Линклар

Карзай овозлардан мосуво бўлиши мумкин


Афғонистонда Сайлов бўйича шикоятларни ўрганиш комиссияси қайд этилган қонунбузарчиликлар туфайли мамлакат бўйлаб 83 сайлов участкаларида берилган овозларни бекор қилиш ҳақда топшириқ берди.

БМТ ҳомийлигида тузилган комиссиянинг билдиришича, Қандаҳор, Пактика ва Ғазни вилоятларидаги овоз бериш жараёни чоғида қўпол қонунбузарчиликка йўл қўйилгани аниқланган.

Комиссия сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, Қандаҳор вилоятида 51 сайлов участкаси, Пактика вилоятидаги бешта ва Ғазни вилоятидаги эса 27 сайлов участкасидан берилган овозлар бекор қилинган.

Мазкур учта вилоятда асосан пуштунлар истиқомат қилади ва президент Ҳамид Карзайнинг айнан мазкур вилоятларда яхши натижага эришиши кутилаётган эди.

Сешанба куни Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси иқтидордаги президент Ҳамид Карзай сайловчиларнинг 54 фоизи¸ унинг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса¸ 28 фоиз овозини олганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG