Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Ҳукм кучда қолди


Дилмурод Саййиднинг озод этилишига нисбатан умидлар¸ 11 сентябр куни чиппакка чиқди.
Дилмурод Саййиднинг озод этилишига нисбатан умидлар¸ 11 сентябр куни чиппакка чиқди.

Жорий йилнинг 30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди журналист Дилмурод Саййидни товламачиликда айблаб, унга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди. 11 сентябр куни туман аппеляция суди бу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг адвокати Руҳиддин Комилов маълум қилди.

- Суд 14.30 да бошланди. Судланувчи ўзларининг охирги сўзларини айтди. Томонлар музокарасидан кейин прокурор гапирди. Кейин судланувчига яна сўз берилди. Прокурор “Ҳукм кучда қолсин¸ ҳаммаси тасдиғини топган” деди. Шу билан ҳукм кучида қолдирилди - 12,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолди, дейди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййид дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси асосида товламачиликда айбланди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “пулни Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Аммо тергов жараёнида бу кўрсатмалар инобатга олинмади, аксинча, журналистга янги айбловлар қўйилди.

Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айбланиб¸ маҳкамага тортилди.

Дилмурод Саййид устидан бораëтган маҳкамада жамоатчилик ҳимоячиси сифатида қатнашган Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмаган.

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятининг фаоли¸ журналист Дилмурод Саййидга нисбатан чиқарилган аппеляция ҳукмидаги ажрим аввалдан кутилган эди. Чунки биз бошиданоқ суднинг ва суд коллегиясининг шу кайфиятда эканлигини билгандик ва шунга нисбатан протест билдириб¸ судни ташлаб чиқиб кетган эдик. Афсуски¸ улар барибир ўзларининг ниятига эришишди. Бу нарсани Дилмурод Саййиднинг ўзи ҳам айтган эди. “Самарқанд судларига ишонч йўқ” деган ариза ҳам берган эди. Суд барибир ўзининг ишини қилди.

Инсонда адолатга¸ ҳақиқатга бўлган умид барибир йўқолмайди. Биз Олий суддан ва ундан юқоридаги органлардан адолат кутиб қоламиз. Дилмурод Саййиднинг ишини то охирги инстанциягача¸ токи сиëсий қарорлар ўзгармагунча давом эттирамиз, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева Дилмурод Саййидга нисбатан 12, 5 йиллик қамоқ жазосининг ўз кучида қолдирилишини кескин қоралар экан, айни ҳолат орқали Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимни менсимаслигини яна бир бор намойиш қилди¸ деган фикрни таъкидлайди.

- Менимча, бу Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаяпти¸ деяëтган барча кузатувчилар учун жуда жиддий сигнал.
Расмий Тошкент халқаро ҳамжамият билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқот ўтказиш учун ўзқоидаларини ўрнатмоқда. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор қаратиш ниятидан мутлақ йироқ.

Дилмурод Саййидга нисбатан 12,5 йиллик қамоқ жазосининг ўз кучида қолдирилиши бу жуда даҳшатли. Расмий Тошкент халқаро ташкилотларнинг Дилмурод Саййид ҳимояси борасидаги мурожаатларининг бирортасини ҳам эътиборга олмади.

Лекин биз халқаро босимни кучайтиришимиз лозим. Фақат шу йўл орқалигина Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яхшиланишига эришишимиз мумкин.

Мен Дилмуроддан руҳан тушкунликка тушмаслигини сўрардим. Биз унинг озодлиги учун курашни давом эттирамиз, дейди Надежда Отаева.

Бир қатор халқаро ташкилотлар жумладан, ЕХҲТ нинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус идораси¸ қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалишини қоралаб, бу ҳолатни расмий Тошкентнинг эркин фикр ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мутлақ тоқатсизлигининг навбатдаги намунаси сифатида баҳолади.
XS
SM
MD
LG