Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:48

Эркин микрофон - Андижонда томлар қизармоқда


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” рукнига жамланган бу галги фикр ва мулоҳазалар орқали яна¸ Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги асл вазиятга оид ҳикоялар ва ўзбеклар турмушига оид айрим янгиликлар билан танишасиз.

“Бировнинг ҳисобидан обрў олиш”

Ўзбекистон президенти мамлакат бўйлаб қаерга борса, унинг ташрифидан бир ой олдин азиз меҳмоннинг келишига тайёргарлик кўрила бошлайди. Маълум бўлишича¸ бу тайёргарликнинг моддий томони тўлиғича маҳаллий ташкилотлар, тадбиркор ва фермерлар зиммасига тушар экан. Президент Ислом Каримовнинг шу ой ичида Андижон вилоятига бориши кутилмоқда. Бу ташрифдан олдин Андижонда бўлаётган ҳангомалар ҳақда Андижондан сим қоққан суҳбатдошимиз ҳикоя қилади.

- Президентимиз 15-20 числоларга Андижонга келар экан. Энди шунинг келишига йўлдаги уйларнинг шиферларининг ўрнига черепица қўйиб чиқаяпти экан. У фермерга фалон нарса олиб берасан¸ бу фермерга пистон нарса олиб берасан¸ деган гаплар бўлаяпти.

Озодлик: Бу нарсалар маҳаллий ҳокимларнинг¸ фермерларнинг¸ тадбиркорларнинг бўйнига юклатилганми?

- Ҳа¸ шунақа. Сен шифер олиб берасан¸ сен краска олиб берасан¸ дейилаяпти.

Озодлик: Сизлар қаерда турасизлар? Андижоннинг ўзидами?

- Мен Андижондан саккиз километр узоқликдаги Олтинкўл деган ерда тураман.

Озодлик: Бу президент ўтадиган йўлми?

- Андижон-Наманган йўли.

Озодлик: Шунга энди ҳамма уйларнинг ташқи кўринишларини бошқача қилишаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Одамларнинг ўзларига мажбуран қилдираяптими ëки...

- Йўқ¸ йўқ. Имкони борича одамларнинг ўзи¸ имкони бўлмаганларга фермерлар. Бугун Райпонинг раиси бизнинг маҳаллага келиб¸ маҳалламиздаги хом ғишт қуядиган болалардан тракторга ғишт юклаб кетди. “Мен биттасининг уйини ғиштлаб уриб беришим керак” деяпти. Райпонинг раиси қилаяпти шуни.

Озодлик: Шу яхшидир. Бир камбағалларнинг уйи шу баҳона чиройли бўлиб қолар.

- Балки яхшидир. Нима учун унга улар краскани¸ шиферни фермернинг ҳисобидан олиб беради. Масалан¸ менинг уч гектар ëки бир гектар ерим бор. Мен ўзим ойликка¸ гўштга муҳтожманку¸ нима учун у бошқа одамга менинг номимдан краска ва шифер олиб беради?


“Шоирлари ёлғон айтса¸ ўлади эл”

Маҳаллий ҳокимлар Ўзбекистон президенти кўзига юртни фаровон, кўчаларни обод қилиб кўрсатишга уринаётган бир пайтда¸ юртнинг шоирлари мустақиллик куйларини амалдорлар сўзларига ҳамоҳанг ҳолда баланд куйламоқдалар, дейди шоир Умид Андижоний.

Бизга сим қоққан бу ҳаваскор фикрича, ҳозир ҳақ сўзни айтадиган шоир қолмаган - Ўзбекистонда, шоирлар халқ дардини унутиб, қамишдан бел боғлаб Оқсаройга хизматига ўтиб кетганлар.

Умид Андижоний бу дардларини Абдулла Қаҳҳорга бағишланган шеърида тўкиб солибди.

Адиблар оғзига солишган талқон¸
Рост сўз айтмоқликка ожизу ночор.
Ахлоқ меъëрига айланди ëлғон¸
Эҳ қани¸ бўлсайди Абдулла Қаҳҳор.

Бугун пора деса¸ кирпини эмас¸
Тўнғизни тескари этувчилар бор¸
Бундай фожеанинг илдизин рўй-рост¸
Очиб ташлар эди Абдулла Қаҳҳор¸

Ўғри¸ каззобларга типик мисолни¸
Ўтмишдан ахтариб юрмасди зинҳор¸
Бугун Оқсаройдан бир ҳалол касни¸
Топмай қийналарди Абдулла Қаҳҳор.

Боқсанг¸ дилбузарда ҳаëт фаровон¸
Бахтдан энтикишар хуфтонга қадар¸
Халқнинг ярми нечун хорижда сарсон¸
Айтиб ташлар эди Абдулла Қаҳҳор.

Балки шоирларнинг маддоҳлик қилиб¸
Сийловлар олганин кўрганда бир бор¸
Халққа¸ адабиëтга бу хиëнатни¸
Кўтара олмасди Абдулла Қаҳҳор.


“Ерга урворманглар Ўзбекистонни, оғайни”

Айрим ўзбекистонликларни, Озодликда Ўзбекистон ҳақида танқидий лавҳаларнинг кўп берилаётганидан туғилган ташвиш таҳририятимизга мурожаат қилишга ундамоқда. Андижондан сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз¸ ана шундайлардан бири.

- Ҳадеб “Қолоқ¸ саводсиз” деб бизнинг президентни айблаяптию. Унақа демангларда энди ошна! Ҳамма саводсизмаску. Биз ҳам ўқиганмиз. Институтда ўқидик¸ техникумда ўқидик. Ўрганган илмимиз бор. Бир йўла ҳаммамизни ерга уриб юбормангларда¸ оғайни! Ҳамма ерда борда саводсиз одамлар. Бизнинг давлатимиз яхши¸ Худога шукур. Мана мустақиллик¸ ҳамма ëқ яхши. Оч қолмасак. Зўр бўлаяптию дўстим. Оллоҳга шукур. Минг марта яхши¸ дейди андижондан сим қоққан бу суҳбатдош.


“Одамнинг итчалик қадри йўқми?”

Қирғизистондан қўнғироқ қилган Бахтиёр исмлик йигит, Россияда миллатчилар томонидан ўлдирлаётган марказий осиёликлар ҳақида ҳукумат раҳбарлари қайғурмаётганидан ҳайратга тушаётганини айтади.

- Илгари куни Москванинг “Вести” программасидан бир суд жараëнини кўрсатдида. Маҳкама жараëнида аниқ бўлишича¸ Дмитрий Худоëров деган одам Москвада 48 та дайди итни милтиғи билан отиб ўлдирибди. Шунинг учун буни маҳкама жараëнига тортиб¸ суд қилишаяпти. Одамлар кўчаларга чиқиб¸ “Нимага бизнинг итларни ўлдиради” деб намойиш ўтказаяпти. Мен ҳайратланган нарса давлат ташкилотларининг ахборотларига биноан бу йил Москвада ва бошқа ерларда тақирбошлар 48 нафар одамни ўлдириб юборишибди. Қаранг¸ итни ўлдирганида москваликлар шунчалик намойиш қилиб чиқишаяпти. 48 нафар одам ўлганига бирорта одам “Бу ваҳшийликнинг олдини олайлик” деб чиқмади. Мана шу мени жуда ҳайратлантирадида. Наҳотки бизнинг катталаримиз шу нарсани кўрмаяпти¸ дейди Бахтиëр.

**********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG