Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:00

Чегарада назорат кучаядиган бўлди


Кузатувчилар¸ ишсизлик ва қашшоқлик муаммоси ҳал қилинмас экан¸ наркотиклар контрабандаси¸ одам савдоси ва ноқонуний миграция йўлини чегарачиларни кўпайтириш билан тўхтатиб бўлмаслигини айтмоқдалар.
Кузатувчилар¸ ишсизлик ва қашшоқлик муаммоси ҳал қилинмас экан¸ наркотиклар контрабандаси¸ одам савдоси ва ноқонуний миграция йўлини чегарачиларни кўпайтириш билан тўхтатиб бўлмаслигини айтмоқдалар.

Марказий Осиёнинг тўрт давлати ва Россия чегарачилари ўзаро сарҳадларда одам савдоси, қурол-аслаҳа ва наркотиклар контрабандасига қарши кураш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича қўшма амалиёт бошладилар.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Хушнуд Раҳматуллоевнинг маълум қилишича, Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматларини наркотиклар ноқонуний савдоси ва экстремистик гуруҳларнинг ўз ҳудудларига кириб келиши, Россия ва Қозоғистонни эса ноқонуний меҳнат муҳожирлари сонининг ортаётгани ташвишга солмоқда.

Чегара қўмитаси расмийсининг қайд этишича, мазкур қўшма амалиётдан кўзланган мақсад чегараларда мавжуд муаммоларга қарши биргаликда курашишдир.

Хушнуд Раҳматуллоев илгари ҳам Марказий Осиёнинг беш давлати ва Россия чегарачилари айнан шундай қўшма тадбир ўтказишгани, бироқ бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида олдинроқ эълон қилингани туфайли кутилган натижаларга эришилмаганини билдирди. Шу нуқтаи назардан, тожик расмийсига кўра, бу гал амалиёт бўйича батафсил маълумот берилмайди.

Хушнуд Раҳматуллоевга кўра, Афғонистондаги беқарорлик ортидан бу мамлакат тегишли ташкилот масъулларининг чегараларни етарлича назорат қила олмаётгани сабабли Афғонистонга қўшни давлатлар ўз миллий хавфсизлик ва чегара хизмати ходимларини ҳар турли хавфни қайтаришга тайёрлаши зарур.

Раҳматуллоевнинг билдиришича, Россия ва Қозоғистон афғон банг моддаларининг Европа бозорларига тарқалишида транзит мамлакат бўлиш билан бирга, ноқонуний меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатлар ҳам саналади ва бу, ўз навбатида, улар ташвишини орттирмоқда.

Таҳлилчилар Россия, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чегарачиларининг қўшма амалиёти минтақа умумий хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эгалигини уқтиришмоқда.

Хавфсизлик масалаларига доир мустақил таҳлилчи Амруллоҳ Собир бундай ҳамкорликнинг осон кечмаëтгани,аммо шунга қарамай, минтақа давлатлари бу борада муштарак амалиётлар ўтказишлари зарурлигини айтади.

- Афғонистондан Тожикистон ҳудудига олиб кирилаётган банг моддалари бу ерда қўлга олинмаса, Қирғизистонда қўлга олинади. Агар наркогуруҳлар Қирғизистонда ҳам қўлга олинмаса, Қозиғистонда¸ албатта¸ қўлга олинади.

Шуни назарга олган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари чегарачилари ўртасида шундай бир амалиётнинг йўлга қўйилиши ва бу борада ўзаро ахборот алмашинувининг йўлга қўйилишини олқишлаш лозим, дейди Амруллоҳ Собир.

Таҳлилчига кўра, шу йил баҳорида террористик ва экстримистик гуруҳларнинг Афғонистондан Тожикистон тупроғига кириб келгани, уларни тутиш мақсадида бу мамлакат шарқида “Кўкнор-2009” амалиётининг ўтказилиши¸ айни пайтда номаълум гуруҳларнинг Андижон милиция постига кутилмаган ҳужум уюштириши бу мамлакат расмийларини ҳушёр торттирган.

Бироқ бошқа бир гуруҳ таҳлилчиларга кўра, айрим ҳолатларда қўшма амалиётлар “салла ўрнига калла олиб келиш” билан якунланади.

Мустақил таҳлилчи Нурали Давлат ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши курашишдан аввал минтақа давлатларидаги ишсизларни иш ўринлари ва яхши маош билан таъминлаш зарурлигини уқтиради.

- Ноқонуний меҳнат муҳожиротининг олдини олиш борасида бу мамлакатлар раҳбарлари кўпроқ қайғуришлари лозим. Зеро, иш билан таъминлаш ва ишсизликни тугатиш аслида фуқаролари иш ахтариб ташқарига чиқиб кетаётган мамлакатлар ҳукуматининг вазифасидир. Ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари рўзғор тебратиш учун Россия ва Қозоғистон тупроғига киришга мажбурлар, дейди Давлат Нурали.

Тожикистон чегара масъуллари Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чегарачиларининг ўзаро сарҳадларда одам савдоси, қурол-аслаҳа ва наркотиклар контрабандасига қарши курашиш ҳамда ноқонуний миграциянинг олдини олиш мақсадида 10 сентябрда бошланган қўшма амалиёти натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини билдиришди.
XS
SM
MD
LG