Линклар

Ўзбеклар қозоқлар¸ қозоқлар ўзбеклар баëнотини рад этмоқда


Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийси¸ қозоқ ҳарбий вертолëтининг ҳалокатга учрашини Бўстонлиқдаги қочиш билан боғламоқда.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийси¸ қозоқ ҳарбий вертолëтининг ҳалокатга учрашини Бўстонлиқдаги қочиш билан боғламоқда.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси Бўстонлиқдаги қамоқхонадан 10 нафар маҳбуснинг қочгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилди. Айни пайтда¸ қозоқ томони Угам дарасидаги вертолёт ҳалокатини ушбу қочиш билан боғлашда давом этаëтир.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Бўстонлиқ қамоқхонасидан маҳбуслар қочгани ҳақида Қозоғистон матбуотида пайдо бўлган маълумотларни инкор қилиб, бошқарма бу борада баёнот тайёрлаётганини маълум қилди.

- Ҳозир ўқиб биз ҳам ҳайронмиз. Қаердан олишди бу асоссиз гапларни? Умуман ақл бовар қилмайдиган гаплар ëзилган. Мана ҳозир шуни раҳбарият ҳам ўқиб¸ жуда қаттиқ нима қилди. Бу ерда бунақа нарса умуман бўлмаган. Жазони ижро этиш муассасасидан ҳеч қандай қочиш бўлмаган.

Биринчидан¸ улар ëзган жойда жазони ижро этиш муассасаси йўқ. Бўстонлиқ туманида бор¸ лекин улар айтаëтгандай "строгий" эмас¸ умумий ҳолатдагиси бор. Унақа қочиш-почиш деган нарсалар бўлмаган. Ҳаммаси осмондан олинган гаплар. Қаердан олиб ëзишганига мен ҳам ҳайронман. Бу ердаги раҳбарият ҳам ҳайрон қолди. Биз ҳам ҳозир тайëрладик что ҳеч бунақа нарса йўқ. Бизлар берамиз. Биз шуни ҳозир тайëрлаяпмиз. Бир-икки соатларнинг ичида биз чиқарамиз у нарсани, деди Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими.

Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлиги Ўзбекистондаги хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган қамоқхонадан қочган жиноятчилар олти одам, жумладан бир аёл ва уч яшар болани ўлдириб, икки кишини яралагани ҳақида маълум қилган эди.

Агентлик ушбу хабарни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Онтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўрнибосари Жанарбек Мадидиновга таянган ҳолда эълон қилган.

- Ўзбекистон тарафдан қуролли жиноятчиларнинг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги тоғли ҳудудларга қочгани ҳақда хабар олингач¸ "Aрлан" разведка-қидирув бўлинмаси жангчилари ҳарбий вертолëтда мазкур ҳудудга йўл олди ва бу вертолëт Жанубий Қозоғистоннинг Угам дарасида ҳалокатга учради¸ деб Интерфакс-Қозоғистон мухбирига хабар берган жаноб Мадидинов.

Жанубий қозоғистонлик журналист Абдумалик Сармоновга кўра, айни пайтда Қозоғистон томони Ўзбекистон қамоқхонасидан қочган жиноятчиларнинг айнан Угам дарасида яширганлигини тахмин қилишмоқда.

- Қозоғистон чегарачиларининг ҳарбий вертолëтда Угам тоғларига келишининг сабаби Ўзбекистон томондан берилган хабар¸ дейишаяпти. Яъни Ўзбекистондан қандайдир бир жиноятчилар гуруҳи қочган ва уларнинг Қозоғистонга ўтиш эҳтимоли бор бўлган. Угам тоғларининг ëнида Жанубий Қозоғистон вилоятига қарашли Қозоғистон¸ Ўзбекистон¸ Қирғизистон чегаралари тўқнашган жой бор. Улар шу жойга келишган. У ерда қандайдир боғлар бўлган. Яъни одам яшайдиган жойлар. Ташландиқ¸ эски бинолар бўлган. Ана шу ерларда яширинаяпти¸ деган тахмин бўлган. Вертолëтнинг қора қутиси топилди. Ҳозирги вақтда қутини очиб¸ ундаги маълумотни олиш билан шуғулланишаяпти, дейди Абдумалик Сармонов.

Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлиги чегара хизматидаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, 10 нафар жиноятчи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган қамоқхонадан 6 сентябр куни қочишга муваффақ бўлган.

Манбанинг яна билдиришича, қочиш пайтида улар қамоқхонанинг икки нозирини ўлдириб¸ ўзлари билан автомат қуролни олиб кетган.

Қозоғистон чегара хизматидаги манба қамоқдан қочган жиноятчилар милиция таъқибидан қочиб¸ Тошкент яқинидаги Ғазалкент қишлоғига яширинган пайтда икки киши - боғча тарбиячиси ва уч яшар болани ўлдирган.

- Бир оздан кейин қамоқдан қочганлар гуруҳи Бўстонлиқ милициясининг патрулини ўққа тутган. Оқибатда милициянинг икки ходими ўлган, икки нафари яраланган, дейди манба.

Бироқ айни маълумотларни ўрганиш жараёнида Озодликнинг Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатларининг барчасига бир хилда¸ яъни ушбу воқеани инкор қилиш тарзидаги жавоб бўлди.

- Йўқ¸ унақа нарса бўлмаган. Ким айтган бўлса ҳам бекорларни айтибди, деди Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман прокуратураси ходими.

- Бўстонлиқ туманида битта жазони ижро этиш муассасаси бор. У ҳам бўлса Товоқсойда жойлашган жазони ижро этиш муассасаси. У ердан ҳеч ким қочгани йўқ. Мен ҳали эшитганим йўқ. Агар қочган бўлган тақдирда шаҳар¸ туман милициянинг энг охирги ходимигача хабар берилади¸ ориентировка берилади, деди Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлими ходими.

Агар Бўстонлиқдаги қамоқхонадан маҳбуслар қочмаган бўлса, у ҳолда Қозоғистонга Ўзбекистондан қочиб ўтган кишилар кимлар?

Уган дарасида кимлар яширингану "Aрлан" разведка-қидирув бўлинмаси кимларни қидирган?

Бу каби саволлар жуда кўп бўлиб, ҳозирча уларнинг барчаси очиқ қолаётир.

Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлигининг 10 сентябр кунги хабарига кўра, Ўзбекистондан қочиб ўтган жиноятчиларнинг бирортаси ушлангани ҳақида маълумот йўқ бўлиб, қидириш ишлари давом этмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни воқеа муносабати билан минтақага қўшимча кучлар жўнатилиб, ўзбек-қозоқ чегарасида кучайтирилган назорат ўрнатилган.

Воқеа тафсилотларига оид янги хабарлар билан Озодлик сайтини мунтазам кузатиш орқали танишишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG