Линклар

Қозоқ чегарачилари гапидан қайтмаëтир


Бўстонлиқдаги воқеа муносабати билан¸ қозоқ томони Ўзбекистон билан чегара назорати кучайганини айтмоқда.

Бўстонлиқдаги воқеа муносабати билан¸ қозоқ томони Ўзбекистон билан чегара назорати кучайганини айтмоқда.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси Бўстонлиқдаги қамоқхонадан 10 нафар маҳбуснинг қочгани ҳақидаги маълумотларни расман инкор қилди. Айни пайтда¸ қозоқ томони Угам дарасидаги вертолёт ҳалокатини ушбу қочиш билан боғлашда давом этаëтир.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Бўстонлиқ қамоқхонасидан маҳбуслар қочгани ҳақида Қозоғистон матбуотида пайдо бўлган маълумотларни инкор қилиб, бошқарма бу борада баёнот тайёрлаётганини маълум қилди.

- Ҳозир ўқиб¸ биз ҳам ҳайронмиз. Қаердан олишди бу асоссиз гапларни? Умуман ақл бовар қилмайдиган гаплар ëзилган. Мана ҳозир шуни раҳбарият ҳам ўқиб¸ жуда қаттиқ нима қилди. Бу ерда бунақа нарса умуман бўлмаган. Жазони ижро этиш муассасасидан ҳеч қандай қочиш бўлмаган.

Биринчидан¸ улар ëзган жойда жазони ижро этиш муассасаси йўқ. Бўстонлиқ туманида бор¸ лекин улар айтаëтгандай строгий эмас¸ умумий ҳолатдагиси бор. Унақа қочиш-почиш деган нарсалар бўлмаган. Ҳаммаси осмондан олинган гаплар. Қаердан олиб ëзишганига мен ҳам ҳайронман. Бу ердаги раҳбарият ҳам ҳайрон қолди. Биз ҳам ҳозир тайëрладик что ҳеч бунақа нарса йўқ. Бизлар берамиз. Биз шуни ҳозир тайëрлаяпмиз. Бир-икки соатларнинг ичида биз чиқарамиз у нарсани, деди Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Онтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жанарбек Мадидинов эса¸ Озодлик билан пайшанба кечки пайт ўтказилган суҳбатида Ўзбекистон қамоқхонасидан жиноятчиларнинг қочиб¸ Қозоғистон ҳудудида яширингани борасида ўз идорасида етарли маълумот борлигини таъкидлашда давом этди.

- Ўзбеклар ҳар доим инкор қилишади. Бизда эса аниқ оператив маълумотлар бор. Жиноятчилар олти ёки ўн нафар бўлиб, барчаси қуролланган. Улар маҳбуслар¸ аниқроғи экстремистлар бўлиб, Покистон ва Афғонистонда жанговар тайёргарликдан ўтишган, деди Жанарбек Мадидинов.

Қозоғистон чегара хизмати мулозими жаноб Мадидинов 6 сентябр куни Ўзбекистондаги хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган қамоқхонадан қочган жиноятчилар, қочиш пайтида икки нозирни ўлдириб, уларнинг қуролларини ўзлари билан олиб кетишганига оид олдинроқ Интерфакс-Қозоғистон агентлигига берган баëнотини Озодлик билан суҳбатда яна такрорлади.

- Аввал қамоқхонадаги қўриқчиларни ўлдиришган. Кейин битта блок постда милиция ходимларини ва бир аёлни боласи билан ўлдирганлар. Жами олти кишини ўлдиришган. Ўзбекистон тарафдан қуролли жиноятчиларнинг ўзбек-қозоқ чегарасидаги тоғли ҳудудларга қочгани ҳақида хабар олингач¸ чегара хизматининг "Aрлан" разведка-қидирув бўлинмаси жангчилари ҳарбий вертолëтда мазкур ҳудудга йўл олди ва бу вертолëт Жанубий Қозоғистоннинг Угам дарасида ҳалокатга учради, дейди Жанарбек Мадидинов.

Айни пайтда¸ Қозоғистон чегарачилари Угам дарасига яширингани айтилаётган ўзбекистонлик жиноятчиларни қидириш ишларини давом этттиришмоқда.

- Биз ҳали уларни ушлаганимиз йўқ. Улар тоққа яширинишган. Угам жуда катта туман. Бу ерда аҳоли яшамайди¸ фақат тоғлик. Улар шу ерда яшириниб олишган. Биз қидираяпмиз, дер экан жаноб Мадидинов улардаги маълумотлар ишончли ва аниқ эканлигини қўшиб қўйди.

Бироқ айни маълумотларни ўрганиш жараёнида Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларига Озодлик қилган мурожаатларнинг барчасига бир хилда - ушбу воқеани инкор қилиш тарзида жавоб бўлди.

- Йўқ¸ унақа нарса бўлмаган. Ким айтган бўлса ҳам бекорларни айтибди, деди Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман прокуратураси ходими.

- Бўстонлиқ туманида битта жазони ижро этиш муассасаси бор. У ҳам бўлса Товоқсойда жойлашган жазони ижро этиш муассасаси. У ердан ҳеч ким қочгани йўқ. Мен ҳали эшитганим йўқ. Агар қочган бўлган тақдирда шаҳар¸ туман милициянинг энг охирги ходимигача хабар берилади¸ ориентировка берилади, деди Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлими ходими.

Агар Бўстонлиқдаги қамоқхонадан маҳбуслар қочмаган бўлса, у ҳолда Қозоғистонга Ўзбекистондан қочиб ўтган кишилар кимлар?

Угам дарасида кимлар яширингану "Aрлан" разведка-қидирув бўлинмаси кимларни қидириш пайти авиаҳалокатга учради?

Бу каби саволлар жуда кўп бўлиб, ҳозирча уларнинг барчаси очиқ қолаётир.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни воқеа муносабати билан Қозоғистон томони минтақага қўшимча кучлар жўнатиб, ўзбек-қозоқ чегарасида кучайтирилган назорат ўрнатган.
XS
SM
MD
LG