Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

"Ота"нинг ўгайларга вақти йўқ


Тарихий ватанига қайтиб¸ ўзбек паспорти ололмай юрган фуқаролиги йўқ ўзбеклар¸ Ўзбекистонда ўзларини ўгай ҳис этмоқдалар.
Тарихий ватанига қайтиб¸ ўзбек паспорти ололмай юрган фуқаролиги йўқ ўзбеклар¸ Ўзбекистонда ўзларини ўгай ҳис этмоқдалар.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин тарихий ватанига қайтган минглаб ўзбеклар, орадан 18 йил ўтганига қарамай, фуқаролик ололмай келмоқдалар.Бу ҳақдаги шикоятга эса расмийлар¸ паспорт масаласини "ота" ҳал қилишини айтмоқдалар.

Ўзбекистонда 2005 йилгача фаолият юритган БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонасининг ўша пайтда берган маълумотига кўра, Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида Ўзбекистонга 130 минг нафардан зиёд одам кўчиб келган. Уларнинг асосий қисмини тарихий ватанлари Ўзбекистон бўлган ўзбеклар ташкил этади.

Ўша йилларда Қозоғистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам қозоқлар ва қирғизлар кўчиб кетган эдилар. Улар имкон қадар уй-жой билан таъминланди, яшаб кетишлари учун моддий ёрдамлар қилинди. Энг асосийси эса бир-икки йил орасида уларга ўша мамлакатларнинг фуқаролиги берилди. Бироқ Ўзбекистонга кўчиб келган ўзбеклар, мамлакат мустақилликка эришганидан буён 18 йил ўтса ҳамки, ҳамон фуқаролиги йўқ шахслар ҳисобланади. Ваҳоланки, дастлаб уларга 5 йилдан сўнг фуқаролик беришни ваъда қилгандилар.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманига кўчиб келган Каримжоннинг айтишича, унинг ва оиласининг Ўзбекистонга келганига 16 йил бўлди. Уларнинг ота-оналари ўтган асрнинг 40-йилларида Тожикистонга мажбуран кўчириб юборилган. Лекин тарихий ватан уларга фуқаролик бермаяпти.

Каримжон: Йўқ¸ бермаяпти. Яна беш йилга чўзиб берди. У куни тугаган эди¸ 2014 йилгача яна чўзиб берди.

Озодлик: Неча марта чўзди энди?

Каримжон: Бу тўртинчиси шекилли.

Озодлик: Сиз нечанчи йил келгансиз?

Каримжон: 1993 йил.

Озодлик: 16 йил бўлибди-а?

Каримжон: Ҳа. Учинчими¸ тўртинчими марта чўзиши.

Озодлик: Фуқаролиги йўқ паспортнинг қандай муаммолари бор? Бу паспорт билан қийналмаяпсизми?

- Ҳеч қаерга чиқмаймиз-да, ака. Бизни яхши қоровуллайди. Ҳеч қаерга чиққани қўймайди “кўз-пўз тегади” деб. “Кинна-пинна кирмасин” деб чиққани қўймайди. Бир жойда ўтираверамиз¸ дейди Каримжон.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, у бир неча бор бу масалада Ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик масалалари бўйича бўлимига мурожаат қилган, лекин улар аниқ жавоб бермасдан доим президентнинг тўрда турган портретига ишора қилганлар:

- “Қачон отамиз бер, деса¸ берамиз, бўлмаса йўқ” дейди. “Биз кичкина одаммиз”¸ дейди. “Ҳа¸ бўпти” деб келавердик. Нима қиламиз. Портретини кўрсатиб: “Шу бер деса¸ берамиз” дейди. Бу сафар ҳам шундай деди. “Ака¸ беватан бўлиб юраверамизми?” десам¸ “Сизни ким қуваяпти?” деди. Ҳа¸ майли, дедим. Нима дейман бошқа¸ дейди Каримжон.

Сирдарё шаҳрида истиқомат қилаётган Зулфиянинг айтишича, уларнинг оиласи Ўзбекистонга кўчиб келганида ҳозир балоғатга етган қизи 1 яшар гўдак бўлган.

