Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:58

Ҳилл: Ироқ ўз хавфсизлигини таъминлашга тайёр


АҚШнинг Ироқдаги элчиси Кристофер Ҳилл фикрича, Ироқдаги ҳужумлар катта талафотларга сабаб бўлаётган эса-да, бу ҳужумлар мамлакатни фуқаролик уруши ёқасига қайтарадиган даражада эмас.
АҚШнинг Ироқдаги элчиси Кристофер Ҳилл фикрича, Ироқдаги ҳужумлар катта талафотларга сабаб бўлаётган эса-да, бу ҳужумлар мамлакатни фуқаролик уруши ёқасига қайтарадиган даражада эмас.

АҚШнинг Ироқдаги элчиси Конгресс Ташқи алоқалар қўмитасига ҳисобот бераркан, Ироқда зўравонлик кўлами ортиб бораётганига қарамай, АҚШ қўшинлари бу мамлакатдан белгиланган муддатда чиқарилишини билдирди.

Пайшанба куни Конгресснинг Ташқи алоқалар қўмитасига ҳисобот берган Ҳилл, Ироқда зўравонлик кўлами ортиб бораётганига қарамай, АҚШ қўшинлари бу мамлакатдан белгиланган муддатда, яъни келаси йил август ойига қадар чиқарилишини билдирди.

Кристофер Ҳилл келаси 12 ой Ироқда хавфсизликни таъминлаш ва сиёсий барқарорликка эришиш йўлида муҳим палла бўлишини таъкидлади.

- Ироқда сўнгги ойларда содир этилган бомба ҳужумлари бу мамлакатда уруш оловини ёқишга уринаётган Ал-Қоида хавфи бартараф этилмаганидан далолат бермоқда. Аммо бу ҳужумлар Ироқни фуқаролик уруши ёқасига қайтарадиган даражада эмас, деди АҚШ элчиси.

Ироқда ҳарбий амалиётлар 2003 йилнинг 20 мартида бошланган ва АҚШ президенти Барак Обама эълон қилган режага биноан у ердаги жанговар амалиётлар 2010 йил 31 августида расман якунланиши керак.

АҚШнинг аввалги президенти Жорж Буш даврида Ироқ билан келишилган режага мувофиқ эса 142 000 қўшиндан 50 000 га яқини 2011 йилнинг охиригача Ироқ кучларига маслаҳатлар бериш ва Қўшма Штатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ироқда қолиши лозим эди.

Конгрессдаги тингловлар чоғида элчи Кристофер Ҳиллдан: “Бағдод ҳукумати АҚШ қўшинларини чиқариш муддатини кечроққа суришни сўраб Обама маъмуриятига мурожаат этиши ва ё бу масалани умумхалқ муҳокамасига қўйиши мумкинми?” дея сўралди.

- Ироқ ҳукумати Обама маъмуриятидан қўшинлар чиқарилиши учун бошқа муддат белгилашни сўрайди, деган фикрдан йироқман. Ироқ ўз хавфсизлигини таъминлашга тайёр ва ироқликлар ҳам шу фикрда, дея жавоб берди АҚШнинг Ироқдаги элчиси.

Ироқда ҳарбий амалиётлар бошланганидан бери 4000 дан зиёд америкалик аскар ҳалок бўлди. Ҳозир Ироқда 131 минг атрофида АҚШ ҳарбийлари жойлаштирилган. Сўнгги ойларда содир этилган мудҳиш ҳужумлар Ироқда эришилган хавфсизлик муваффақиятларига жиддий путур етказди.

Кўпгина ироқликлар ўтган июн ойида Америка қўшинлари Ироқ шаҳарларидан чиқиб кетганидан сўнг айнан шу каби ҳужумларнинг авж олишидан хавотирда эдилар.

Аксар ироқликлар самарасиз ва коррупцияга ботган Ироқ армияси аҳолини ҳимоя қила олиши ва хавфсизликни таъминлай олишига унчалик ишонмайди.
XS
SM
MD
LG