Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:08

Яна бир фаол қўпорувчиликда айбланмоқда


Кузатувчилардан айримлари¸ Ўзбекистон хавфсизлик идораси Тошкентдаги шов-шувли суиқасдлар изини Қашқадарëдаги диндорлар ичидан қидираëтганидан хавотирда.
Кузатувчилардан айримлари¸ Ўзбекистон хавфсизлик идораси Тошкентдаги шов-шувли суиқасдлар изини Қашқадарëдаги диндорлар ичидан қидираëтганидан хавотирда.

Олти кун аввал ҳибсга олинган қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов қўпорувчиликни мақсад қилган гуруҳга аъзоликда айбланмоқда. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти яна бир фаолининг узоқ муддатга қамалиш эҳтимолидан хавотирда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг 10 сентябр кунги хабарномасида айтилишича, Ғайбулло Жалилов қўпорувчилик ташкилотига аъзоликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов бундай айблов асосида Ғайбулло Жалиловнинг узоқ муддатга қамалиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Бошида “Унга милицияга қаршилик кўрсатди¸ деган айб қўйилди” деб айтилган эди. Унга ҳозир “Қўпорувчилик ташкилотига аъзо” деган айб қўйилаяпти. Унинг диний ташкилотларга ëки бошқа жойларга аъзо эканлигини билмайман. Ғайбулло Жалилов ундай жойга аъзо эмас. Аҳвол бу ерда ниҳоятда жиддий. “Қўпорувчилик ташкилотига аъзо” дейилаëтган бўлса¸ бу ерда унга нисбатан жуда катта муддатда қамоқ жазоси беришлари мумкинлиги хавфи чиқиб турибди, дейди Нодир Аҳатов.

Ғайбулло Жалилов 5 сентябр куни ҳибсга олинганига қарамай¸ дастлабки икки кун давомида Қашқадарёдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг ҳибсга олинганини инкор қилиб келишди.

Орадан уч кун ўтиб Ғайбулло Жалиловнинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Ғайбулло Жалилов ҳибсга олинган дастлабки кунданоқ унинг диний мотивлар билан қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темированинг айтишича, 10 сентябр куни унинг уйида ўтказилган тинтув пайти ҳам Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари фақат диний мазмундаги китобларни қидиришган.

- Кеча келишган.Участкавойдан иккита экан. Домкомни¸ иккита ҳамсояни чақиришди. Қолганлар МХХ нинг одамлари экан. Жами 16-18 нафар одам бўлишди. “Уйингизни тинтув қиламиз” дейишди. Мен “Яна бирор нарса ташлаб¸ хўжайинимнинг бўйнига қўйманглар” десам¸ майли дейишди. Ҳамма жойни тинтув қилишди. Ҳеч жой қолмади. Ҳаттоки ички кийимларимгача титиб кўришди. Аввал “Муҳаммад Расулуллоҳ” деган кино бор эди, ўша кинонинг диски бор эди. Ўша дискни¸ Қуръоннинг ўзбекча таржимасини¸ менинг телефонимнинг сим картасини битта пакетга солиб¸ менга кўп жойларга қўл қўйдириб¸ олиб кетишди, дейди Муқаддас Темирова.

Ғайбулло Жалиловнинг укаси Ғайрат Жалиловга кўра, унинг ва бошқа яқинларининг айбланувчи билан учрашишларига рухсат беришмаяпти.

- Акамни Бешкент шаҳридаги милицияхонага ўтказишган. Бугун бизлар онам билан бордик. Киргани ҳам¸ кўргани ҳам қўймади. Бирор егулик берамиз десак ҳам олмади. Ким билан гаплашиш керак¸ қаерга бориш керак билмаймизда биз буни. Милицияхонага борамиз¸ киргани ҳам қўймайди¸ ҳеч нарса демайди. Кутиб-кутиб ҳозир келдик онам билан, дейди Ғайрат Жалилов.

Қашқадарёдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши борасида бирорта маълумот олиш имкони бўлмади.

Нодир Аҳатов Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олинишини Анвар қори Турсуновга уюштирилган суиқасд билан боғлайди.

- Ғайбулло Жалилов бу ерда биринчи қамалган одам эмас. Анвар қори пичоқлаб кетилди¸ дега гап чиққанидан кейин Қашқадарëда ниҳоятда кўп диний одамларни ушлаб кетишди. Ҳатто шундай ҳолатлар бўлдики¸ қочиб кетган намозхонларнинг ота-онасини¸ оила аъзоларини милиция ходимлари гаровга олиб кетди. Анвар Раҳматов деган бола орқасидан пойлаб юришганини билган ва қочиб кетган. Кейин унинг отасини¸ онасини ва қорнида уч ойлик ҳомиласи бор аëлини гаровга олиб кетди. Ғайбулло Жалиловнинг ўзига ноқонуний ҳаракат милициянинг ўзидан бўлди. Яъни кўчанинг ўзидан ўғирлаб кетиб қўя қолишди, дейди Нодир Аҳатов.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов эса Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши Тошкентда 29 август куни бўлган отишмалар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Ўша ота-бола Қашқадарë вилоятидан бўлган. Шунга Қашқадарë вилоятидан кўпчилик қамалаяпти. Шулар қаторида Ғайбулло Жалилов ҳам қамоққа олинган. Ўзбекистон ҳукуматидан бу нарсани кутиш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати азалдан терроризм баҳонасида¸ терроризмга қарши кураш баҳонаси остида кўпинча демократик мухолифат вакиллари, диний вакилларга нисбатан сохта жиноятлар очиб¸ сохта айблар билан уларни 10-20 йилларга қамаб юборади. Шу жумладан, Жалиловни ҳам Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айблашга ҳаракат қилаяпти. Унинг уйида тинтувлар ўткалазилган. Қуръон¸ ҳадис ва бошқа нарсалар топилган. Ўзбекистон ҳукумати Жалиловни кўп муддатга қамамоқчи бўлса керак, уларнинг ҳаракати шунга ўхшаяпти, дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли сифатида фаолият кўрсатиб келган.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг саккиз фаоли қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётир.
XS
SM
MD
LG