Линклар

Эркин микрофон - Ўзбекка ким қарайди?

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

10 сентябр куни суҳбатлашганимиз ўзбеклар яна аксар ватандошларининг ҳам мамлакат ичи¸ ҳам хорижда хорлигини айта туриб¸ фуқаролари ҳаққини ҳимоя қилиш учун қасам ичган президентга риторик саволлар билан мурожаат қилдилар.

Ўзбекнинг ўлиги ҳам хор...

Россия шаҳарларидан бирида меҳнат қилаётган Муҳаммадсолиҳ бу ерда юрган “юртдошларим хор бўлди”, деб хафа бўлиб гапирди.

- Мен Россияда яшайман. Свалкаларда ўзбекларнинг мурдаларини кўраман, денг. Ўша мурдаларни ўзбеклардан¸ руслардан эшитиб¸ кейин олиб бориб йўл-йўриғини қилиб кўмдикда. Ўзбек паспортларининг ҳаммасининг охирги варағида ëзиб қўйган. Гражданин бўладиган бўлгандан кейин давлат¸ президент жавоб бериши керак паспорти бор ўзбекларга. Мана Африкада юрган рус фуқароларига мана шу ерда туриб таъсир қилиб олиб келишаяпти. Ўзбеклар учун президентми ким жавоб берадиган берадиган бўлса¸ қарамайди ҳам. Ўзбекларнинг ўликлари итнинг ўлигидай қолиб кетаяпти. Ҳақиқат қаерда? Йўл-йўриғига қарашмайдида, дейди ўзбекистонлик мардикор Муҳаммадсолиҳ.

Кичкина одамнинг катта ташвишлари

Яна бир суҳбатдошимиз, Фарғонанинг Тошлоғидан. Москвада мардикорлик қилаётган бу йигит исмини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилди.

- Ҳозир биз Россияда ишлаб юрибмиз. Баҳорда келганмиз. Яқин бир ойнинг ичида уйга кетамиз. Йилда шу аҳвол. Водийда газ муаммоси жуда кучли. Қишда газ пасайиб кетади. Свет бир соат ўчиб¸ ëниб¸ газ ҳам¸ свет ҳам муаммо. Ëшларга иш етишмайди.

Озодлик: Водийданмисиз сиз?

- Ҳа.

Озодлик: Водийнинг қаеридансиз?

- Водийнинг Тошлоқ туманиданман. Газ¸ свет муаммоси жуда ҳам кучли бизда. Кеча бу ҳақда гапирдинглар. Мен тўлқинланиб¸ ҳаяжонланиб кетдим. Ўтган йилдан олдинги йилги совуқда бизда еттита чақалоқ ўтиб қолди. Шунақа бўлган бизда. Жанжал бўлган. Энди сизларга ваҳима қилишимнинг ҳожати йўқ. Сизларга бор гапни айтаман. Бу ерда сиëсатга очиқча аралашаверадиган бўлсангиз¸ олиб бориб йўқ қилиб ташлашади. Шунақа гапларда ака. Биз бир кичкина одаммиз¸ лекин шароитни жуда яхши биламиз. Шунақа муаммолар кўп бизда. Ҳар йили шу аҳвол. Аëлларнинг ҳаммаси Фарғона жанубий каналига чиқиб¸ мардикорликка кетишади. Эркаклар Россияда қараб кетади. Шароитнинг қийинлигини сизларга айтмай қўя қолай, дейди тошлоқлик тингловчимиз.

“Қачон Ўзбекистонга қайтадиган кун келаркин”


Европа мамлакатларидан бирида мардикорлик қилаётган Садриддин ака гапни ана шу савол билан бошлади.

- Менинг айтмоқчи бўлган гапим¸ қачон Ўзбекистонда ҳаëт ўз йўлига тушиб кетади? Қачонгача пул топиш учун хорижга чиқиб юрамиз? Қачон бўлади бу? Бўлмайдиганга ўхшаяптида бу. 20 йил бўлди мана¸ сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз. Ўзбекистонда ҳаëт яхшилашиб кетса¸ оиланг билан¸ ота-онанг билан бирга бўлсанг. Барибир одам учун ўзининг уйига тенг келадигани йўқда. Жонга тегиб кетдида. Бу юришда одам жондан тўйиб кетадида. Умр ўтиб кетаяпти¸ умр. Болаларнинг тарбияси қолиб кетаяпти. Болаларни едирайлик¸ ичирайлик¸ кийинтирайлик деб пулнинг орқасидан қувиб юрибмиз¸ дейди Садриддин ака.

"Диктатурани реклама қилманглар!"

Тошкент вилояти Бекобод туманидан қўнғироқ қилган муштариймиз, Озодлик радиоси дастурларига оид эътирозларидан гап очди.

- Биринчидан¸ радиода ҳадеб анави коммунистларни қўяверманглар. Ўзбекистонни ëмонламанглар¸ дейдиганларнинг гапи ҳеч керак эмас. Кейин президентнинг гаплари борку¸ ўша худди реклама бўлиб кетаяптида.

Озодлик: Биз эркин радиомиз¸ биз ҳаммага сўз берамизда¸ ака.

- Иложи бўлса¸ анави “ватан¸ ватан” дейдиганлар борку¸ шуни камроқ қўйсангизлар. “Биз демократик давлатмиз¸ бошқамиз” дейди. Бизники демократик давлат эмаску. Бизники диктатор давлатку.

Озодлик: Энди бу уларнинг фикрида. Мана ҳозир сизнинг айтаëтганларингиз сизнинг фикрингиз. “Бизда демократия” деяëтганлар ҳам ўз фикрини айтаяптида!

- Фикрдамасда. Фикр ҳам эмасда бу ерда. Демократиянинг¸ ҳеч бўлмаса¸ озгина кўриниши бўлиши керакку. Ўзи улар демократия сўзининг маъносини билармикан? У бу фикрни айтишдан олдин бир нарсани ўйлагандир? Демократик давлат умуман бошқача бўладику. Ҳозир бир гапни айтгани қўрқасиз.

Озодлик: Мана сиз қўрқмасдан гапираяпсизку.

- Мен қўрқмасдан гапиравераман. Гапириб¸ шу аҳволга тушиб қолганман мен. Мен ҳам ҳозир бирор жойларда “Бизда демократия¸. Бизда арзончилик. Бизда ҳамма бахтли яшаяпти” деб ўтирардим¸ дейди бекободлик тингловчимиз.

*********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG