Линклар

Афғонистон: сайлов натижалари кутилмоқда


Афғонистон мустақил сайлов комиссиясининг 20 август кунги президент сайлови якуний натижаларини эълон қилиши кутилмоқда.

Бироқ Афғонистондан келаётган хабарларга кўра, сайлов натижаларининг эълон қилиниши овоз бериш жараёнида қайд этилгани айтилаётган жиддий қонунбузарчиликлар туфайли кечиктирилиши мумкин.

БМТ ҳомийлигида тузилган шикоятларни ўрганувчи махсус қўмита пайшанба куни мамлакат бўйлаб 83 та сайлов участкасида берилган овозларни бекор қилди.

Ҳамид Карзайнинг овозлар бекор қилинган вилоятларда яхши натижага эришиши кутилаётган эди. Эндиликда, агар шикоятларни ўрганувчи қўмита яна айрим сайлов участкаларида берилган овозларни бекор қилса, Ҳамид Карзай тўплаган овозлар 50 фоиздан тушиб кетиши ва сайловнинг иккинчи босқичи эълон қилиниши мумкин.

Сешанба куни Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси ўтган президентлик сайловларида иқтидордаги президент Ҳамид Карзай 54 фоиз¸ унинг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса 28 фоиз овоз йиққанини эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG