Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:01

Тўртовлон тўйлашмоқда¸ бешинчиси уйида


Актаудаги меҳмондорчиликдан аввал Медведев ва Назарбоев Оренбургда қозоқ қимизхонасида тановул қилдилар.
Актаудаги меҳмондорчиликдан аввал Медведев ва Назарбоев Оренбургда қозоқ қимизхонасида тановул қилдилар.

Жума куни Қозоғистоннинг Актау порт шаҳарчасида Каспий бўйидаги беш давлатдан тўрттаси президенти норасмий учрашувга йиғилди. Бешинчи давлат - Эрон президенти эса бу йиғинга таклиф ҳам қилинмади.

Озарбайжон¸ Қозоғистон¸ Туркманистон ва Россия президентларининг Каспий бўйидаги қозоқ шаҳрига тўпланишлари билан боғлиқ биринчи жиҳат Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг унга таклиф қилинмагани бўлса¸ иккинчи жиҳат¸ бу машваратнинг ўта тезлик билан ҳозирланганидир.

Бу жараëнни кузатаëтган таҳлилчилардан бири Федерико Борданаро¸ иккала жиҳат ҳам Теҳронни ранжитмай қолмаганини айтади.

- Бу жуда қизиқ воқеа бўлаяпти. Эрон ўзининг Каспийбўйи давлат раҳбарларининг норасмий саммитига таклиф этилмаганидан ғазабга тушиб¸ буни ўз ғурурига берилган зарба деб қабул қилди. Шу жиҳатдан¸ Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Газпром раҳбари Алексей Миллер билан 7 сенябр куни ўтказган суҳбати ҳам жуда қизиқ. “Бир неча кун ичида Каспийбўйидаги айрим давлатлар – Озарбайжон¸ Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари билан учрашувимиз бўлади“¸ деди Медведев. Унинг “айрим” деган сўзни ишлатгани жуда қизиқ¸ зотан бу билан у учрашувга Каспийбўйидаги ҳамма давлатлар ҳам таклиф этилмаганига урғу берди¸ дейди Ғарб таҳлилчиси.

9 сенябр куни Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Актау йиғинига эътироз билдириб¸ бундай йиғилишнинг Эрон миллий манфаатларига зид келишини таъкидлади.

Теҳрон дипломатлари раҳбари шунингдек¸ бундай йиғин Каспий бўйида жойлашган беш давлат ўртасида имзоланилган келишувга зидлиги ҳам айтди. Мазкур келишув эса¸ Каспий сарҳадларини белгилашга доир ҳар қандай масаланинг фақат бешала давлат иштирокида ҳал этилишини кўзда тутади.

Борданаро¸ Муттақийнинг эътирози ўринли¸ деган фикрда.

- Эрондагилар¸ Каспий бўйича Россия ўз етагидаги блок тузиб¸ муаммони Теҳронсиз ўз ораларида ҳал этишларидан чўчимоқда. Бундай вазиятда бирлашган тўртовлон Эрон тушиб қолган ҳозирги изоляциядан фойдаланиб¸ унга Каспий мақомини ҳал этиш борасида ўз қарорларини ўтказишга уринишлари мумкин. Эроннинг бу йиғинга чақирилмагани ортидаги яна бир сабаб¸ Теҳроннинг ҳозирги кунда¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ ўта оғир дамларни бошдан кечираëтгани бўлиши мукин¸ дейди италиялик таҳлилчи.

Каспий бўйида жойлашган беш давлат ўртасида ечимини топмай келаëтган асосий муаммо – Каспий денгизми¸ ëхуд кўл¸ деган савол жавобидир. Сиртдан кулгили бўлиб туюлган айнан шу савол жавоби Каспий тубидаги улкан ëнилғи заҳираларидан қанчасининг кимга тегажагини белгилайди.

Агар Каспийнинг расмий мақоми денгиз¸ деб белгиланса¸ бундай ҳолда унинг остидаги бойликларни ўзлаштириш миллий чегаралар доирасида бўлади ва бу ечимда Каспийда каттагина ҳудудга эга Қозоғистон ютади.

Мабодо Каспийга кўл мақоми берилса¸ унинг усти ва остидаги бойликлар чегарадаги беш давлат орасида теппа-тенг тақсимланади ва шу боис Каспий сатҳининг 13 фоизига эга Эрон¸ табиийки Каспийга кўл мақоми берилишидан манфаатдор.

Актау норасмий саммити олдидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган расмий баëнотга ишонилгудек бўлса¸ учрашувда Каспий мақоми масаласи муҳокама қилинмайди.

Аммо Актауга келишдан аввал Оренбургда бирга зиëфат қилган Медведев ва Назарбоевнинг¸ ëхуд Актаудан сўнг Туркманистонга йўл оладиган Кремл раҳбарининг ўз мезбони Бердимуҳамедов билан айни шу масалада фикр алмашиши¸ аниқроғи тил топишмаслигига эронликлар учун ҳеч қандай кафолат йўқ.
XS
SM
MD
LG