Линклар

Тожик мусулмонлари нега радикаллашмоқда?


Тожик расмийлари¸ асосан Исломни чуқурроқ ўрганаман деб¸ мусулмон давлатларига чиқиб кетаëтган ëшларнинг террорчи гуруҳлар учун ўлжа бўлаëтганини айтмоқдалар.

Тожик расмийлари¸ асосан Исломни чуқурроқ ўрганаман деб¸ мусулмон давлатларига чиқиб кетаëтган ëшларнинг террорчи гуруҳлар учун ўлжа бўлаëтганини айтмоқдалар.

Диний таълим олиш ëхуд тирикчилик учун пул топиш мақсадида хорижга чиқиб кетаётган тожик ëшларининг эстремистик руҳдаги гуруҳларга қўшилиб қолаётгани Душанбе расмийлари хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров ўтган ҳафта Эрондан депортация қилинган тожикистонликлар борасида тўхталаркан, халқаро террорчи гуруҳларга қўшилаётганлар орасида хорижий давлатларда ноқонуний юрган тожикистонликлар ҳам кам эмаслигини айтди.

Вазирга кўра¸ Тожикистонда ўтказилган террорчилик амалиётларида айнан шу радикаллар иштирок этган¸ жумладан, Сўғд вилояти ҳудудида содир этилган барча террорчилик ҳуружларида уларнинг қўли бор.

- Конибодом Ички ишлар бўлимининг икки ходимига суиқасд, Қайроққум шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш изолятори ва Лаккон чегара заставасига қилинган қуролли ҳужумлар ҳам айнан мана шундай террорчи гуруҳлар аъзолари томонидан амалга оширилган. 2008-2009 йилларда вилоятда милиция ходимларига қилинган қуролли ҳужумлар ҳам шулар жумласидандир, деди генерал-лейтенант Абдураҳим Қаҳҳоров.

Ички ишлар вазири сўзларига кўра, бу экстремистик гуруҳларнинг аксар аъзоси Исфара туманида ушланган. Чунончи¸ қўшни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида ҳибсга олинган исфаралик Анвар Қаюмов Покистондаги жангарилар лагерида машқлардан ўтган .

Германияда террорчилик амалиётларини амалга оширишга тайёргарлик кўришда гумонланган ва айни пайтда экстремизмда айбланиб Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган Шерали Азизовнинг қариндошлари унинг алдов йўли билан Покистонга олиб чиқиб кетилганини таъкидлайдилар.

- Укам Шерали Эрондаги мадрасада ўқирди. У ва яна бир гуруҳ талабалар “ўқишни Покистондаги мадрасада давом эттиришади” дея алдов йўли билан Покистонга олиб кетилган. У ҳеч қандай террорчи гуруҳга аъзо бўлмаган, дейди Шералининг акаси Худойназар Азизов.

Унинг айтишича, укаси Шерали ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Душанбедаги олий ўқув юртларидан бирига киришга муваффақ бўлган. Бироқ оғир иқтисодий шароит уни ўқишни ташлашга мажбур қилган. Тожикистон қуролли кучлари сафида хизмат қилиб қайтган Шерали тўртта тилни ўзлаштирган. Ўша пайтларда унда Ислом дини таълимотига катта қизиқиш уйғонган. 2004 йили диний маълумотини ошириш мақсадида Эроннинг Зоҳидон шаҳридаги мадрасага ўқишга кирган. Бироқ бир йилдан кейин ундан хат-хабар келмай қўйган. Орадан бир неча йил ўтгандан кейингина Шерали Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаги қамоқхонада сақланаётганлиги аниқланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот департаменти раҳбари Давлатали Назриевнинг қайд этишича, сўнгги пайтларда мусулмон ўлкаларига ноқонуний равишда ўқишга кетаётган тожикистонлик йигитларнинг кўпи экстремистик гуруҳларга аралашиб қолаяпти.

- Яқинда Эрондан 20 тожикистонлик талаба депортация қилинди. Чунки улар ноқонуний тарзда мадрасада ўқишган. Афсуски, тожикистонлик ёшлар охирги пайтларда Эрон, Покистон ва Мисрга ноқонуний йўллар билан ўқишга боришмоқда. Оқибатда¸ уларнинг кўпчилиги фаолияти таъқиқланган экстремистик исломий ташкилотлар домига тушиб қолмоқда. У ерда эса билими ўткир йигитлар танлаб олинади ва шу ташкилотлар базасига олиб кетилади, деди Давлатали Назриев.

Аммо Тожикистон социал-демократик партия раиси ўринбосари Шокир Ҳакимов фикрича¸ бу йигитлар кўп ҳолларда ўз хоҳишлари билан ана шундай экстремистик ташкилотларни ахтаришади ва аъзо бўлишади.

- Тожикистондаги оғир иқтисодий аҳвол, ишсизлик, коррупциянинг кенг авж олганлиги ёшларни мана шундай гуруҳлар, ташкилотларга ихтиёрий равишда аъзо бўлишга ундамоқда. Бу ташкилотлар ёшларни¸ биринчи навбатда¸молиявий жиҳатдан қизиқирмокда, дейди Шокир Ҳакимов.

Унга кўра, ёшларнинг экстремистик руҳдаги гуруҳларга қўшилишлари уларнинг амалдаги тожик расмийлари юритаётган сиёсатга нисбатан норозилигидан даракдир.
XS
SM
MD
LG