиги ва тадбиркорлар дуч келадиган маъмурий тўсиқлар катта эканини кўрсатади, дейди тадқиқотчи.

Андижонлик тадбиркор Рустам ака, ўзбекистонлик тадбиркорларни “гардкам”, деб таваккал қилган қиморбозларга ўхшатади.

- Фақат уруғ-аймоқчилик¸ таниш-билишчилик¸ порахўрлик. Пулингиз бўлса¸ танишингиз бўлса¸ ишингиз битади. Бўлмаса йўқ. Ë пулингиз¸ ë танишингиз бўлиши керак. Ҳаромхўр бўлишингиз керак. Бир-бирининг ҳаққини еб кетишлар¸ алдаб кетишлар¸ умуман кўпайиб кетди. Савдогарларнинг ҳаëтини сизга мақтай дейдиган бўлсам¸ мақтовга лойиқ бирорта сўз йўқ. Ëмонлай десангиз¸ луғатда ëмонлашга лойиқ сўз йўқ. У қилнинг устида юргандайда, дейди андижонлик тадбиркор Рустам ака.
XS
SM
MD
LG