Линклар

logo-print

Ал-Қоида янги ҳужумга қодирми?

  • Ҳасанжон

Усама бин Ладеннинг ўлик-тириклиги ҳозирча сир бўлиб қолмоқда.

Усама бин Ладеннинг ўлик-тириклиги ҳозирча сир бўлиб қолмоқда.

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганига саккиз йил тўлди. Ўтган йиллар давомида Ал-Қоиданинг глобал миқёсда яна кенг кўламли ҳужум амалга ошириш имконига эгами, деган савол очиқ қолмоқда.

2001 йилдан бери Ал-Қоида террор тармоғига жиддий путур етган ва ҳозирда бу ташкилот дунё учун энг жиддий террор таҳдиди эмас.

Бу сўнгги йилларда кўпчиликда пайдо бўлган тасаввур. Айни пайтда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан саккиз йил ўтиб ҳам Ал-Қоида раҳбари Усама бин Ладеннинг тириклиги ёки ўлгани аниқ эмас.

Мутахассислар Ал-Қоиданинг дунё бўйлаб жиҳод олиб бориш ғоясидан руҳланган кичик гуруҳларнинг таҳдиди кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Маҳа Аззам Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича Қироллик институтининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича таҳлилчиси.

- Ҳозирги Ал-Қоида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга ҳужум қилган биз билган Ал-Қоида эмас. Ҳозирда шавқатсиз террор ҳужумлари уюштиришни истовчи бошқа гуруҳлар мавжуд. Аммо улар бир раҳбарият бошқаруви ёки бир ташкилот таркибига кирувчи гуруҳлар эмас. Дунёда даҳшатли террор ҳужумлари уюштиришни хоҳловчи кичик гуруҳ ёки якка шахслар бор экан¸ биз террор таҳдидидан холи бўлмаймиз, дейди британиялик таҳлилчи.

Декабр ойида Британия Бош вазири Гордон Браун мамлакатда фош этилган террор режаларининг тўртдан уч қисми Покистондаги Ал-Қоида лидерлари билан боғлиқ эканини айтди. Бироқ покистонлик дипломатлар буни дарҳол рад қилди.

Далиллар эса Ал-Қоида раҳбарлари Покистондан туриб¸ глобал миқёсда террор ҳужумлари уюштиришни бошқаришга ҳаракат қилганини кўрсатган.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Нигел Инкстер фикрича, Ал-Қоида раҳбарлари ҳозир ҳам Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош минтақасида фаоллигича қолмоқда.

Бу таҳлилчига кўра, Покистон армиясининг Афғонистонга чегарадош минтақаларда ўтказаётган амалиётлари Ал-Қоида раҳбарларининг Покистонда туриб глобал операцияларни бошқаришини қийинлаштирган.

Таҳлилчи Маҳа Аззам ҳам сўнгги пайтларда Ал-Қоида гуруҳлари ўртасида алоқанинг узилгани ҳам ташкилотни анча кучсизлантирди¸ деган фикрда.

- Покистон армияси кўрган чоралар Ал-Қоида фаолиятини анча сусайтирди. Мен бу жараёнда жиддий ўзгариш бўлганини кўрганим йўқ. Усама бин Ладен ёки унинг айрим тарафдорлари ҳозир Покистон-Афғонистон минтақасида бўлса ҳам¸ уларнинг ўша базалардан туриб ташкилотни жиддий таҳдид соладиган даражада рағбатлантира олиши эҳтимолдан йироқ, дейди Маҳа Аззам.

Аксар таҳлилчилар каби Нигел Инкстер ҳам Усама бин Ладен тирик ва у ўз видео ва аудио тасмалари орқали Ал-Қоида ғояларини дунёга тарқатмоқда деган фикрда.

“Jane’s Defense” ҳафталигининг Жанубий Осиё бўйича мухбири Раул Беди эса¸ Усама бил Ладеннинг тақдири ҳақида аниқ гап айтиш қийин¸ деган фикрда. Унга кўра, замонавий технология ёрдамида сохта бин Ладенни тайёрлаш қийин эмас. Агар бин Ладен ўлган бўлса, Ал-Қоида уни тирик қилиб кўрсатишга уринган бўларди.

Беди фикрича, Усама бин Ладен тирик ёки ўлган бўлишидан қатъий назар¸ Покистонда туриб¸ Ал-Қоиданинг глобал миқёсда ҳужумлар уюштира олиш имконияти эътибордан четда қолмаслиги керак.

- Ал-Қоида ҳамма ерда бор. Ташкилот маълум муддат 11 сентябрдаги каби ҳужумлар уюштириш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин. Аммо мен ташкилот ҳозирда кучлироқ бўлмоқда ва қайтадан гуруҳларга бирлашмоқда¸ деб ўйлайман. Бир неча ой ёки йиллардан кейин бу гуруҳ хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкин. Афғонистон ва покистонлик толиблар, шунингдек Покистондаги бошқа кўплаб жангариларни қабул қилиш орқали Ал-Қоида ўз сафларини кенгайтирди, деди “Jane’s Defense” ҳафталиги мухбири.

Раул Беди хулоса қилиб, Ал-Қоида раҳбарларининг Покистондан ҳукумат назорати суст бўлган Сомали, Судан, Жазоир ёки Яман каби давлатларга қочиб кетган бўлиши мумкинлигини айтади.

Шунга қарамай, Беди фикрича, террорчи гуруҳлар Покистоннинг қабилалар яшайдиган вилоятлари ва Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош минтақаларидан молиявий ва тактик қувват олишда давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG