Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Ўзбек пахтаси яна бир қора рўйхатда


Халқаро майдонда кучайиб бораëтган босимларга қарамай¸ айни шу кунларда Ўзбекистон пахтазорларида яна болалар теримга олиб чиқилмоқда.
Халқаро майдонда кучайиб бораëтган босимларга қарамай¸ айни шу кунларда Ўзбекистон пахтазорларида яна болалар теримга олиб чиқилмоқда.

Халқаро майдонда болалар меҳнати эвазига етиштирилаëтган ўзбек пахтасини бойкот қилиш ҳаракати куч йиғаëтган айни маҳалда¸ АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам ўзбек пахтасини мажбурий болалар меҳнати эвазига ҳозирланаëтган маҳсулотлар рўйхатига қўшди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Андрю Штролайн АҚШ Меҳнат вазирлигининг Ўзбекистон пахтаси ортидаги болалар меҳнатидан огоҳлантирувчи бу ҳаракатини "мантиқли" деб атайди.

- Менимча, масалага фактлар билан бундай ёндошишдан бошқа имкон қолмаган. Чунки Ўзбекистонда пахтанинг болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш орқали етиштирилаётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шу боис ўзбек пахтасига халқаро миқёсда бойкот кучайиб бормоқда. АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам бу борада мумкин бўлган мантиқли қарор қабул қилди, дейди ғарблик таҳлилчи.

АҚШ Меҳнат вазирлигининг мажбурий ёки болалар меҳнати эвазига тайёрланган маҳсулотлар рўйхатига Ўзбекистон пахтасини ҳам қўшганини қатор ташкилотлар¸ хусусан Америка ўқитувчилар федерацияси, Калвет Инвестмент ва Халқаро Меҳнат ҳуқуқлари форуми ташкилотлари қўллаб-қувватлаган.

- Ўзбекистон пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаëтгани дунёдаги иттифоқлар ва ўқитувчиларнинг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда. Ўқувчи ва ўқитувчилар меҳнат қилиши учун энг яхши жой мактаблардир. АҚШ Меҳнат вазирлигининг ўз рўйхатига Ўзбекистон пахтасини ҳам киритгани болалар ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш масаласига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишда ёрдам беради¸ деб ўйлаймиз, дейди Америка ўқитувчилар федерациясининг Халқаро алоқалар департаменти вакили Патриция Кийфер.

Қароргоҳи Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш учун йиллардан бери халқаро миқёсда кампания олиб бормоқда. Бу уринишлар самара бермоқда -сўнгги бир ярим йил давомида “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби кийим-кечак савдоси билан шуғуланувчи дунёнинг йирик ширкатлари болалар меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.

Андрю Штролайн¸ АҚШ Меҳнат вазирлиги 10 сентябр куни қабул қилган қарор мажбурий болалар меҳнати эвазига тайёрланган Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилишга қаратилган халқаро кампания аҳамиятини оширади¸ деган фикрда.

- Шубҳасиз, бу ўзбек пахтасига қарши бошланган халқаро бойкот аҳамиятини оширади. Бойкотдан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги режим ва унга яқин доираларнинг болалар меҳнати эвазига етиштирилган пахтадан кўраётдан даромадини камайтиришдан иборат. Бу болалар меҳнатидан фойдаланиш борасида вазиятни ўзгартириш учун режимга босимни кучайтириш йўлларидан биридир, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили.

Дунё бўйича меҳнаткашларга адолатли ва инсоний муносабатда бўлишни мақсад қилган Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форум йил бошида эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати 2008 йил сентябрида болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақида қарор қабул қилганига қарамай, ўтган йил пахта мавсумида Ўзбекистондаги 12 вилоятнинг тўққизтасида болалар меҳнатидан фойдаланилганини қайд этган.

“Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиет Уильямс¸ Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш борасида чоралар кўрилаётганини айтганига қарамай, амалда жиддий ўзгариш бўлмади¸ деган фикрда.

Уильямсга кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш учун пахтачилик соҳасини либераллаштириш ва уни тўлиқ механизациялаш лозим.

- Менимча, Ўзбекистон ҳукумати яқин йилларда пахта секторини либераллаштириб¸ етиштирилган пахтани териб олишда деҳқон ва фермерларни манфаатдор қилмагунча, пахта теришни механизациялаштириш учун тезда маблағ ётқизмагунча пахта теримига катталар ва болаларни мажбурий жалб қилиш давом этади, дейди “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Уильямс хоним.
XS
SM
MD
LG