Линклар

Фарғонада газ кўпаядиган бўлди..ми?

  • Барно Анвар

Янги қувурларнинг жорий ой охиридан ишга туширилиши кутилмоқда.

Янги қувурларнинг жорий ой охиридан ишга туширилиши кутилмоқда.

Водийга Қамчиқ довони орқали газ етказадиган Оҳангарон-Пунгон газ қувури сентябр ойи охирига қадар ишга туширилади ва бу ҳудудга 10 миллиард куб метр ҳажмида газ боради. Сўнгги йилларда қишда совуқ қотиб чиқадиган водийликлар учун бу хушхабарми ёки бу яна кўрмоқ бору, емоқ йўқ, деганимикин?

“Ўзбекнефтегаз” холдинг компанияси Оҳангарон-Пунгон нефт қувури айнан қачон ишга туширилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бергани йўқ.

- Бу иш режамизда бор, аммо, бу лойиҳа ишга туришилиш муддати ҳақида бизнинг компания ҳозирча ахборот тарқатгани йўқ, деди компания матбуот хизмати ходими.

Аммо қувур қурилиши борасида “Ўзбекнефтегаз” компанияси бугун олиб бораётган ишлар кўламини кенг ёритаётган www.gazeta.uz нашри қувур сентябр ойи охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Қувур қурилишига бевосита масъул бўлган “Нефтгаз саноат лойиҳа” корхонаси расмий сайтида келтирилишича, бу иншоотни қуришдан мақсад Фарғона водийси аҳолисини узлуксиз равишда табиий газ билан таъминлашдир. 2268 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довонидан ўтадиган Оҳангарон-Пунгон газ қувури орқали водий аҳлига йилига 10 миллиард куб метр газ узатилади.

Водийда эса газ таъминоти жуда оғир аҳволда. Сўнгги тўрт-беш йил ичида Фарғона водийсида газ таъминоти кескин издан чиқди ва қиш ичи газсиз, совқотиб чиқаётган водийликлар кўп бор ўз норозилигини билдирган, айрим шаҳар ва туманларда аҳолининг норозилик намойишлари ҳам бўлган эди.

Фарғона водийсининг баъзи ҳудудларида табиий газ таъминоти шу кунларда ҳам яхши эмас. Бу ҳақда Озодликка сим қоқаётганлар ҳануз кўпчилик.

Мана улардан баъзилари:

- Туман марказидан 15 километр узоқда жойлашган Файзиобод¸ Зилха¸ Оқбўра деган қишлоқларимиз бор. Ўша ерларга газ етиб келмаяпти. Қишда печкага ўтин ëқиб чиқдик. Ҳозир ҳам йўқ газ. Ўчоққа қозон қўйиб, овқат қилаяпмиз¸ қумғон қўйиб, чой қайнатаяпмиз.

- Мана бугун обедгача бўлса¸ обеддан кейин бўлмай ҳам қўяверади. Кечга яқин ëндириб ҳам қўяверишади. Мана қиш сезонига келаяпмиз энди. Пенсия олиб келаëтганлардан баъзида сўрасак¸ “Биз ҳозир бир нара деб ваъда бера олмаймиз” дейишади.

- Бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки биз бир йил газсиз ўтирганмиз.

Мана энди “Ўзбекнефтегаз” холдинг компанияси буюртмаси билан Камчиқ довони орқали водийга узатиладиган 10 миллиард куб метр газ аҳолининг ана шу муаммоларини бартараф қилармикин?

Водийликлар, айниқса, куз ва қиш фаслларида газсиз қолиш азобидан қутулармикин?

Газ қувурини қураётган компаниялар, ҳали айтганимиздек, бу ҳақда ҳозирча маълумот бераётгани йўқ.

Аммо, “Ўзтрансгаз” компаниясининг Фарғона водийсидаги бўлимларидан бирида ишлайдиган ходимга кўра, агар шу миқдордаги газнинг ҳаммаси аҳолига берилса ва тенг тақсим қилинса, газ танқислиги муаммоси ҳал бўлади.

