Линклар

9 сентябр куни Иссиқкўлда Қирғизистон ва Ўзбекистон Чегара хизмати раҳбарлари учрашуви бошланди. Мазкур тадбир июл ойи бошида Андижонда бўлиб ўтган учрашувнинг навбатдаги раунди сифатида кўрилмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати раис ўринбосари Чўлпўнбек Турусбеков икки мамлакат чегарачиларининг Иссиқкўл учрашувида бир қатор масалалар кўрилажагини маълум қилди.

- Масалан, чегара хавфсизлиги бўйича келажакдаги режалар, ҳамкорликда ишлаш масалалари кўриб чиқилади. Шунингдек, баҳсли ҳудудлар бўйича биргаликда ишлаш масаласини ўртага қўйилмоқда, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Чегара хизмати расмийсининг маълум қилишича, 25 сентябр куни Ўш шаҳрида Қирғизистон билан Ўзбекистон чегара хизматларининг қўшма коллегияси бўлиб ўтади. Турусбековга кўра, бу каби тадбир Қирғизистон Чегара хизмати тарихида илк бора ўтказилмоқда.

Мутахассисларга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасининг имкон қадар тезроқ демаркация ва делимитациядан ўтказилиши чегараолди ҳудудларида барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Қирғизистон миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниязов мулоҳазасича, икки давлат ўртасида чегара масаласи ҳал қилинмагунича Фарғона водийсида беқарорлик сақланиб қолаверади.

- Айниқса Фарғона водийси хавфли ҳудуддир. Чунки одамларнинг кўпига ер, сув етишмайди. Бунинг устига чегара муаммоси қўшилса, бу портлашга шай бомбага айланади, дейди Мирослав Ниязов ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар муаммосини назарда тутаркан.

Икки мамлакат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар юзасидан музокаралар 2002 йилда бошланган бўлиб, шу кунгача эса ўзбек ва қирғиз расмийлари бу борада қатор учрашувлар ўтказган, аммо мазкур ҳудудлар билан боғлиқ муаммо ҳалигача ечимини топмай келмоқда.

“Дин, сиёсат ва хавфсизлик” ташкилоти раҳбари, сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев бу масаланинг узоққа чўзилишининг асосий сабаби икки мамлакат ўртасида тенглик йўқлигида, деб билади.

- Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара масаласини кўриб чиқишни Қирғизистон билан бир вақтда бошлаган. Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара масаласини ҳал қилиб олди. Бу ерда Ўзбекистон томони ўзига тенг кўрган давлат билан масалани ҳал қилиб олгани, кичикроқ мамлакатни эса ўзига тенг кўрмаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Қирғизистон парламенти депутати Бегали Норғўзиев фикрича эса сўнгги пайтларда чегараолди ҳудудларида содир бўлган воқеалардан кейин Ўзбекистон томони чегара масаласини тезроқ ҳал қилишдан манфаатдор бўлиб қолган.

- Хонобод шаҳридаги провакацион ҳаракатлардан кейин “чегарани аниқлаб, ёпиб олсак, ана шундай провакацион ҳаракатлар бўлмайди” деган умид пайдо бўлди шекилли ўзбекларда. Бунинг устига Афғонистондаги вазият, “Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакиллари Тожикистонга, Покистонга ўтибди” деган хабарлардан кейин улар қимирлаб қолди. Ана шу жонланишдан фойдаланиб, чегара масаласини тезроқ ҳал қилиб олсак, яхши бўлар эди, дейди депутат Бегали Норғўзиев.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг узунлиги 1375 километрни ташкил қилади. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида 60 га яқин баҳсли ҳудудлар борлиги айтиб келинади.
XS
SM
MD
LG