Линклар

Россияда нефт ишлаб чиқариш ҳажмининг ошгани мамлакат даромадининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилса-да, кузатувчиларга кўра, бу мамлакат иқтисодиёти тараққиётига хизмат қилмайди.

Россия Саудия Арабистонини ортда қолдириб, нефт экспорти бўйича жаҳоннинг етакчи давлатига айланди.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Россия ширкатлари июн ойида 9 миллион баррелдан кўпроқ миқдорда нефт қазиб олган.

Бундай кўтарилиш Россиядаги давлат назоратида бўлган "Роснефт" ширкати Сибирдаги янги конларда нефт қазиш ишларини бошлаб юбориши ортидан кузатилди.

Россияда нефт экспортидан тушган даромад мамлакат бюджетининг асосий қисмини ташкил этади. Шу боис нефт қазиб олиш ҳажмининг ортгани Россия иқтисодий кўрсаткичларида ҳам акс этиши табиий.

- Мамлакат иқтисодининг қайта тикланиши, ишлаб чиқаришдаги таназзулнинг олди олингани мамлакат бюджети асосий кўрсаткичларига аниқлик киритиши мумкин, жумладан, режалаганимиздан кўра кўпроқ даромад олишимизга умид қилса бўлади, деб таъкидлади Россия бош вазири Владимир Путин.

Шу пайтгача нефт экспорти бўйича жаҳонда етакчи давлат бўлиб келган Саудия Арабистони ОПЕК ташкилоти аъзоси сифатида ўтган йили нефт нархи тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида нефт қазиб олиш ҳажмини камайтиришга қарор қилган эди. Россия эса ОПЕК аъзоси эмас. Шундай бўлса-да, бу ташкилот Россияни нефт экспортини камайтиришга бир неча бор чақирган эди.

Сўнгги ойларда бир баррел нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи 70 доллар атрофида бўлиб келмоқда.

Россия энергетика вазири Сергей Шматконинг билдиришича, 2009 йилда Россия ширкатлари 490 миллион тонна нефт қазиб олишни режаламоқда. Бу ўтган йилга қараганда 0.4 фоизга кўпдир.

Таҳлилчилар фикрича, Россия нефт етказиб беришда бор имкониятларини ишга солаяпти, Саудия Арабистонининг эса нефт қазиб олиш имкониятлари Россияникидан кўп.

Танқидчилар Россия ҳукуматини мамлакат иқтисодини нефт экспортига боғлаб қўйганликда айблашади. Уларга кўра, хом ашё экспорти ҳеч қачон ҳеч қайси мамлакат иқтисодиётининг реал тараққиётига хизмат қилган эмас.
XS
SM
MD
LG