- Дардимизни 17 йилдан бери ҳамма эшитиб келади¸ лекин натижа йўқ. Қизим 18 ëшга кирган бўлса¸ келганимизда 17 йил бўлибди¸ дейди Зулфия.

Ўтган асрнинг Сталин қатағонлари йилларида Тожикистонга энг кўп Фарғона водийсидан кўчирилган. Бу ҳақда Ўзбекистонга 1992 йилда кўчиб келган Аҳаджон қуйидагиларни айтади:

- Менинг опоқим Ўзбекистонда¸ Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. Қатағон даврида опоқиларим нимадир бўлиб кетиб қолишган экан. Шундан бери ўша ерда яшаймиз. Бу ерга 1992 йилда кўчиб келдик. Тожикистонда фуқаролар уруши бўлганлиги учун уйдагилар билан шунақа қарорга келиб¸ келганмиз¸ дейди Аҳаджон.

Бироқ асли олтиариқлик бўлган бу ўзбеклар ҳам бугун Ўзбекистон учун бегона бўлиб турибди - улардан ҳали ҳеч кимга фуқаролик берилгани йўқ. Бу эса уларнинг эркин яшаши учун анча муаммоларни пайдо қилмоқда.

- Чет давлатга чиқиш учун менга жуда катта муаммо туғдиради. Ўзбекистонга келганимдан бери¸ яъни 14 йилдан бери Ўзбекистондан ташқарига бирор марта чиққаним йўқ. Тожикистонликлар ва қирғизистонликларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг ўзида ҳужжат топшириб¸ Россия фуқаролигини олишди¸ дейди Аҳаджон.

Тарихий юртидан фуқаролик олишга эриша олмаган фуқаролиги йўқ бу шахслар, Аҳаджон айтмоқчи, бошқа давлатлар фуқаролигини олишга ҳаракат қилмоқдалар. Тожикистонлик ўзбекларнинг бир қисми қайтиб кўчиб кетдилар, қолганлари эса Россия фуқаролигини олмоқдалар. Таажжубли жойи шундаки, Ўзбекистон бу ўзбекларга фуқаролик бермади. Россия эса қўшқўллаб бермоқда. Бир неча йилдирки, Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси олдида доим тумонат одам.

- Элчихона олдида одамлар жуда ҳам кўп эди. Буларни олдин Тожикистондан¸ Қозоғистондан¸ Қирғизистондан келган фуқаролар ташкил этади. Асосан ўзбеклар эди. Руслар йўқ ҳам эди. Кўпи Россия фуқаролигини қабул қилди¸ дейди Равшан исмли суҳбатдошимиз.

Равшан ҳам 17 йил кутиб, фуқаролик ололмаган ва Россия фуқароси бўлган тожикистонлик ўзбеклардан бири.

- 1992 йилда келганмиз. Шу пайтгача бермади. Бу паспорт билан четга чиқиш қийин бўлди. Кейин Россия фуқаролигини олишга мажбур бўлдим¸ дейди Равшан.

Олтиариқ туманида яшаётган Аҳаджоннинг айтишича, ўзбек бўла туриб, ота-она юртида яшаб туриб, фуқаролик ололмаслик кишига жуда алам қилар экан.

- Алам қилади албатта. Бермаганлиги¸ ўзингизни ëнингиздаги ҳамма одамларга ўхшаб эркин ҳис қила олмаганлигингиз алам қилади¸ дейди Аҳаджон.

Биз нега Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ ўзбекларга фуқаролик берилмаётганлиги сабабларини сўраб Ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик масалалари бўйича бўлимларига мурожаат қилдик. Лекин ҳеч ким бу саволга жавоб бера олмади.

Озодлик: Фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги.....

- Ташқи ишлар вазирлиги бор. Ўша ерда бизнинг элчихона бор. Ўша ерга боринг. Телефон орқали маълумот берилмайди сизга¸ деди Ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик масалалари бўйича бўлимларидан бирининг ходими.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу саволга жавобни фақат президентдан олиш мумкин. Чунки фуқаролик олиш тўғрисидаги ариза фақат президент номига ёзилади. Юз минглаб ўзбеклар ёзган бу аризалар эса неча йиллардан буён катта-катта ғаладонларда чанг босиб ётибди.
XS
SM
MD
LG