Аслида, газнинг тенг ва ҳалол тақсимоти ҳозир ҳам яхши бўлганида водий аҳлига бериладиган газ бу қадар танқис бўлмас эди, дейди исмини ошкор қилмаган бу мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, хусусан, Фарғона вилоятига келаётган табиий газ икки сабабга кўра, аҳоли уйларига етиб бормайди.

- Шаҳар ва туман газ идораларида газ коммуникацияларининг эскириб кетганлиги билан бирга кичик корхоналар¸ цехларда газни ўғирлаб ëқишлар бўлаяпти. Шунинг ҳисобига 20 фоиздан кўпроқ газ йўқолади. Буларнинг шаҳар ëки туман газ идораси билан яширинча муомалалари бор. Масалан¸ 100 минг сўмлик газ ëқса ва қўлига 15 минг сўм бериб қўйса¸ бўлди. 85 минг сўмни халқнинг устига ëзиб юбораверади¸ дейди ўз исмини ошкор қилмаган мутахассис.

“Ўзтрансгаз” компаниясининг Фарғона вилоятидаги бўлимларидан бирида ишлайдиган бу ходимнинг сўзларига кўра, вилоятларда шу қадар катта миқдордаги ўғирлик учун ҳуқуқий майдон ҳам яратилган.

Яъни, вилоят, шаҳар, туман газ таъминоти идоралари билан аҳоли ўртасида тузилган шартномалар бир томонламадир.

- Шартномада ГРПга келадиган босим кўрсатилмаган. Битта маҳаллада 100 та хонадон бўлса¸ 100 та хонадонга хизмат кўрсатадиган ГРП да 0¸3 атмосфера бўлса¸ 100 та хонадонга газ овқат қилиш¸ чой қайнатиш ва ҳоказолар учун етарли бўлади. Ҳозир айрим жойларда атмосфера 0¸1 ҳам чиқмайди. Бунинг ҳисобини ҳеч ким қилмаяпти. Трансгаз газни етказиб бераяпти¸ лекин шаҳар ва туман тармоғига келганда бошбошдоқликлар бўлиб кетаяптида. Босим бўлмаслиги ўғирликка яхшигина шароит¸ дейди “Ўзтрансгаз” компаниясининг Фарғона вилоятидаги бўлимларидан бирида ишлайдиган ходим.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, вилоятлардаги маҳаллий расмийлар иштирокида қилинаётган бу ўғирликдан халқ билан бирга вилоятларга газ етказиб бераётган “Ўзтрансгаз” компанияси яхшигина зарар кўрмоқда.

Чунки, сўнгги йиллар ичида одамлар ҳам пухта бўлиб қолди. Ҳозир бошқалар ўғирлаб ёққан газга, одатан, ҳақ талашмайдиган пенсионерларгина мажбуран пул тўламоқда. Ҳақ талашадиганлар эса босими паст ёки умуман берилмаётган газ учун пул тўлаётгани йўқ.

- Пенсионерлар¸ аҳолининг ҳимоя қилинмаган қисми тўлаяпти. Ўзининг ҳақини таниганлари бориб тўполон қилиб¸ олдириб ташлаяпти. Мен ўзим ҳам 70 минг тўламадим. “Ўзтрансгаз” сотувчи. У тушаëтган пулга қараб туриб газни берадида. Фарғонадан ëки Қўқондан пул тушиб турса¸ қанча газ сўраса бераверади, дейди “Ўзтрансгаз” компаниясининг Фарғона вилоятидаги бўлимларидан бирида ишлайдиган ходимлардан бири.

Шу билан бирга Фарғона водийсидаги газ танқислигининг яна бир жиддий сабаби, газ тармоқларининг жуда эскирганидир, дейди яна бир суҳбатдошимиз фарғоналик инженер Ҳамдам Сулаймонов.

- Эскидан¸ алмисоқдан қолган трубаларнинг ҳаммасини янгилаш керак. Ўшандагина газ йўқотилиши кам бўлади¸ таъминоти яхши бўлади. У ëғини¸ бу ëғини ямаб юрилаверса¸ яхшиликка олиб бормайди бу. Ҳозир ўшани бартараф этиш учун трубаларни ер тагидан олишаяпти. Бу йил бизнинг Қўқонда газ таъминоти яхши бўлса керак, дея умид қилмоқда, фарғоналик инженер Ҳамдам Сулаймонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG