Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:38

Ўзбекистон - минтақа савдогарлари учун бошоғриқ


Эрондан Тожикистонга юк олиб йўлга чиққан вагонлар¸ Ўзбекистонда тақа-тақ тўхтаб ëтибди¸ дейди тожикистонлик савдогар.
Эрондан Тожикистонга юк олиб йўлга чиққан вагонлар¸ Ўзбекистонда тақа-тақ тўхтаб ëтибди¸ дейди тожикистонлик савдогар.

Тожикистон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланаётган маҳаллий ва хориж cавдогарлари ўзларига тегишли юк вагонларининг ойлаб Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Душанбе бозорларидан бирида ўн йилдан буён тижорат билан шуғулланиб келаётган афғонистонлик Раҳим Аҳмад ана шундай муаммога дуч келган 30 нафар савдогарнинг бири. У бир ойдан буён тижорат молларини Ўзбекистондан Тожикистонга ўтказолмай хуноб бўлаётганини айтади.

- Тахминан бир ойдирки, вагонларимиз Бухоро, Қарши станцияларида қолиб кетаяпти. Ўзи қоида бўйича вагонларимиз у мамлакатдан бу мамлакатга кўпи билан беш кунда ўтиши керак. Биз эса бир ойдан бери у ёққа югураяпмиз, бу ёққа югураяпмиз, аммо ҳеч бир натижа чиқмаяпти, дейди Раҳим Аҳмад.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, турли истеъмол моллари юкланган 200 та вагон Эрондан Тожикистонга юборилган. Аммо вагонлар сўнг манзилга етиб келмаган. Чунки, Раҳим Аҳмаднинг айтишича, Ўзбекистон ҳар хил баҳоналар билан уларни ўз ҳудудида ушлаб турибди.

Тожикистонлик ва Тожикистонда тижорат билан шуғулланаётган хорижлик савдогарлар ўзларига тегишли тижорат молларининг Ўзбекистон ҳудудида ойлаб қолиб кетаётгани борасида биринчи марта шикоят қилаётганлари йўқ. Ўзбекистон Тожикистондаги савдогарлар учун муаммолар яратаётгани аввал ҳам айтилган.

Хўш, бунинг сабаби нимада? “Балки бунинг сабабини темир йўл ходимлари билар?” деган мулоҳаза билан “Тожикистон темир йўллари”га мурожаат қилдик.

Мазкур идора масъули Гулсара Маҳмудова муаммони "Тожикистон темир йўллари"дан эмас, балки Ўзбекистондан ахтариш зарурлигини таъкидлади.

- Ўзбекистондан қандай товар келса, биз бемалол қабул қилиб оламиз ва топширамиз. Товарлар узоқ қолиб кетиши билан боғлиқ ҳодисалар Ўзбекистонда бўлган эди. Масалан, Ўзбекистон ўз ҳудудида тўпланиб қолган юкларни Афғонистонга топшира олмаган эди. Бу уларнинг муаммоси, бизнинг муаммомиз эмас. Шу пайтгача на ҳуқуқий шахслар, на бирор-бир ташкилот ёки алоҳида шахс билан бундай муаммомиз бўлмаган, дейди Гулчеҳра Маҳмудова.

Темир йўл идораси масъули юклари Бухоро ва Қаршида қолаётган савдогарлар ишидан хабарсизлигини, чунки бу масалада уларга ҳеч ким мурожаат этмаганини қайд этди.

Айни пайтда афғонистонлик савдогар Раҳим Аҳмад муаммо Ўзбекистонда эканини ва бу масалада ўзи билан бирга қолган савдогарлар мурожаат этмаган идора қолмагани, аммо ҳеч бир натижа чиқмаётганини яна такрорлайди.

- Биз Эронга ҳам, Тожикистонга ҳам оғзаки, ёзма арзимизни етказдик. Улар бу фақат Ўзбекистоннинг иши эканини билдиришди, дейди Раҳим Аҳмад.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, Тожикистон мустақилликка эришганидан сўнг унинг ташқи тижорати Ўзбекистон сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолган.

Ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлилчи Ойниҳол Бобоназарованинг таъкидлашича, Эрон, Россия ва шу каби давлатлардан келаётган юк вагонларининг 20 ва ҳатто 30 кундан ортиқ бир давлатда қолиши сиёсий ғараздан ўзга нарса эмас.

- Тожикистон ва Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлардир. Улар бу масалалар юзасидан ҳамкорлик шартномалари имзолашган. Давлат ана шу ҳужжатлар асосида фуқаролар ҳуқуқлари ва мулкини ҳимоялаши шарт. Ўн-ўн бешта савдогар бу масалага ечим топа олмайди. Бу давлатлар ўртасида расмий ҳужжатлар асосида ҳал қилинадиган масала, дейди таҳлилчи.

Иқтисодий масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Одил Давлатшоев кўпинча озиқ-овқат маҳсулотларининг ойлаб бир жойда қолиб кетиши нафақат савдогарлар ишига, балки мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш тарзига ҳам салбий таъсир этиши аниқлигини таъкидлайди.

- Бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган бу муаммо Ўзбекистон ва Тожикистоннинг юқори идораларида узил-кесил ҳал этилиши зарур. Дунёнинг бошқа мамлакатларида бундай масалалар ўзаро музокараларда ҳал этилиб келинмоқда, дейди таҳлилчи.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонга олиб кирилаётган товарларнинг 90 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Импорт товарларнинг қолган қисми эса Қирғизистон, Хитой ва Афғонистон орқали Тожикистонга олиб кирилади.

Таҳлилчиларга кўра, транспорт изоляциясида қолаётган Тожикистон Ўзбекистон билан бу муаммолар ечимида тил топиши шарт, бундан ўзга чора йўқ.

Аммо, бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар фикрича, анча йиллардан буён ҳал этилмай қолаётган бу муаммо халқаро судларда кўриб чиқилиши зарур.
XS
SM
MD
LG